Ўзбек вазири сельфига тушди

Жасур Ҳамроев Фото муаллифлик ҳуқуқи Instagram

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири сельфи тушди. Вазир Абдулазиз Комилов билан сельфи тушишга эса, Ўзбекистондаги 'shov-shuv.uz' веб саҳифаси асосчиси, мамлакатда кўпчиликка яхши таниш журналист Жасур Ҳамроев муваффақ бўлди.

Таъкидлаш жоиз, бир ўзбек журналистининг ҳукумат вазири билан сельфи тушиши ҳодисаси Ўзбекистонда кузатилмаган воқеълик бўлади.

Сельфини 14 апрель куни ўзининг 'Instagram'даги аккаунтига жойларкан, журналист унга тагсўз ўлароқ "Tashqi ishlar vaziri Abdulaziz Komilovning ilk selfisi! Samimiy inson va haqiqiy diplomatligini yana bir bor isbotlagan rahbar!", деган сўзларни ёзиб қолдирган.

"Бу битта сельфи ҳеч нарсани ҳал қилмаслиги мумкин. Лекин мен энг аввало ўзим учун яхши хулоса қилдим: ўзгариш бизда зўр давом этаяпти. Ўзгариш, раҳбарларнинг оддий одамларга нисбатан қарашларининг ўзгараётгани, улар билан жудаям яқин бўлишаётгани мени жудаям қувонтирди ва фақат мана шу нарса кўнглимни кўтариши мумкин", - дейди журналист Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

Суҳбатдошимизнинг сўзларидан маълум бўлишича, журналист сифатида ўзида бундай имконият Ўзбекистонда яқинда иш бошлаган Халқаро пресс-клубнинг 14 апрель куни Тошкентда бўлиб ўтган давра суҳбати чоғида пайдо бўлган.

"Ўзбекистон ташқи сиёсатининг янги босқичдаги долзарб масалалари" мавзусига бағишланган бу давра суҳбатида эса, мамлакат ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевлар журналистларнинг саволларига жавоб қайтаришган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи official

"Яқинлик руҳи"

"Ҳақиқатан, халққа жудаям яқинлик руҳияти сезилаяпти. Олдин, масалан, бизда ҳамма раҳбарлар фақат хонанинг ичида ўтирволиб, буйруқ бериш ёки хонанинг ичидан ўтириб, бошқариш тизимини яхши кўрган бўлса, айни пайтда акси бўлаяпти. Ҳаммаси халқ билан яқин бўлиб, халқнинг дарди, ичи, қалбига киришга йўл топаяпти, деб ўйлайман. Мен шу руҳиятни Абдулазиз Комиловда сездим...", - дейди Тошкентдан журналист Жасур Ҳамроев.

"Ўша тадбир тугади. Яна бир қанча журналистлар ўша давра суҳбатида бера олмаган саволларини тадбирдан кейин беришга муваффақ бўлди. Шу ўринда мен ҳам (Абдулазиз Комилов билан - таҳр.) кўришиб, саломлашиб, шунчаки сельфи тушиш таклифини бердим. Энг хурсанд бўладигани - масалан, ўша пайтда Абдулазиз Ҳафизовичнинг ёнларида жудаям кўп одамлар бор эди, аммо, шунга қарамасдан, ҳеч бир эътирозсиз, самимият билан розилик билдирди ва биз суратга тушдик", - дея сўзларида давом этади у.

Журналист суҳбатдошимизнинг айтишича, ўша пайтда бу сельфининг шунчалик машҳур бўлиб кетишини хаёлига ҳам келтирмаган.

"Шунчаки, ижтимоий тармоқлардаги саҳифамда ўзимнинг дўстларим билан бўлишдим, лекин тез тарқаб кетибди", - дейди у.

"Чунки халқ кутган экан-да шунақа яқинликни. Энди, билмайман, масалан, мен ҳали Абдулазиз Ҳафизовичнинг сельфисини кўрмаганман. Шунинг учун ҳам жуда кўпчиликка қизиқ бўлган. Мана, оддий одамлар ҳам "яқинлашиб бўлмайдиган" раҳбарлар билан сельфи тушса ёки бўлмаса, суҳбатлашса, дардлашса, яқинлашса бўларкан-ку, деб...Менимча, шунинг учун ҳам, жуда кўпчиликка ёқди. Бу раҳбарлар ҳам халққа яқин бўлишга тайёр эканлигининг бир белгиси бўлди, деб ўйлайман".

Нима учун айнан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан сельфи тушишга қарор қилдингиз, деган саволимизга эса, журналист, "қани, шу инсон бунга қандай ёндашаркин, деб, биринчидан, ўшанда синаб кўрмоқчи бўлдим. Ўзим учун у кишининг бир раҳбар ва инсон сифатида самимийлигини билмоқчи бўлдим. Иккинчидан, бу инсонни мен болалигимдан танийман. Дипломат сифатида у кишига, албатта, ҳурматим баланд. Ва шунчаки хоҳладим ва буни қайсидир маънода уддаладим ҳам...", - деб жавоб бераркан, ўз табассумини яшира олмайди.

"Ҳақиқатан, ҳақиқий дипломат, (у кишига - таҳр.) ўз ўрнига муносиб энг кучли дипломат сиёсатчилардан бири сифатида қарайман", - дейди шу ўринда суҳбатдошимиз қатъият билан.

"Биринчи ўзбек сиёсатчиси"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Суҳбатдошимизга кўра, ўз ҳаёти ва фаолияти давомида жуда кўп машҳур инсонлар билан сельфи тушишга муваффақ бўлган эса-да, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ўзи учун биринчи ўзбек сиёсатчиси бўлган.

Унинг сўзларидан аён бўлишича, бунгача фақат Хитойда Австралия собиқ Бош вазири билан бирга суратга тушишдан ташқари, яқиндан танишиб, суҳбатлашишга ҳам муваффақ бўлган.

Журналист Жасур Ҳамроевнинг айтишича, "сельфи анъанаси"ни ҳали яна давом этдириш ниятида.

"Агар, мана шундай бир давраларда бошқа бир раҳбарларимиз билан ҳам учрашиб қолиш имконияти бўлиб қолса, уларни ҳам бир синаб кўрамиз. "Ҳа", бўлса, ҳа, "йўқ", бўлса йўқ. "Йўқ" бўлса ҳам хафа бўлмаймиз", - дейди суҳбатдошимиз.

"Сиз назарда тутган киши Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бўлсалар ҳам?", - деган саволимизга эса, журналист, "ҳаракат қилиб кўриши"ни айтади.

"Мен юртбошимизнинг бугун қилаётган ишларига юз фоиз ишонаман. Масалан, мен фахрланиб айтишим мумкин, Марказий Осиё, ундан узоқ ёки яқин бўлган давлат раҳбарларининг ҳам бугун айнан Мирзиёевдан ўрнак олишларини истаган бўлардим. Чунки президентимиз сўзига жавоб бераётган раҳбар бўлаяпти. Масалан, мана, оддий трамвайда юриш, халқ билан бирга бўлиш, халқнинг ичига янада кўпроқ кириб бориш...Агар, Мирзиёев билан сельфи тушган тақдиримизда ҳам, биз бир нечинчиси бўлишимиз мумкин. Чунки, хабарингиз бор, Қорақалпоғистонда аллақачон бу ишни уддалаб қўйишди ва халқ бундан жуда мамнун, деб ўйлайман".

"Бугун (у киши - таҳр.) замонавий қарашларининг баландлиги мени жудаям қувонтиради. Умуман, санъатга, маданиятга, ҳаётга, ҳатто, ўша сельфилар ёки бошқа нарсалар. Шунинг учун ҳам, ўйлайманки, бу нарсани ҳам уддалаймиз, деб ўйлайман. Бўлса, бошимиз кўкка етади", - дейди Тошкентдан журналист суҳбатдошимиз Жасур Ҳамроев суҳбатимиз якунида.

Унинг энг сўнггида айтишича, ўзбек журналисти бўлган ўзи билан илк сельфиcининг бу қадар машҳурлашиб кетишига Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг муносабати ҳали ўзига маълум эмас.

Ўтган йилнинг 14 декабрь куни Ўзбекистоннинг янги президенти сифатида расман қасамёд келтирган Шавкат Мирзиёев шу йил бошида Қорақалпоғистонга ташриф буюрган.

Мамлакат янги президентининг оддий одамлар билан бемалол сельфига тушаётгани акс этган видеотасвирлар эса, илк бор унинг айни шу сафари чоғида интернетда бўй кўрсатганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМ каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.