Ӯзбекистон - Тожикистон: муз эридими?

Мустақил журналист, Тожикистон

Тожикистон Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Sport

Ӯзбек ва тожик тадбиркорлари Тожикистон пойтахти Душанбеда ӯзаро ҳамкорлик ҳақидаги 20 га яқин ҳужжат имзолашган. Мазкур шартномаларнинг қиймати 35 миллион доллардан ортиқроқ эканлиги билдирилган. Икки мамлакат ўртасида савдо айланмаси бир йилнинг ичида 6 баробарга ошган. Бироқ одамлар бундан ҳам кўпроқ яқинлик бўлишини исташади.

Жумладан, Ӯзбекистоннинг «Ӯзавтосаноат» автомобилсозлик ширкати Тожикистонннинг «Лесинвест» ва «Тожмоторс» ширкатлари билан имзолаган шартномага кӯра қӯшни мамлакатга ӯз маҳсулотларини етказиб беради. Икки йил давомида Тожикистонга 1,8 миллион АҚШ долларига тенг ӯзбек автомобиллари етказиб берилади. Бундан ташқари, «Ӯзавтосаноат» бошқа тожик ширкатлари билан автоқисмлар етказиб бериш борасида келишувга эришган.

Тожикистонлик маҳаллий кузатувчиларга кӯра Тожикистон йӯлларида дунёнинг турли мамлакатларида, жумладан, Олмония, АҚШ, Япония, Швецияда ишлаб чиқарилган хилма-хил тамғадаги автомобилларни учратиш мумкин бӯлса-да, ӯзбек автомобилларига бӯлган талаб ҳам мавжуд.

Қӯшнингда бӯлса-ю, узоққа югурсанг!

Аммо кузатувчилар фикрича. Ӯзбекистонда ишлаб чиқариладиган минерал ӯғитларни Тожикистонга еткзиб бериш борасида тузилган шартнома айниқса деҳқонлар учун қӯл келади. Эслатиб ӯтиш жоиз, «Ӯзкимёсаноат» ҳиссадорлик жамияти Тожикистонга турли хилдаги минерал ӯғитлар етказиб беришга оид 5 та шартномага имзо чеккан. 2017-2018-йилларни қамраб оладиган бу шартномалар қиймати 28,4 миллион долларга тенг эканлиги маълум этилган.

- Бундан ӯн йиллар олдин биз минерал ӯғитларни қӯшни Ӯзбекистондан олиб келардик. Ӯзбекистонда ишлаб чиқариладиган минерал ӯғитлар бошқа мамлакатлардагига нисбатан арзон, сифати ҳам яхши, устига йӯл яқин эди. Агар, Россиядан келтириладиган минерал ӯғитга сарфланадиган маблағ билан солиштирганда, Ӯзбекистоннинг бу маҳсулотлари бизга анча арзонга тушарди, - дейди Бобожон Ғафуров туманидаги деҳқончилик хӯжаликларидан бирининг раҳбари.

- Лекин кейинчалик бизга маълум бӯлмаган сабабларга кӯра қӯшни мамлакатдан минерал ӯғит келтириш камайиб кетди. Шундайгина кӯздек қӯшнингда бӯлса-ю, узоқ-узоқларга югурсанг, одамга алам қиларкан, - дейди у сӯзида давом этиб.

Image caption Ўзбекистондан Тожикистонга қишлоқ хўжалик техникаси кириб келиши мумкин

Фақат бу хӯжалик раҳбари эмас, балки биз суҳбатлашган бошқа деҳқонлар ҳам қӯшни Ӯзбекистон билан иқтисодий муносабатларнинг яхшиланиши минерал ӯғит борасидаги кӯп муаммоларини ҳал этиши мумкинлигини айтишди.

Барибир, ӯзингда бӯлгани яхши

Ӯзбекистонлик тадбиркорлар билан қӯшни мамлакатга қурилиш ашёлари етказиб бериш борасидаги келишувларга эришилгани ҳақида гапирилар экан, тожикистонлик қурувчилар кейинги йилларда Тожикистоннинг ӯзида ҳам бу соҳада олдинга силжишлар юз бераётганлигини таъкидлашди. Олдинлари қурилишдаги энг муҳим ашёлардан бири - цемент Ӯзбекистондаги Бекобод, Кувасой, Навоий каби цемент заводларидан келтириларди. Ӯзбекистон билан орадаги совуқлашишлар боис цемент Қозоғистон ва Қирғизистондан келтирила бошланди. Тожикистон Шимолида Хитой билан йирик цемент қӯшма заводининг ишга туширилиши четдан бу маҳсулотнинг келтирилишини кескин камайтириб юборди. Қайтага янги завод маҳсулотлари ӯз сифати билан қӯшни мамлакатлар эътиборини тортди. Ҳозирда бу заводда тайёрланаётган цемент Ӯзбекистон ва Қирғизистонга юборилмоқда.

Сўғд вилояти Раиси матбуот йиғинида бу ҳақда гапириб, рақамларни келтирар экан, журналистлардан бири иккинчисига пичирлаганди: «Барибир, ӯзингда бӯлгани яхши!»

Патенти борлар қувончи

Шимолий Тожикистон бозорларида, дӯконларда Ӯзбекистонда тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотларини тез-тез учратиш мумкин. «Ӯзбекозиқовқатхолдинг» ширкати ва Тожикистоннинг «Иқтидор» ширкатлари орасида тузилган шартнома амалга оширилса, Тожикистонда қӯшни мамлакатда тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотлари сотилиши кӯпайиши шубҳасиздир. Мазкур шартнома 2 миллион доллар қийматга эга.

- Бизга фирмалар Тошкентда тайёрланган конфетларни ҳам етказиб беришади, Сифати яхши, қоғозлари чиройли, унчалик қиммат эмас. Шунинг учун бу ширинликларнинг харидорлари кӯпайиб бораётир, - дейди Хӯжанддаги машҳур «Пайшанбе» бозоридаги ширинликлар билан савдо қиладиган дӯкон сотувчиси Шафоат Расулова.

Image caption Маълум кийим-кечаклар Ўзбекистондан олиб келинади

Озиқ-овқат билан савдо қиладиган дӯконлар мудирлари Ӯзбекистонда тайёрланган маҳсулотларни фирмалардан олишса, кийим-кечак билан савдо қилувчиларнинг кӯплари ӯзлари бевосита Ӯзбекистонга қатнашади.

- Аввалига Тошкентдан эркаклар костюмлари, шимларини оз-оздан олиб келардим. Дӯконимизда Ӯзбекистон ва Хитой товарлари ёнма-ён сотилади. Борган сари Хитой костюм-шимларига қараганда, ӯзбек товарларига талаб ошиб бормоқда. Тошкентлик чеварлар тиккан бежирим аёллар кӯйлаклари эса, жуда тез сотилиб кетади. Шунинг учун энди Тошкентдан кӯпроқ мол олиб келяпман, - дейди Бӯстон шаҳридаги «Сомониён» бозорида савдо қиладиган Эҳсон Жумаев.

Унинг айтишича Тожикистонда бизнес юритиш учун олган патентини кӯрсатса, Ӯзбекистонда беш кунлик виза берилар экан. «Беш кун давомида Тошкентга бориб, маҳсулот танлаб, харид қилиб қайта оламиз», дейди Эҳсон Жумаев.

Ӯзбекистондан келинлар кӯйлаклари, хӯжалик товарлари, чинни ва сопол идишлар олиб келиб сотадиган тадбиркорлар ҳам патент билан виза олиш имкони борлиги ӯзлари учун қулайлик яратаётгани ҳақида гапиришди.

Айни бир пайтда, тадбиркорлар фикрича Тожикистоннинг «Эсхата» банки ва Ӯзбекистондаги «Асакабанк» орасида ҳамкорлик шартномаси имзолангани уларнинг ишини енгиллаштириши мумкин. «Эсхата» банкидан билдиришларича, тожик тадбиркорлари Ӯзбекистонда сотиб оладиган товарлари учун банклар орқали пул ӯтказиш имкониятига эга бӯлишди. Бу эса, тадбиркорларни ӯзлари билан катта пулни олиб юриш ташвишидан халос қилади.

Икки банк ӯртасидаги шартнома фуқароларга у мамлакатдан бу мамлакатга пул жӯнатмалари юбориш имконини ҳам беради. Жӯнатмалар жуда тез ӯтади ва ишончли. Олдин бундай қулай имконият йӯқ эди.

Қалблардаги умид сӯнмасин

Ӯзаро манфаатли шартномаларнинг тузилиши Душанбеда ӯтказилган Ӯзбекистонда ишлаб чиқарилган товарлар кӯргазма-ярмаркасининг натижаси бӯлди. Бу кӯргазмага Ӯзбекистондаги машинасозлик, қишлоқ хӯжалик техникаси, тӯқимачилик, озиқ-овқат, дори-дармон, уй-рӯзғор буюмлари, қурилиш ашёлари ишлаб чиқариш каби соҳалар товарлари келтирилди. 1500 хилдан ортиқ маҳсулот кӯрсатилди.

- Кӯргазманинг очилиши ҳам, ӯзаро манфаатли шартномаларнинг тузилиши ҳам Ӯзбекистон ва Тожикистон орасидаги муносабатларнинг илиқлашувини кӯрсатади. Бу илиқлашув Ӯзбекистонга Шавқат Мирзиёев президент бӯлгандан кейин бошланди. Деярли чорак асрдан кейин Душанбеда Ӯзбекистон товарларининг катта кӯргазмаси бӯлиб ӯтди. Худди шундай, Тошкент ва Душанбе орасида узоқ йиллик танаффусдан кейин учоқлар парвози йӯлга қӯйилди. Буларнинг ҳаммаси қадим-қадимдан дӯст бӯлиб келган икки қӯшни халқ одамларини қувонтириб юборди, қалбларига умид солди, - дейди маҳаллий кузатувчи Аҳмад Бобожонов.

Тожикистон расмийларининг билдиришича, ӯтган бир йилнинг ӯзида икки қӯшни мамлакат орасида товар алмашуви олдинги йилдагига қараганда деярли олти баравар ошган ва деярли 70 миллион АҚШ долларига етган.

- Агар, айниқса, Ӯзбекистондан Тожикистонга табиий газ етказиб бериш тӯхтатиб қӯйилгандан кейин икки мамлакат орасидаги олди-берди ӯта камайиб кетганлигини, бу борада Россияни ҳисобга олмайлик, Ӯзбекистон Тожикистонга иқтисодий шерик сифатида бошқа қӯшни мамлакатлардан ҳам ортда қолганини айтадиган бӯлсак, янги шартномаларнинг тузилиши чинакамига қувончлидир. Лекин, ҳали одамлар қалбида пайдо бӯлган умид ҳақида гапирдик. Тожикистонлик оддий одамлар икки мамлакат ӯртасидаги визанинг бутунлай йӯқолишини, ҳеч бӯлмаганда, юмшатилишини исташади. Чунки чегаранинг ҳар икки томонида яшайдиган миллионлаб одамларни қон-қариндошлик ришталари боғлаб туради. Гарчи кейинги пайтда икки мамлакатнинг туташ, қӯшни туманларида яшайдиган одамлар учун визасиз сафар қилиш имконияти қайта тикланган бӯлса-да, бу имкониятдан кӯпчилик фойдаланиш имкониятига эга эмас, - дейди Аҳмад Бобожонов.

Кузатувчининг айтишича фақат Ӯзбекистондаги қариндошлардан таклиф шошилинчномаси келгандан кейингина ички паспорт билан қисқа муддатга қӯшни мамлакатга бориб-келиш мумкин. Шунда ҳам шошилинчноманинг ким юборганлиги, нимага юборганлиги текшириб кӯрилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМ каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ