Швецияда яна бир киши ҳибсга олинди

Rahmat Oqilov Фото муаллифлик ҳуқуқи Vkontakte
Image caption Rahmat Oqilov

Швеция матбуотининг полицияга асосланиб хабар беришича, 7 апрел куни Стокголмдаги ҳужумга алоқадорликда гумон қилинган яна бир киши ҳибсга олинган.

Ҳозирча ҳибсга олинган шахснинг исми ва бошқа маълумотлар ошкор этилмаган. Лекин баъзи маҳкама ҳужжатлари билан танишишга муваффақ бўлган маҳаллий рўзномага кўра, ушбу шахс «терроризм айбловлари» асосида қўлга олинган.

Айни вақтда Швеция матбуоти шунингдек, 7 апрелдаги ҳужумнинг асосий амалга оширувчиси кўрилган Раҳмат Оқиловнинг тергов жараёнида дастлаб ИШИД сафларига қўшилиш режалари бўлгани, аммо ҳужумдан бир ҳафта аввал кўрсатма олганидан сўнг ўзи ҳужумга қўл уришга қарор бергани ҳақида айтганини хабар бермоқда.

Бу ҳақда тергов маълумотларига яқин «Эхпрессен» рўзномаси хабар бермоқда.

Матбуотда Раҳмат Оқиловнинг гўёки ИШИД билан тўғридан-тўғри мулоқотда бўлиб, ҳужум ҳақидаги ёзишмаси ҳам чоп этилган.

Рўзномада айтилишича, Оқилов савдо марказига бориб урган юк машинасидаги портловчи ускуна ишламай қолганидан сўнг яраланган ҳолда ҳодиса жойидан қочишга муваффақ бўлган.

Швеция матбуоти шунингдек, тергов томонига асосланиб Раҳмат Оқилов аввал бошқа фамилия остида юргани, кейинчалик уни ўзгартирганини ҳам хабар берган.

Матбуотда ёзилишича, асли ўзбекистонлик Раҳмат Оқилов Швецияда сиёсий бошпана сўраган, унинг аризаси 2016 йили рад этилган.

Раҳмат Оқилов 2014 йили Самарқанддаги тинч намойишда иштирок этгани учун ҳибсга олингани ва қийноққа тутилганлигини даъво қилган. Яқинларидан бири терговчига пора бериб, «тинчлантирганидан» сўнг қўйиб юборилган. Шундан сўнг у дастлаб Қозоғистон, кейинчалик Швецияга қочганини даъво қилган.

Ўзбекистон мулозимлари Раҳмат Оқиловнинг мамлакатда қидирувда бўлганини айтишган.

Бу мавзуда батафсилроқ