Танқид ортидан Telegramда "антинотариус" канали очилди

Нотариусга навбат одатий ҳолга айланган Фото муаллифлик ҳуқуқи Argumentua
Image caption Нотариусга навбат одатий ҳолга айланган

Ўзбекистонда чоп этилувчи "Жамият" газетасида мамлакатдаги нотариуслар фаолиятини танқид қилинган мақоладан сўнг Telegram да "антинотариус" канали очилган. "Нотариал идорадаги найранглар" мақоласи чиққач Адлия вазирлиги текшириш натижасида порахўрлик қайд этилмаганини билдирган. Бироқ муаллифга нисбатан босимлар бўлаётгани айтилганди.

"Антинотариус" канали 21 апрел куни очилган. Канал нима мақсадда очилгани борасида ўқувчиларга изоҳ бермаган. Аммо чоп қилинган хабарлар ва маълумотлардан унинг нотариал идоралар кўрсатувчи хизматлар ҳақида одамларга маълумот етказиш мақсадида очилганини кўриш мумкин.

Канал ора-сирада сўровнома ҳам ўтказган ва унда асосан нотариал идораларнинг фаолияти ҳақида сўралган. Жавоб берувчиларнинг аксар қисми ушбу идора фаолиятидан қониқмаётганлигини билдирган.

Март ойи бошида "Жамият" газетасида нотариал идоралардаги найрангларни фош қилувчи мақола чиқди. Мақола бироз ўзгартиришлар билан tafsilot.uz сайтида ҳам чоп қилинди.

Унда Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги 11-сонли давлат нотариал идорасида мижозлардан давлат ҳужжатларидан кўрсатилганидан ортиқча пул олишга ҳаракат қилингани ёзилган. Идора журналистлар ҳужжатни тасдиқлаштиш учун белгиланган суммадан 5 баробар кўп нарх сўраган.

Журналистлар тортишувлардан сўнг ушбу нархни туширганини, бироқ ҳуқуқини билмаган бошқа мижозлардан белигиланганидан кўп пул олишда давом этилганини ёзган.

Мақолада айтилишича, нотариал идора ходимлари тушган ортиқча пулни ўзаро тақсимлашда мижозлар кўз ўнгида тортишиб қолишган.

Ўзбекистонда 2010 йилдан буён Президент қарори билан хусусий нотариал идораларнинг фаолиятига чек қўйилган.

Кузатувчилар давлат нотарил идоралари иш юритиш услуби шўролар давридаги тартибни эслатишини айтишади. Идорага иши тушганлар айрим ҳолатларда бир неча кун олдин навбат олиб қўйишига тўғри келади. Ишни олдинроқ битириш учун таниш-билиш ҳолатлари кучайгани кузатилади.

Хизматлар учун давлат томонидан белгиланган нархлар борасида очиқ ва кўзга кўринарли маълумотлар бўлмагани боис белгиланганидан ортиқча пул олиш кенг ёйилгани айтилади.

Муаллиф мақола сўнггида бу борада жамоатчилик фикрини ўрганганини ва ушбу идора томонидан "таланганлар" оз эмаслиги учун бу мавзуга яна қайтишини билдирган.

Журналистга босимлар

Бироқ 14 апрел куни мақолани кўчириб ўз сайтига қўйган Tafsilot.uz сайти юритувчиси Жамшид Ниёзов Twitterдаги саҳифасида мақола ортидан унга босим бўлаётганини ёзди.

"Мазкур мақола туфайли босим давом этмоқда. Кеча адлия вазирлиги, бугун эса шаҳар адлия бошқармасига чақиртиришди. Бормадим", - деб ёзди у.

Блоггер Санжар Саид "Журналистни ким ҳимоя" қилади номли блогпост ёзиб чиқди. Унда муаммо қолиб муаммони кўтариб чиққан шахс таъқиб остига олинаётгани ёзилганди.

"Ундан кўра нафси ўпқон нотариусларни жазолашсин, халққа етказилган зарарлар ўрни қоплансин, нотариуслардаги адолатсизликларни бартараф этиш, кўрсатилаётган сифатсиз хизматларни яхшилаш, нотариал хизматлар учун ўрнатилган давлат божлари тўғрисида аҳолини хабардор қилиш чоралари кўрилсин", - дейилган унда.

Санжар Саиднинг маълум қилишича, у бу ҳолат юзасидан Адлия вазирининг виртуал қабулхонасига мурожаат ҳам йўллаган.

"Унда келтирилишича текширувларда ҳамма нотариусни орқаси тоза чиққани, айбловлар ноўрин экани, вазирлик сайтида эса нотариал хизматлар ҳақида тўлиқ маълумотлар ва махсус калкулатор борлиги айтилганди холос", - деб ёзади Санжар Саид.

Блоггер ҳаммага очиқ-ойдин аён бўлиб турган, ошкора пора олинаётган вазиятда порахўрлик мавжудлигини исботлашнинг имкони, самарали механизми бўлмаса, дея савол беради.

Расмийлар Ўзбекистонда журналистларга нисбатан босим борлигини рад этиб келишади.

Яқинда фаолиятини бошлаган "Халқаро пресс-клуб" раҳбари Шерзод Қудратхўжаев ҳам Би-би-си билан суҳбатда Ўзбекистонда ўзгаришлар даври бошлангани, журналистлар танқиди учун таъқиб қилинмаслигини айтган эди.

Бироқ амалда бунинг терси бўлаётганини кўриш мумкинлиги айтилади. Би-би-си доҳил бошқа халқаро веб саҳифаларга Ўзбекистонда тўсиқ қўйилган.

"Озодлик" радиоси мухбири касбий фаолияти туфайли Хоразмдаги онасига зуғум бўлгани ҳақида айтди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМ каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ