Ўзбекистонда рус тилига қизиқиш кучайган

Мактаб. Рус тили дарси

Лондонда нашр этиладиган Financial Times рўзномаси ёзишича, собиқ Шўро республикалари ўзларининг тил суверенитетини мустаҳкамлашга ҳаракат қиларканлар, рус тилининг дунёдаги мавқеи кескин пасайиб бормоқда.

Натижада рус тилининг дунёдаги ўрни 20 йил олдингига солиштирганда тушган, деган хулосага келган Financial Times мухбири Стив Жонсон.

Бу нарса Президент Владимир Путиннинг Украина ва Суриядаги вазиятга ҳарбий аралашув билан собиқ қудратли давлатнинг дунё саҳнасидаги обрўсини қайта тиклашга ҳаракат қилаётганига қарамасдан, Россиянинг таъсир доираси пасайиб бораётганини ҳам кўрсатади, дейилади "Рус тили постсовет инкор билан юзма-юз келмоқда" деб номланган мақолада.

Миллий сўровлар ва БМТ маълумотларига кўра, бу жараён ҳаммадан ҳам кўра тез Қозоғистонда юз бермоқда. Бу мамлакатда 1994 йили ўз хонадонида рус тилида сўзлашадиганлар аҳолининг 33,7 фоизини ташкил этган бўлса, 2016 йили бу рақам 20,7га тушган. Ҳойнаҳой, бу тенденция бундан кейин ҳам давом этади, чунки яқинда Қозоғистон Президенти Лотин алифбосига ўтилиши ҳақида эълон қилди, деб ёзади рўзнома мухбири.

Эстония ва Латвияда рус тилини ўзининг она тили деб айтган фуқароларнинг сони 10 фоиз камайган, бунга ўхшаш манзара Украинада ҳам кузатилмоқда. Русийзабон аҳолининг сони Озарбайжон, Литва, Туркманистон ва Ўзбекистонда ҳам қисқарган.

2008 йилдаги Россия билан урушдан кейин Грузиядаги рус тилида сўзлашадиган фуқароларнинг сони 1,1 фоиз камайди, собиқ президент Михаил Саакашвили эса мактабларда иккинчи тил сифатида ўқитиладиган рус тилини инглиз тили билан алмаштиришга топшириқ берди.

Macro-Advisory консалтинг ширкати катта шериги Крис Уифернинг тушунтиришича, "бу мамлакатлар Совет режими асирлигида эдилар, озод бўлганларидан кейин эса бу асирликни ёдга солиб турадиган ҳамма нарса, шу жумладан, тилдан ҳам озод бўлишни хоҳладилар".

Крис Уифернинг айтишича, собиқ Шўро мамлакатлари Россиянинг маданий ва энг аввало сиёсий таъсиридан узоқлашиш, шунингдек, Россия тарғиботи ва янгиликлари ўзларининг ички ишларига аралашишидан хавотирланганлари учун рус тилидан воз кеча бошладилар.

Фақатгина бир мамлакат - Беларусдагина бошқаларидан фарқ қилади. 1994 йили Беларусда аҳолининг ярмидан сал кўпроғи рус тилини ўз она тили деб билган бўлсалар, 2016 йили бу рақам 71 фоизга етган.

Бу Беларусда рус тилини иккинчи давлат тили деб эълон қилиш ҳақидаги референдумни ташкиллаштирган Президент Александр Лукашенконинг хизматидир.

Ўзбекистонда-чи?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AKORDA.KZ

Financial Times таҳлилида айтилганидек, Ўзбекистон ҳам мустақилликдан кейин Россия етакчилигидаги сиёсий ташкилотлар аъзолигига эҳтиёткорлик билан ёндашиб келди.

Марҳум президент Ислом Каримов собиқ СССР ўрнида барпо этилган Мустақил Давлатлар ҳамдўстлигидан ташқари Россиянинг ОДКБ, ЕВРАЗЭС сингари ташаббусларига қўшилмади.

Шўро замонини эслатадиган номлар, тадбирлардан воз кечилди.

Хусусан, 9 май - Ғалаба байрами Хотира ва Қадрлаш куни деб ўзгартирилди.

Маорифда ҳам рус тили дарслари камайтирилди.

2000 йилларда рус тилининг жамиятдаги роли ҳам пасайганини кўриш мумкин эди.

Бироқ сўнгги йиллардаги вазият Ўзбекистонда рус тилидаги мулоқот, рус тилининг жамиятдаги ўрни яна кўтарилганини намоён этмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи stroycenter.uz

Мисол учун, Тошкент шаҳри ва бошқа йирик шаҳарларда янги фаолият бошлаган хусусий корхона, дўкон ёки тамаддихона пештоқига "Мы открылись" деб эълон бериш урфга айланган.

Буни турли миллат вакиллари истиқомат қиладиган шаҳарда нафақат ўзбеклар, балки бошқа миллат вакилларига мансуб мижозларни жалб қилиш истаги билан тушунтириш мумкин.

Рус тилига қизиқиш - ўзбек тилидаги таълимсифати кўрсаткичи

Ўзбекистонда ўзбек ва рус синфларида таҳсил оладиган икки боланинг дарсликларини солиштириш билан қайси болага сифатлироқ билим берилишини тушуниб олиш қийин эмас.

Ўзбекистон: мактабларда ҳамон Россия дарсликларидан фойдаланилмоқда

Мамлакатда деярли ҳар йили турли фанлар бўйича турли синфлар учун дарсликлар нашр қилинади.

Мисол учун, ўтган йили вазирлик томонидан мажбурий деб кўрсатилган ўзбек мактабларининг 6-синфи учун тарих дарслиги бу йил ўзгартирилгани ҳолатлари кўп юз берди.

Ота-оналар ва ўқитувчилар фикрича, сифатсиз дарслик ўзбек мактабларида таълим оладиган боланинг билимига салбий таъсир кўрсатиб келаётган бир неча омиллардан биридир.

Шу боис, ўзбек мактабига солиштирганда рус мактабида бола яхшироқ таълим олади, деган қараш устун ва имконияти бор ота-оналар фарзандларини рус мактабларига бераётганлари ҳақиқат.

Рус тили - малакасиз бўлсангда яхши маош кафолати

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA NOVOSTI

Ўзбекистондаги маошларнинг озлиги миллионлаб инсонларни хориждан даромад қидиришга ундади ва кўпчилик Ўзбекистондаги ўқитувчи билан Россиядаги фаррошнинг мояналарини солиштириш натижасида шимолий ўлкадаги муҳожирликни афзал кўрдилар.

Охирги йилларда Россия ҳукумати мигрантлардан рус тили имтиҳонларини топширишни талаб қилгани ўз юртида кафолатли яхши даромад манбасини тополмаган ўзбекистонликларни рус тилини ўрганишга мажбур этди.

Бугунга келиб рус тили Ўзбекистонда ёшлар энг кўп ўрганаётган хорижий тилга айланди, дейди Тошкент шаҳрида ўқув маркази ташкил қилган Абдумалик Салиев.

Пойтахтдаги кўп сонли ўқув марказларида бўлгани сингари бу марказда ҳам хоҳловчиларга бир неча тиллардан пуллик сабоқлар берилган.

Рус тилига қизиқиш нега ортгани ҳақидаги кузатишлари билан Абдумалик Салиев.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Ўзбекистонда фаолият юритадиган ўқув марказларида ёшлар энг кўп ўрганаётган тил рус тили.

Сиз бу ҳақда нима деб ўйлайсиз?

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ