Сафоев: "Иқтисодий ислоҳотлар кечиктирилмаслиги лозим"

Сенат раиси ўринбосари Содиқ Сафоев Фото муаллифлик ҳуқуқи kun.uz
Image caption Сенат раиси ўринбосари Содиқ Сафоев

Ўзбекистон мулозимлари мамлакатда валюта бозорини эркинлаштириш, иқтисодни либераллаштириш ва банк тизимини такомиллаштириш каби ислоҳотлар зудлик билан амалга оширилиши кераклигини урғуламоқда. Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев иқтисодий ислоҳотларнинг кечикиши ёки уларнинг амалга ошмаслиги кўпроқ зиён келтириши мумкинлигини айтган.

Ўзбекистонда яқинда ташкил қилинган Халқаро пресс-клубда ташкил қилинган илк матбуот анжуманида Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев журналистлар саволларига жавоб берган.

Kun.uzнинг Содиқ Сафоевдан иқтибос келтиришича, Ўзбекистонда сармоявий муҳитни яхшилаш учун иқтисодий ислоҳотлар кечиктирилмасдан амалга оширилиши лозим.

"Шуни яхши тушуниш лозимки, валюта бозорини эркинлаштириш, худди иқтисодиётни либераллаштириш каби ҳам доим ўз қийматига эга. Бироқ ислоҳотларни кечиктириш ёки уларнинг умуман бўлмаслиги янада кўпроқ зиён келтириши мумкин. Бу борада аниқ тушуниш бор. Иккинчиси, банк тизимини такомиллаштириш керак. Бугунги кунга келиб у инвестицияларни жалб қилувчи самарали институтга айлангани йўқ", - деган Содиқ Сафоев.

Сенат раиси ўринбосарига кўра, Ўзбекистонда фонд бозори ҳам ички сармоялар омили сифатида деярли йўқ. Сармоявий оқимлар эса асосан тўрт вилоятга жамланган.

"Бу кўп нарса билан боғлиқ - кадрлар билан ҳам, маҳаллий ҳокимият органлари мақоми билан ҳам. Биз улардан сармоялар жалб этишни талаб қилаяпмиз. Аммо, савол туғилади - уларда бунинг учун қандай ваколатлар бор? Жойларда электр энергиясининг барқарор таъминотисиз, ахборот-коммуникация технологиялардан фойдаланишсиз бугунги кунда сармоялар жалб этиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас", - деган Сафоев.

Сафоевнинг чиқиши иқтисодчи ва кузатувчилар томонидан илиқ кутиб олинган. Ўзбекистонда конвертацияни очиш, долларнинг қора бозорига барҳам беришдек ислоҳотлар амалга оширилиши кутилмоқда.

Бироқ сўнгги жараёнлар ва белигланган режанинг амалга ошмаётгани бу борадаги ислоҳотлар кечикиши ёки умуман амалга ошмаслиги мумкин деган хавотирларни пайдо қилган.

Конвертация очилишига қарши қатламнинг фикрига кўра, сўм кескин қадрсизланиб кетиши ва бунинг натижасида маошларни миллий валютада олувчи оддий одамлар ва ўртаҳол тадбиркорлар зарар кўриши ва иқтисодий аҳвол оғирлашиши мумкин.

Бироқ конвертация очилиши тарафдорларининг айтишича, конвертация сўмнинг кескин қадрссизланиб кетишига сабаб бўла олмайди.

"Оддий бир масалани эслатиб ўтиш жоизки, доллар курсининг ўсиши муомаладаги сўм массаси ва албатта аҳолининг харид қобилияти билан чегараланган. Оддиш айтганда, масалан, 100 трлн.сўмлик пул массаси ва 10 млрд. долларлик импортга талаб шароитида, курс 10 мингдан юқори бўлиши мумкин эмас ва бу оддий математика", - дейди ижтимоий тармоқларда фикр қолдирган ўзбекистонлик.

Унга кўра, эркин конвертациянинг зиёнлари тўғрисидаги ҳар қандай сценарийлар ҳозирги етиб келган шароитда қуруқ гапдан бўлак нарса эмас.

Конвертацияга чекловларнинг бекор қилинишидан иқтисоднинг айрим сегментлари зиён кўради.

"Улар биринчи навбатда йиллар давомида самарасиз ишлаб келаётган монополиялардир. Лекин бугун Сафоев бу борада жуда тўғри гапни айтди, конвертацияни эркинлаштиришнинг балки зарарли томонлари бордир, аммо шуниси аниқки масалани яна чўзиш ва пайсалга солиш бунданда кўпроқ зиён етказади. Яна бир нарсани унутмаслигимиз керак, аҳоли айни пайтда ҳар қандай оғир реформаларга тайёр ва рози, лекин бу давр чексиз узоқ давом этиши мумкин эмас", - дейди у.

Каримов даврида муносабатлар мафкура устига қурилганмиди?

Журналистлар саволларига жавоб берган Содиқ Сафоев Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги янги ёндашувлари ҳақида ҳам гапириб ўтган.

Унга кўра, Ўзбекистон ташқи сиёсатда фаол ва ташаббускор минтақавий сиёсат ўтказишга ва қўшнилар билан дипломатия алифбосида устида муносабат қуришга ҳаракат қилиб келган. Бироқ бу нарса ҳар доим ҳам амалга ошмаган.

Қўшни давлатлар билан охирги ойларда кузатилаётган яқинликни " энг ўткир масалалар бўйича мулоқот қилишга тайёрлик", дея баҳолаган.

"Қўшнилар билан муносабатларда ҳар доим манфаатлар ихтилофи мавжуд, бу табиий ҳол. Масалаларни муҳокама қилишдан қочиш эмас, онгли муросаларни топиш - бу мамлакатимиз янги раҳбариятининг ташқи ишлардаги сиёсатини ажратиб турувчи биринчи ва энг асосий тренддир", - деган Содиқ Сафоев.

Сенат раиси ўринбосари Ўзбекистонда Президент алмашганидан сўнг кузатилаётган иккинчи тренд сифатида "йўлларнинг очилишини" мисол қилган. Унга кўра, нафақат алоқа йўллари, балки мулоқот, савдо, одамларнинг ўзаро ташрифлари учун тўсиқлар бартараф этала бошланган.

Тўсиқлар олиниши натижасида, биргина Қозоғистон билан охирги 3 ой ичида савдо ҳажми қиймат кўринишида 30 фоизга, жисмоний ҳажмда эса 40 фоизга ошган.

Сафоев Ислом Каримов даврида иқтисодий муносабатларда мафкура устувор йўналиш бўлиб қолганига ишора берган. Муносабатларда мафкура устун бўлгани сабаб қўшни Қозоғистоннинг буғдойи ўрнига олис ўлкадан буғдой сотиб олишга тўғри келган. Мирзиёев даврида ушбу хато тўғриланмоқда.

"Биз иқтисодий муносабатларнинг деидеологизацияси (мафкурадан воз кечиш) зарурлиги, қандайдир сиёсийлашувини енгиб ўтиш ҳақида кўп гапирганмиз. Бироқ бу шиор энди амалга оширила бошланди. Йиллар давомида олис ўлкалардан буғдой сотиб олганмиз, ваҳоланки уни шу вақт ичида Қозоғистондан олишимиз мумкин эди. Бугунги кунда шу сунъий тўсиқлар олинмоқда. Айниқса ҳудудлар ўртасида алоқаларни мустаҳкамлаш - бу Ўзбекистон ташқи сиёсатида мутлақ янги жиҳатдир, аввал биз бундан масофалашардик. Бугунги кунда асосланган ҳолда бунга одамлар кутаётган масалаларни ҳал қилишнинг бош дастаги сифатида қаралмоқда. Бугун Россия, Қозоғистон, Туркманистон ҳудудлари билан муносабатларимиз борган сари институционал характер касб этмоқда", - дея Сафоев сўзларидан kun.uz нашри иқтибос келтирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ