Ўзбек-тожик чегарасидаги ҳодисада ким айбдор?

ўзбек чегарачилари Фото муаллифлик ҳуқуқи Sputnik

15 апрель куни Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасида қуролли ҳодиса юз берган. Натижада ўзбек чегарачилари тожикистонлик чўпонни отиб ўлдирган. Ҳодиса юзасидан икки томон вазиятни турлича талқин қилмоқда ва бир-бирини айбламоқда. Чегарадаги тортишув Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида алоқалар қайта жонланаётган манзарада рўй бермоқда.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати таркибидаги Давлат чегара-қўриқлаш қўмитаси матбуот хизматининг podrobno.uz сайтига берган маълумотида ҳодиса маҳаллий вақт билан соат 18:10 содир бўлгани айтилади.

2017 йилнинг 15 апрел куни соат 18:10 да Ўзбекистон Республикаси чегара хизматчилари Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани Қуруқсой аҳоли яшаш пунктида Тожикистондан Ўзбекистонга катта туёқли моллар подаси ўтганини кўришган. Ўзбек чегарачиларни қорамолларни Тожикистон тмонига қараб ҳайдай бошлагани айтилади.

"Молларни ҳайдаш вақтида чегарачиларга Тожикистон томондан уч номаълум шахс яқинлашган, улар Ўзбекистон чегарасига 50 метрча кириб боришган ва чегарачиларга молларни ноқонуний равишда ҳайдаб солаётгани учун ҳақоратли сўзларни ишлатган тарзда норозилик билдирган. Чегарачилар билан жанжал чиқаришга уринишган. Чегарачиларнинг Тожикистон Республикасига қайтиб ўтиш талабига бўйсинишмаган ва пичоқ, таёқлар билан Ўзбекистон Республикаси чегарачиларига ҳужум қилишган", - дейилади чегара хизмати берган маълумотда.

Хабарда айтилишича, шахсий хавфсизликни ҳимоя қилиш, ҳужумни қайтариш ва қурол эгаллаб олишнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида кўрсатилган тартибда қурол ишлатилган.

Натижада Тожикистон фуқароси Турсунзода тумани, Шулум қишлоғидан Аслиддин Адбужаббарович Шоимов олган жароҳатлар натижасида ҳалок бўлган. Қолган икки киши Тожикистон ҳудудига яширинишга муваффақ бўлган.

Ўзбекистон чегара хизматининг маълум қилишича, чегарачиларга ҳужум натижасида чегарачилар бош ва бўйин қисмидан жароҳат олган. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан жиноий иш қўзғатилган.

Ўзбек томони ҳодисани муҳокама қилиш учун Тожикистон томонини чақирганини, аммо улар келмаганини айтган.

Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара қўшинлари матбуот маркази чиқарган хабарда, ҳодиса бўйича Ўзбекистон чегарачилари айбдор қилиб кўрсатилган.

Тожикистон томонига кўра, 15 апрел Душанбе вақти билан соат тахминан 17:30 да ўзбек чегарачилари Тожикистон давлат чегарасини бузиб 100 метр ичкарига киришган. У ерда молини боқиб юрган Шулум қишлоғида яшовчи Тожикистоннинг уч фуқаросига қуролли ҳужум уюштирган.

Тожикистон ушбу ҳодиса юзасидан суриштирув ўтказган.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистоннинг Қуруқсой аҳоли яшаш пункти томонида хизмат қилаётган ўзбекистонлик икки чегарачи тожикистонликлар чўпон ва молларни ушлаш учун чегарани бузиб ўтган.

"Бўлаётган ҳодисани кўрган Тожикистон фуқаролари қорамолни Тожикистон Републикаси ҳудудининг ичкарироғига ҳайдашга қарор қилишади. Бироқ кетишга улгурмасидан Ўзбекистон Республикаси чегарачилари томонидан ушланади. Қўлга олиш жараёнида улар ўзбекистонлик чегарачиларга Тожикистон ҳудудида юришганини ва уларнинг ноқонуний ҳаракати ҳақида Тожикистон Республикаси чегара заставаси бошлиғига хабар беришларини айтишади. Бу гапни эшитган ўзбекистонлик бир чегарачининг жаҳли чиқади ва "мен сенга кўрсатиб қўяман", деб уч метрлик масофадан ўқ отар қуролдан ўт очади. Натижада бир ўқ билан Тожикистон фуқароси Шоимов Аслиддин Абдужабборовични ўлар даражада жароҳатлайди, унинг ёнида турган укаси Шоимов Р. А.ни ўнг қўли ва оёғига уч марта ўқ узиб яралайди", - дейилади Тожикистон Чегара қўшинлари чиқарган хабарда.

Унда айтилишича, Ўзбекистон чегарачилари ўзларининг ноқонуний ҳаракатларини яшириш мақсадида чўпоннинг жасадини Ўзбекистон ҳудудига олиб кетади, қолганларни ҳодиса жойидан қўйиб юборади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМ каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.