Прокурорнинг вазифаси гараж бузиб, гузар қуришми?

гараж Фото муаллифлик ҳуқуқи kun.uz

Марғилон шаҳар прокурори шаҳардаги маҳаллалардан бирида гаражларни бузиб ўрнига гузар, болалар ўйнаш майдончаси қурилишига бош бўлмоқда. Ўзбекистонда касб эгаларининг ўз вазифалари ўрнига бошқа ишларни қилиши одатий ҳолга айланган. Касбига тааллуқли бўлмаган ишларни қилишга мажбур ўқитувчи ва шифокорлар қаторига журналист ҳамда прокурорларнинг ҳам қўшилаётганини кузатиш мумкин.

Кун.уз сайтининг ёзишича, Марғилон шаҳар прокурори Акмалхўжа Мавлонов раҳбарлигида ишчи гуруҳлар "Гулистон" маҳалласидаги эски гаражларни бузиб унинг ўрнига аҳоли учун гузар ва болалар ўйнаш майдончаси қурмоқда.

Нашр мухбири маҳаллада истиқомат қилувчилардлан бири билан ҳам гаплашган. Бувичахон Аҳмадхонова бузилаётган гаражлардан ҳеч ким фойдаланмаётганини ва замон тинч бўлгани учун машинани кўчага қўйса ҳам бўлишини айтган.

"Бу гаражлардан аҳоли деярли фойдаланмайди. Авваллари машинани сақлаш ёки уни беркитиш учун шу гаражларга муҳтожлик сезилар эди. Энди замонамиз тинч, машинани кўчага қўйиб қўйсангиз ҳеч ким тегмайди. Болаларимиз шу гаражлар томонидан ўйнаса шикасланмасин, деб қўрқиб турар эдик. Энди бу гаражлар бузилаяпти. Маҳалламиз обод бўлаяпти. Янги йўл тушади, гузар барпо этилаяпти. Болалар ўйнаш майдони қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Бизнинг маҳалламиз ҳам бошқаларникига ўхшаб кенг ва ёруғ, теккис кўчалардан иборат бўлади. Хурсандчилигимизнинг чеки йўқ", - деган Бувичахон Аҳмадхонова.

Мухбир гараж эгалари билан суҳбатлашмаган.

Муаммони жойида ҳал қилувчи журналистлар

Ушбу хабарга фикр билдирувчилардан бири "Прокуратуранинг бош вазифаси қонун ижроси устидан назорат" эканлигини айтган.

Бироқ Ўзбекистонда ўз касби қолиб бошқа вазифалар билан шуғулланишга одатга айлангани кузатилади.

Ўқитувчи ва шифокорларнинг кўча ишлари, қурилиш ва деҳқончилик ишларига жалб қилиниши ортидан бошқа касб эгаларининг ушбу тенденциядан бебаҳра қолмаётгани кўринмоқда.

Айниқса, бу ҳолат Шавкат Мирзиёев Президент этиб сайланганидан сўнг кучайгани айтилади.

Барча ривожланган юртларда журналистнинг вазифаси жамиятни бохабар қилиш ва муаммоларни матбуотга олиб чиққан ҳолда эътибор қаратиш бўлса, Ўзбекистонда журналистларнинг якка тартибда муаммоларни жойларда ҳал этиш ишларига ҳам сафарбар қилинаётганини кузатилади.

Бу ҳақда "Ишонч" газетасида туркум мақолаларни кўриш мумкин. Журналистлар жойлардаги одамларнинг муаммосини ўша ерда мутасаддиларга боғланиб ҳал қилиб беришганини ёзишган. Аммо ушбу муаммоларнинг мамлакат бўйлаб ечилиши учун уни кўтаришмаган.

"Ўзбекистон" телеканалида эфирга кетган "Мулоқот вақти" кўрсатувида иштирок этган муҳаррирлардан бири бу ҳолатни телевидение орқали айтмаса кўрсатувдан кетолмаслигини гапирди.

"Битта гапни айтмасам, шу ердан кетолмайман. Айтишим керак. Президентимиз чин маънода халқ дардини эшитиш, халқ билан мулоқот қилиш бўйича ҳаммамизга ибрат бўлаяптилар. Биз мана шу ибратдан илҳомланиб, вилоятларда ижодий ходимларимиз навбати билан бевосита мулоқотлар ўтказяпти. Бир вилоятдан 100, 200, 300 лаб фикрлар йиғиляпти. Фикрлар асосан танқидий муаммолардан иборат. Биз мана шу шикоятларнинг ҳаммасини таснифлаб, гуруҳларга бўлиб, тегишли мутасаддиларга еткиздик. Энг муҳими масалани жойида ҳал қилиш. Бу нарса газетхонга кўринмаслиги мумкин. Бу ташкилий иш", - дейди марказий газета масъулларидан бири.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМ каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio