Матбуотда урилган амалдор ишдан кетди

агентлик Фото муаллифлик ҳуқуқи kun.uz

Улуғбек Назаров Ўзбекистон янги тарихида матбуотда кескин танқидлар ортидан лавозимидан четлатилган биринчи ҳукумат мулозими бўлган. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Жанубий Кореяга ишлашга кетиш учун ўтказилган рўйхатга олиш ва тест синови натижаларини бекор қилди ва улар қайтадан янгича тартибда ўтказилади.

Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбари Улуғбек Назаров Ўзбекистон янги тарихида матбуотдаги кескин танқидлар ортидан ишдан кетган илк раҳбар бўлди. Бу маълумотни Би-би-си Ўзбек хизматига агентлик қабулхонасидаги ходима тасдиқлади.

Ташқи Меҳнат миграция агентлиги қабулхонасидан ходиманинг Би-би-сига айтишича, Улуғбек Назаров ишдан "бўшатилди". Ходима бошқа маълумот бермади.

Олдинроқ агентлик Жанубий Кореяда ишлаш учун номзодларни саралаш тартиби натижаларини бекор қилгани ҳақида ташқи миграция агентлигининг Facebook даги саҳифасида хабар чиққан эди.

Агентлик "норозиликлар" сабаб рўйхатга олиш жараёнини бекор қилганини ёзган.

"Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги шуни маълум қиладики, мазкур рўйхатга олиш жараёнида юз берган жиддий техник узилишлар, Кореяда меҳнат фаолияти юритишни истовчи талабгорлар билимини синаш жараёни қатнашчилар орасида кўплаб англашилмовчиликлар ва норозиликларига сабаб бўлганлиги туфайли рўйхатга олиш натижалари бекор қилинади", - дейилади агентлик хабарида.

Корея Республикасида меҳнат фаолиятини амалга оширишни истовчи фуқароларни рўйхатга олиш ва анкета тўлдириш жараёни янгича мукаммаллаштирилган тартибда қайтадан ўтказилиши маълум қилинган.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ушбу бекор қилишларни матбуотнинг кучи сифатида баҳолашган ва ўз хурсандчиликларини билдиришган.

Тинимсиз танқидлар

Ўзбекистондаги kun.uz нашри ва блоггер Санжар Саиднинг агентлик фаолиятини тинимсиз танқид қилаётган эди.

Kun.uz да бу борада 10 атрофида турли мақола ва хабарлар чиққан. Унда агентлик томонидан тузилган саволларнинг ўта мураккаб ва беъманилиги, онлайн тест топшириш жараёнининг яхши ишламаётгани ҳамда аҳолида бу борада пайдо бўлаётган саволларга агентлик жавоб беришдан қочаётгани ҳақида ёзилган эди.

Жанубий Кореяда ишлаш ўзбек мигрантлари орасида энг оммабоп йўналиш ҳисобланади. У ерга ишлашга кетиш учун бир неча босқичлардан ўтишга тўғри келади.

Расмий маълумотларга кўра, бу йил 90 минг атрофида одам Кореяга кетиш истагида ариза топширган. Шундан 6 минг киши имтиҳонга кириш учун рухсат олиши мумкинлиги айтилган,

Ижтимоий тармоқларда Жанубий Кореяга саралаш порасиз битмаслиги ҳақида фикрлар билан тўлиб тошган. Бироқ агентлик ушбу даъволарни рад этиб чиққан эди.

Матбуот танқиди сабаб бўшаган илк ҳукумат мулозими

Улуғбек Назаров Ўзбекистоннинг янги тарихида матботдаги кескин чиқишлар ортидан лавозимини топширган илк раҳбар бўлди. Бундан олдин 1997 йили Ўзбекистон телерадиокомпанияси раиси Зафар Ҳакимов ўша вақти Карим Баҳриев Бош муҳаррири бўлган "Ҳуррият" газетасида кескин танқидлардан сўнг ишдан олинган эди.

Шундан сўнг Ўзбекистонда турғунлик даври бошланиб матбуотнинг кучи кескин қирқилди. Танқидий мақолаларга ўрин берилмади.

2016 йил сентябр ойида Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов вафот этгани ва ҳокимиятга Шавкат Мирзиёев келганидан сўнг интернетдаги нашрларда танқидий материаллар пайдо бўла бошлади.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда "жаннатдан хабарлар берувчи дастур" сифатида танилган "Ахборот"ни танқид қилганидан сўнг унинг шаклида ҳам ўзгаришлар пайдо бўла бошлади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМ каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ