Ўзбекистонда махсус навли картошка етиштирилади

Бозор

"Шарқ" компанияси вилоятларда ўз филиалларини очиб картошка етиштириш билан шуғулланади. Концернга бу ишда Фанлар академияси ва "Агровер" масъулияти чекланган жамият ёрдам беради. Бу ҳақда "Ахборот" дастурига таяниб kun.uz нашри хабар берган.

Картошка етиштириш ҳақида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида маълум бўлган.

"Ўзбекистон ҳавоси, иқлими, қўли гул деҳқонларининг меҳнатини ифода этадиган бизга картошка супер элита ва элитаси керак. Мана шуни "Шарқ" концерни таклифлари билан ўтириб, ҳар бир вилоятда лаборатория, институтнинг филиали, "Агровер", Фанлар академияси, "Шарқ" концерни. Учови таъсисчи бўлиб "Картошка ишлаб чиқариш илмий маркази", 15 куннинг ичида Вазирлар маҳкамасининг қарори чиқиши керак-да, ҳар бир вилоятда сизларнинг филиалларинг бўлиши керак. Бу давлат сиёсати. Бу кичкина нарса эмас, бу - нон", - деган Шавкат Мирзиёев "Ахборот" дастури орқали.

Президентнинг сўзларидан аён бўлишича, "Шарқ" компанияси картошканинг "супер элита" навини етиштириш бўйича Президентга таклиф берган. Ижтимоий тармоқларда "Шарқ концерни матбаа компранияси эканлиги айтилган ва бу қарордан кўпчилик хайрон қолган. Бироқ "Ахборот" дастурида қайси "Шарқ" назарда тутилгани айтилмаган.

Айримлар "Шарқ" концерни Самарқанд вилоятидаги алоҳида корхона эканлигини айтмоқда.

Ташкилот таклифи билан ҳар бир вилоятда лаборатория ташкил қилинади. Уларга Фанлар академияси ва "Агровер" масъулияти чекланган жамият ёрдам беради.

Президент тилга олган "Агровер" фирмаси тўғрисида интернетда маълумот жуда ҳам оз. Уларнинг сайти деб кўрсатилган agrover.uz ишламаяпти ва ҳамкор ташкилотларида кўрсатилган телефон рақамлари терилганда жавоб бўлмади.

Аммо Тошкент вилояти Зангиота туманида рўйхатдан ўтган ушбу фирманинг қишлоқ хўжалик маҳсулотлари импорти билан шуғулланишини англаш мумкин.

Хорижда бир нечта фирмалар билан ҳамкорлик қилган ва турли махсулотларни импорт қилган. Шулардан бири Украина орқали 60 тоннадан ортиқ қалин темир тросснинг Ўзбекистонга божхона тўловларидан озод ҳолда импорт қилинганини кўриш мумкин.

Яна бир сайтда фирманинг картошка маҳсулотлари техникаси билан шуғулланувчи хориж фирмаси билан ҳамкорлик қилганини билиш мумкин.

Картошка тақчиллигида давлат айбдорми?

Ўзбекистонда бу қиш-баҳор мавсумида картошка тақчиллиги сезилди. Бу каби муаммолар мамлакатда вақти-вақти билан содир бўлиб туради.

Олдингиларидан фарқли равишда бу сафарги картошка тақчиллиги муаммоси Президент эътиборига тушгани ва у ҳақда очиқ гапирилганидир.

Бироқ расмийлар картошка тақчиллигига нима сабаб бўлгани борасида фикр билдирмайди.

Кузатувчилар бу сафарги тақчилликка айнан давлат томонидан аралашув сабаб бўлганини айтишади. Ўтган йили Ўзбекистонда картошка сотиб олиш бўйича давлат буюртмаси йўлга қўйилган эди.

2016 йилнинг 12 апрел куни Президент Ислом Каримов "Мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка ва полиз эканларидан фойдаланиш ҳамда сотиб олиш тизимини такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида" қарор чиқарган.

Қарордан мақсад ушбу маҳсулотларни қиш-баҳор мавсумида узилишларсиз таъминлаш ва уни экспорт қилиш учун йиғиш эканлиги ёзилганди. Унга кўра, деҳқонлардан бозор нархларида сотиб олинган маҳсулотлар қайта ишланиши керак эди.

Қарор бўйича ушбу экинларни етиштирувчилар ва унга доир техникаларни четдан олиб келувчиларга имтиёзлар берилиши назарда тутилган.

Бироқ амалда айнан картошка таъминотида узилишлар рўй берди. Унинг бир килоси айрим жойлардла 4500 сўмдан ҳам сотилди.

Ҳукумат ушбу тақчилликка барҳам бериш ниятида хориждан валютага картошка импорт қилишга мажбур бўлди.

Кузатувчилар бозорга давлат томонидан аралашув мана шу каби муаммоларни келтириб чиқаришини айтишади.

Айримлар бу каби аралашувларнинг асл мақсади баъзи доираларнинг манфаати учун ҳам амалга ошишини айтиб келишади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ