Каримовнинг сўзлари мақбарасига арабча ёзилади

Каримовнинг мақбараси сурати Фото муаллифлик ҳуқуқи youtube
Image caption Каримовнинг мақбараси сурати

Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Ислом дини ва ҳаёт ҳақида айтган гаплари унинг мақбарасига араб тилида ёзиб қўйилади. Мақбарани Миллий гвардиянинг 10 нафар аскари доимий равишда қўриқлаб туради. Кузатувчилар диндорларга нисбатан тазйиқ ўтказган ва ҳатто масжидларда Қуръондан савод чиқаришни тақиқлаган одамнинг мақбарасига сўзларининг араб тилида ёзиб қўйилиши синоатини тушунмаяпти.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 14 апрел куни Самарқанд вилоятига ташрифини Ислом Каримовнинг қабрини зиёрат қилиш билан бошлагани айтилмоқда.

Мирзиёев Ислом Каримовнинг мақбарасини қуриш ишлари билан яқиндан танишган ва унга ўз фикрларини билдирган. "Ахборот" дастурида кўрсатилган хабардан маълум бўлишича, Мирзиёев Каримовнинг мақбараси диндорлар илм оладиган жой бўлиши кераклигини урғулаган.

"Бу маскан, Амир Темур бобомиздан кейин иккинчи зиёратгоҳ. Агар давлатимизни, ватанимизни, тарихимизни, ўзлигимизни англаш нуқтаи назаридан, мустақил Ўзбекистонимизнинг биринчи Президентини тараннум этадиган бўлсак, ичдан ҳис қилсак, мана шу ерда Ҳазрати Ҳизр зиёратгоҳида жуда катта илм-фан нурини яратишимиз керак. Келган ҳамма ёшлар, Исломга алоқаси бор одам ўзига билим олиб кетсин", - деган Мирзиёев

Президент мақбара атрофида баланд айвон билан ўралиши ва унинг ичига гилам тўшаб қўйиш таклифини берган. Қиблага қараб ўтирадиган қилиш кераклигини ва айвоннинг ичида Қуръони Каримдан ёзув бўлиши лозимлигини урғулаган.

Мирзиёев Ислом Каримовнинг гапларини ўзининг мақбарасига араб тилида ёзиб қўйиш кераклигини айтган.

"Ислом Абдуғаниевич шу 25 йил ичида нималар ҳақида айтган, Ислом тўғрисида, ҳаёт тўғрисида, ватан тўғрисида, араб тилида ёзиб қўямиз. Лекин тагида Ислом Каримов деб ёзилган бўлади. Айтган гаплари Ислом қадриятлари ва Ислом илми билан ҳамоҳанг эканлигини билдиришимиз керак. Келган одам, мусулмон одам ичида ўқиб ўзига жуда катта маънавият-маърифат, илм олиб кетиши керак. Бу одам ётганларида ҳам одамларга билим тарқатаяпти, зиё, нур тарқатаяпти, деган. Ўтирганда ҳам орқага қараса ҳам, ўнгга қараса ҳам ўқиши керак", - деган Президент Мирзиёев

Унинг маълум қилишича, Ислом Каримов мақбарасини Миллий гвардиянинг ўнта аскари доимий равишда қўриқлайди.

"Диндорларга тазйиқ ўтказган Президент"

Кузатувчилар умри давомида Ислом динига амал қилувчиларга нисбатан унча яхши муносабатда бўлмаган Ислом Каримовнинг сўзлари араб тилида ёзилишидан маъно кўрмаганини билдиришган.

Уларга кўра, Каримов йиллар давомида масжидлар сонини қисқартирган, у ердаги азон товушини микрофонлардан узган, масжидлар қошида ташкил қилинган Қуръон Каримни ўқитишни ўргатувчи савод курсларини ёпган. Аёллар авратини ёпиб юргани учун мактаб, университет, ишхона ва ҳатто кўчаларда ҳам тазйиқларга учрагани, камситилгани айтилади.

Мухолифат фаоли Намоз Нормўмин Каримовнинг Ислом дини ва мусулмонларга қарши репрессив сиёсати маълум эканлигини айтади.

"Ислом Каримов Ислом дини ва мусулмонларга қарши репрессив сиёсати маълумдир. Каримовнинг энг салбий катта хусусиятларидан бири ўз айтганининг тескарини қилиши эди. У динимиз ҳақида бирон яхши гап гапирса, кейин мусулмонларга қарши янги репрессиялар бошланарди", - дейди Намоз Нормўмин.

Мухолифат фаолига кўра, агар Каримов ўз қабри тепасига сўзлари араб тилида ёзилишини тириклиги чоғида билса, бунга асло рухсат бермаган бўларди.

"Каримовнинг бирон марта намоз ўқигани кўрилган эмас. Дин у ёқда турсин ўзбек тилини ҳам яхши билмас эди. Қурган, тиклаган зиёратгоҳ ва мақбараларининг ҳаммаси хўжа кўрсинга қилинди. Зотан Исломда мақбара тиклаш бидъат ва хурофат ишлардандир", - дейди Намоз Нормўмин.

Каримов ҳукмрон бўлган вақтларда минглаб одамлар диний эътиқоди сабаб қамоққа тиқилгани айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг