"Диний" маҳкамалар ва қийноқлар давом этмоқда"

Қамоқхона

Ўзбекистондан келаётган хабарларга кўра, жиноий ишлар бўйича Тошкент шаҳар маҳкамасида диний-сиёсий айбловлар асосида 12 киши устидан маҳкама жараёни давом этмоқда.

Уларга Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш (Жиноят кодексининг 159-моддаси), жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш (244-1-модда), жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш (216-модда) каби қатор айбловлар қўйилган.

Бу борада Ўзбекистон Ҳуқуқ фаоллари мустақил ташаббус гуруҳи хабар бермоқда. Гуруҳ раҳбари Сурат Икромовнинг Би-би-сига айтишича, айбловлар Миллий Хавфсизлик Хизмати ходимининг, гўёки "гуруҳ ичига" сизиб кириб, улар билан қатор учрашувларда иштироки натижасида йиққан маълумотларига асосланган. Лекин Сурат Икромовга кўра, бу иш "атайин" ташкиллаштирилган.

Маҳкамада қатнашган айбланувчилар яқинлари тергов томони бирон қатъий далилларни келтира олмагани ҳақида айтадилар. Билдирилишича, айбланувчилар қийноқ ва тазйиқлар остида ўзларига алоқаси бўлмаган жиноятларга иқрор бўлишга мажбур бўлишган.

Қораловчи 12 айбланувчининг ҳаммасига 10 йилдан 15 йилга қадар қамоқ жазоси берилишини талаб қилган. Ҳукм 26 апрел куни чиқарилиши кутилмоқда.

"Ўғлим онт ичганди..."

Айбланувчилардан бири Ҳусниддин Иноғомовнинг онаси Шоҳида Иноғомова Би-би-си билан суҳбатда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ўғлининг уйига 2016 йил 19 октябр эрталабки соат 6 ларда келишгани ва тинтув ўтказишганини айтади. Кейин улар Ҳусниддин Иноғомовни ҳибс қилишган.

"Ўғлим собиқ синфдошлари ва маҳалладошлари билан ойига бир маротаба йиғилиб, ўртага пул ташлаб "гап" ўйнарди. Уларнинг ҳаммаси қўлларида касби бор, ҳунарманд болалар. Аммо ораларида ноқонунуий гуруҳга даъват қилувчи одам бўлган-у, улар дастлаб бу борада расмийларга тегишли хабар бермаганликда айбланишди. Ҳозир маҳкама қўйган айбловлар эса ўта жиддий ва асоссиз".

Унинг илова қилишича, айбланувчилар ҳимоячилари ҳам маҳкамада қўйилаётган айбловларнинг исботини топмаганини айтишган.

Шоҳида Иноғомовага кўра, тинтув вақтида қурол-яроғ ва диний адабиётларни қидирилган. Бундай ашёлар топилмаган ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари набираларининг мультфилм дисклари, ўғлининг планшети ва мобил телефонини ўзлари билан олиб кетишган. Аммо улардан бирон ноқонунуий маълумот топилмагач, қайтариб беришган.

Ҳусниддин Иноғомов 2000 йилда ҳам "Ҳизбут-таҳрир" гуруҳига аъзоликда айбланиб, 9 йилга озодликдан маҳрум этилган. 3 йилдан сўнг эса амнистияга биноан қамоқдан озод этилган.

Шоҳида Иноғомова бу вақт ичида ўғлининг фарзанди туғма юрак хасталиги билан туғилгани, набираси 1 ёшдан ўтиб вафот этганини айтади.

"Ўғлим шунда: "Онажон, мен жуда хато қилган эканман, менинг айбим билан ширин қизимиздан айрилдик, бундан буёғига мен бу каби фаолият билан умуман шуғулланмайман", дея онт ичганди. Шунинг учун унинг ҳозир айбловларда айтилган фаолият билан шуғулланганига ишониш қийин. У фақатгина оиласини яхшироқ таъминлаш, маблағ учунгина дўстлари билан пул йиғиб, "гап" ўйнаган", деди Ҳусниддин Иноғомовнинг онаси.

Унга кўра, ўғли маҳкамада айбловларга тазйиқ остида иқрор бўлганлигини айтган. Айбланувчилардан икки киши эса тергов жараёнида қўлланган қийноқлар тафсилотларини гапиришган.

"Қийноқлар давом этмоқда"

Ҳуқуқ фаоллари мустақил ташаббус гуруҳидан Сурат Икромов Ўзбекистонда янги ҳукумат қудратга келганидан бери кузатилаётган ўзгаришлар Ички ишлар вазирлиги ва Миллий Хавфсизлик Хизматига қадар етиб бормаганини айтади.

Унинг айтишича, намозхонлар ва ё бир жойда тўпланиб турли масалалар юзасидан фикр алмашган кишиларни шубҳа остига олиниши ҳамда уларни ноқонуний диний-сиёсий гуруҳлар тузишга уринишда айблаш ҳоллари ҳамон кузатилади.

МХХ ходимининг айбланувчилар орасига киргани ва айбловларга асос бўла оладиган қандай маълумотлар йиққани борасидаги саволга жавоб қайтараркан, Сурат Икромов маҳкама жараёнида бу каби далиллардан биронтаси келтирилмаганини айтади.

Бундан ташқари айбланувчилардан икки нафари очиқ-ойдин уларга нисбатан қийноқлар қўлланганини айтган ва улар ана шу қийноқлар оқибатида ўзларига қўйилган айбловларга иқрор бўлишганини таъкидлашган.

"Маҳкамада айбланувчилардан биронтаси айбларига иқрор бўлганлари йўқ ва ҳаммасини рад этишмоқда. Қўлланган қийноқлар ҳақида маҳкамада очиқ-ойдин айтишган. Масалан, Равшан Содиқов унинг бошига целофан халта кийгизиб, нафасини бўғишгани, бошқалари эса қулоқларига сим улаб электр токи билан қийнашганлигини айтишган. Шундан сўнг улар аввалдан тайёрлаб қўйилган айблов хулосаларига имзо чекишга мажбур бўлганлар".

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот тизими ва қамоқхоналарида қийноқлар мунтазам тус олганлиги ҳақида ҳамиша хавотир билдириб келганлар.

Лекин расмийлар буни рад этишади ва ҳукумат халқаро кузатувчилар ҳамда БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси мамлакатга келишига изн бермай келади.

2013 йил октябрида БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси муҳокамаси чоғида Инсон ҳуқуқлари миллий маркази раҳбари Акмал Саидов ўзини сўроққа тутган қўмита аъзоларига нисбатан ғазабнок муносабат билдирганди. У Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқлар ва сиёсий маҳбусларнинг йўқлигини айтган. Шунингдек Акмал Саидов БМТ қўмитасини Жаслиқ қамоқхонасига ҳаддан ташқари кўп эътибор қаратишда айблаганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ