ИШИД раҳбарларидан Абдураҳмон Ўзбекий йўқ қилинди

Абдураҳмон Ўзбекий Бағдодийнинг ёрдамчиларидан бўлган
Image caption Абдураҳмон Ўзбекий Бағдодийнинг ёрдамчиларидан бўлган

АҚШ ҳарбийлари ерда ўтказилган махфий ҳарбий амалиёт чоғида ИШИД раҳбари Абу Бакр ал Бағдодийнинг ёрдамчиси Абдураҳмон Ўзбекийнинг ўлдирилганини айтмоқда. Унинг Истанбулдаги 39 кишининг ўлимига сабаб бўлган тунги клуб ҳужуми ташкилотчиси ва Ўзбекистон фуқароси эканлигига ишонилади.

Абдураҳмон Ўзбекий Суриянинг шарқидаги Фрот дарёси қирғоғидаги Маядин шаҳри яқинида 6 апрел куни АҚШ ҳарбийларидан томонидан ўтказилган ҳарбий амалиёт чоғида ўлдирилган. Бу ҳақда АҚШ Марказий қўмондонлиги матбуот котиби Жон Томас маълум қилган.

"Бу ерда ўтказилган амалиёт эди. Унинг Истанбулдаги ҳужумга алоқаси борлигини биламиз", деган у.

Сурияда АҚШ махсус кучларининг 500 аскари хизмат қилади. Уларнинг аксари ИШИД билан урушаётган курд, араб жангчиларига ҳарбий масалаҳат ва ёрдам беради. Айрим ҳолатларда уларнинг ўзлари ҳам махсус амалиётларда қатнашиб туради.

Ҳарбийлар ўлдирилган жангарининг шахсини аниқлашган ва унинг ИШИД раҳбари Абу Бакр ал Бағдодийга яқин бўлган Абдураҳмон Ўзбекий эканлингини айтишган.

Уларнинг айтишича, Ўзбекий ИШИДни мувофиқлаштиришда ёрдам берган ва хорижий жангарилар гуруҳларини молиялаштирган. Унинг шу йилнинг 1 январ куни Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Рейна тунги клубига уюштирилган ҳужум ортида тургани айтилади.

2017 йилнинг 1 январ куни Истанбулда 39 кишини отиб ўлдиришда гумонланаётган Абдулқодир Машарипов Ўзбекистон фуқароси эканлиги айтилади.

"Исломий давлат" экстремистик гуруҳи тунги клубга ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

Гуруҳ номидан эълон қилинган баёнотда айтилишича, "халифалик аскари насронийлар бидъат байрамни қутлаётган клубга ҳужумни амалга оширган".

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМ каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio