Марказий Осиёнинг қўрқиши учун асос борми?

Мозори Шариф Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Халқаро ҳарбий таҳлилчиларнинг эътироф этишларича, Ўзбекистон билан бевосита чегарадош Балх вилоятида уюштирилган сўнгги қонли ҳужум Толибон ҳаракатининг бугун Афғонистон шимолида хаёл қилинганидан кўра катта қудратга эга эканига далолат қилади.

Устига устак жума кунги ҳужум Афғонистон Қуролли Кучларининг мамлакат шимолидаги энг йирик ҳарбий бўлинмаларидан бирининг қоқ марказида амалга оширилган ва юздан ортиқ афғон аскарининг умрига зомин бўлган, яна ўнлабини яралаган.

Ҳатто, афғон масъуллари ўзларининг ҳам эътироф этишларича, бунақаси Афғонистоннинг бу яқин тарихида кузатилмаган.

Шундай экан, шундоққина биқинларидаги бу каби вазиятдан минтақа давлатларининг хавотирланишлари учун қанчалик асос бор? - таҳлилчилар нигоҳида...

Бошқа томондан, бу каби ҳалокатли ҳужум Афғонистоннинг, йилларки, нисбатан тинч саналиб келинувчи шимолий Балх вилоятида амалга оширилган.

Ўзбекистон ва Туркманистон эса, Афғонистоннинг шимолий минтақаларига бевосита чегарадош икки Марказий Осиё давлати саналишади.

Афғонистон Толибон ҳаракати ҳали ўзининг бу йилги баҳорги амалиётларини расман эълон қилмай туриб, Балх мисолида бу қадар ҳалокатли ҳужум уюштиришнинг уддасидан чиққан.

Толибон ҳаракатининг сўнгги ҳужумига муносабат билдираркан, Лондондан Мудофаа масалалари бўйича халқаро таҳлилчи Пол Рожерс ҳам Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида масаланинг айни шу икки қиррасига тўхталиб ўтади.

"Америка Қўшма Штатларига ўхшаш давлатлар ИШИД гуруҳи фаолияти кучайиб бораётганидан хавотирда бўлган бир манзарада, Балхдаги ҳужум - Толибон ҳаракатининг бугунги қудратига далолат қилади. Устига устак, ҳали апрель эканини ёдда тутишимиз керак. Яъни жанглар шиддатлашмаган бир пайтда уюштирилди бу ҳужум. Бошқа томондан, Толибоннинг бунга ўхшаш ҳарбий базага осонлик билан сизиб киришга муваффақ бўлгани уларнинг бугун нималарга қодир эканликларини кўрсатади. Биргина расмий рақамларнинг ўзига таянилса, бу ҳужумда камида 120 киши қурбон бўлган. Буларнинг барчаси Толибон ҳануз Афғонистон ҳукумати учун катта бошоғриқ экани ва уларнинг бугун ҳам мамлакатда қанчалик катта таъсирга эга эканини англатади", - дейди таҳлилчи.

Афғонистон Толибон ҳаракатининг баҳорги амалиётларига оид баёноти эса, ҳар йил апрель ойининг ўрталарига тўғри келган.

Агар, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳисоботига таянилса, ўтган йил Афғонистон учун шундоқ ҳам энг қонлиларидан бири бўлган, 2009 йилдан буён кузатилмаган бир даражада - рекорд сонда инсоний талофат берилган.

Халқаро ташкилот эса, 3 мингдан ортиқ инсоннинг ўлимига айнан Афғонистон Толибон ҳаракатини масъул кўрганди.

Хавотирлар...

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Ҳам Толибон ва ҳам ИШИД гуруҳининг фаоллашуви назарда тутилганда, ўтган икки йил ичида айнан Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги вазият барча Марказий Осиё давлатлари қолиб, Россиянинг ҳам жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келаётган, шахсан президент Владимир Путин устма-уст баёнотлар билан чиққан, ҳатто, орада расмий Кобулга ўз кўмакларини таклиф қилган мавзулардан бири бўлади.

Худди шу вақт оралиғида Толибон ҳаракати "аксарияти Марказий осиёлик жангарилардан иборат" хорижий иттифоқчилари билан ҳамкорликда уюштирган энг йирик ва қонли ҳужумлари ҳам Афғонистон шимоли-шарқига тўғри келади.

"Толибон асосан Афғонистон жануби ва шарқида катта куч ҳамда таъсирга эга, деб кўриб келинган. Сўнгги ҳужум эса, аксарият аҳолиси ўзбеклардан иборат шимолий Балх вилоятида амалга оширилди. Бу - толибларнинг минтақага қанчалик чуқур кириб бора олгани ва нечоғлиқ "эркин нафас" олишга қодир эканига далолат қилади. Демоқчи бўлганим, Толибон бугун Афғонистон шимолида хаёл қилинганидан кўра катта қудратга эга", - дейди Лондондан таҳлилчи Пол Рожерс.

Суҳбатдошимизга кўра, Афғонистон шимолидаги воқеаларнинг бу қабила ривожи унга бевосита чегарадош Марказий Осиё давлатлари учун ҳам хавотирдан холи эмас.

"Бунинг икки омили бор. Биринчидан, Афғонистон Толибон ҳаракатининг бугунги қудрати. Иккинчиси - уларнинг Афғонистон билан шундоққина қўшни эканликлари...Яъни, биз бугун гувоҳ бўлиб турган воқеалар яқин бир неча ойнинг ўзида Толибон ҳаракати фаолиятининг жадал кучайишига далолат қилади", - дейди Пол Рожерс.

Агар, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ўтган йилги ҳисоб-китобларига таянилса, бугун афғон тупроғида жанг қилаётган жангариларнинг сони камида 45.000 кишини ташкил этади, уларнинг ярмидан кўпроғи эса, хорижликлари ҳисобига тўғри келади.

Устига устак, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши ихтиёрига ҳавола этилган мазкур ҳисобот тафсилотларидан аён бўлишича, Афғонистон Толибон ҳаракати ҳозирга келиб ўзининг эски иттифоқчиси "ал-Қоида" тармоғи билан алоқаларини қайта мустаҳкамлашнинг ҳам уддасидан чиққан.

Агар, Афғонистондаги АҚШ ва НАТО Кучлари Бош қўмондони генерал Жон Николсоннинг ўтган йилги баёнотига таянилса, ҳозир афғон ҳукумати мамлакат ҳудудининг 60 фоиздан сал ортиқроқ ҳудудини назорат қила олади, холос.

Яъни, генерал Николсонга кўра, Афғонистон ҳудудининг нақ 10 фоизи жорий пайтда Толибон ва улар иттифоқчилари қўлида, яна қолган 20 фоизи назорати учун эса, жанглар ҳануз тинмаган.

Юқори мартабали АҚШ генералининг бу баёноти халқаро ҳарбий таҳлилчиларнинг хавотирларига сабаб бўлмай қолмаган, улар бу каби воқеълик Афғонистонда 2001 йилдан буён кузатилмаганига алоҳида диққат қилишганди.

Балх, АҚШ, Россия

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Толибон ҳаракатининг шимолий Балх вилоятидаги сўнгги қонли ҳужуми эса, президент Дональд Трамп бошчилиги остидаги янги АҚШ маъмурияти ҳали-ҳануз Афғонистонга оид ташқи сиёсатини дуруст-қуруқ баён қилмаган, у ердаги ҳарбийларининг тақдири борасида ҳамон ўзининг якуний сўзини айтмаган бир пайтга тўғри келмоқда.

Бошқа томондан, толибларнинг бу каби кутилмаган амали АҚШнинг зиддига Россия Афғонистонда фаоллашиш, расман рад этиб келаётган эса-да, айнан Толибон ҳаракати билан яқинлашиш, Пентагон наздида, ҳатто қурол-яроғ етказиб бериш, "улар билан тинчлик музокаралари олиб бориш" ҳаракатида бўлган бир манзарада кузатилмоқда.

Президент Дональд Трамп расман қудратга келган ўтган уч ой ичида Россиянинг бу каби саъй-ҳаракатлари айнан генерал Жон Николсоннинг кескин танқидлари ва унга қўшимча яна қатор юқори мартабали АҚШ ҳарбийларининг Афғонистондаги ҳарбийлари сонини яна жиддий оширишга оид даъватларига ҳам сабаб бўлиб улгурган.

АҚШ томонининг айни танқид ва даъватлари манзарасида эса, расмий Кремль афғон можаросига тинч йўл билан ечим топиш учун Вашингтон истисно минтақадаги барча ўйинчи давлатлар иштирокида бир неча босқич тинчлик музокараларига ҳам мезбонлик қилишга улгурган.

Толибларнинг Балхдаги сўнгги қонли ҳужуми Россия бошчилиги остидаги пойтахт Москвада бўлиб ўтган ва Марказий Осиё давлатлари вакиллари илк бор иштирок этган ана шу музокаралар учинчи босқичидан бор-йўғи бир ҳафта ўтиб кузатилган.

Агар, расмий Кремлнинг баёнотига ишонилса, Москвадаги бу йиғин иштирокчи томонларнинг Россия бошчилиги остидаги сулҳ жараёнини давом этдириш қарори билан якунланган.

Аммо, Балхдаги 100 дан ортиқ афғон ҳарбийсининг умрига зомин бўлган ҳалокатли ҳужумдан уч кун ўтиб ҳам, на-да АҚШ, на-да Россия ва на-да бирор бир Марказий Осиё давлати раҳбаридан мазкур воқеъликка муносабат кузатилган.

Афғонистондаги АҚШ ва НАТО Кучлари Бош қўмондони генерал Жон Николсоннинг бу хусусдаги баёноти эса, фақат ҳужумдан уч кун ўтиб янграган.

Генерал Николсон Балхдаги ҳужум Толибон шафқатсизлиги ва ёвузлиги янги босқичга чиққани далолати эканини айтган.

"Сиёсий мужда"

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Балхдаги сўнгги воқеа мисолида Франциядан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов Толибон ҳаракатининг ҳар доим бу каби йирик "террорчилик" амалиётлари уюштиришга қобил эканини намоён этиб келгани, аммо ҳар гал маълум сиёсий мақсадни кўзлаган ҳолда бу каби ишларга қўл уришгани омилига диққат қаратади.

"Агар, толибларнинг олдинги баёнотларига эътибор берсангиз, уларнинг мана шу уюштираётган амалиётлари янги Америка маъмуриятига қаратилган. Яъни, биз билан сулҳу мадора қилиш лозим, бизга нисбатан ҳарбий амалиётларингни тўхтатишинг керак ва Афғонистондан бутунлай чиқиб кетишинг лозим, деган муждани бераяпти", - дейди Камолиддин Раббимов.

Айни ўринда эслатиб ўтиш жоиз, Толибон ҳаракати АҚШ президенти этиб расман қасамёд келтиришидан бор-йўғи 5 кун ўтиб, шу йилнинг 25 январь куни Дональд Трампга очиқ мактуб билан чиққан, ундан яна бир бор Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиш ва ўз тарихидаги энг узоқ бу урушга чек қўйишини сўраган.

Ҳаракат ўзининг очиқ мактуби якунида Америка Қўшма Штатлари янги президентини огоҳлантиришни ҳам унутмаган.

"Агар, Америка кучлари Афғонистонни тарк этмай, "тинчгина" яшашларига йўл қўймайдиган бўлишса, ўзларига урушишдан бошқа чора қолмаслиги ва бу уларнинг "қонуний ҳақлари" бўлиши"ни баён қилганди.

Ҳаракат АҚШ президентлигига номзодларнинг сайловолди кампанияларини ҳам "яқиндан кузатиш баробарида", Дональд Трампнинг ўтган йил 8 ноябрь кунги президент сайловидаги ғалабасига эртаси куниёқ хосан муносабат билдириб чиққан.

Ўзининг ўша пайтдаги баёнотида ҳам Американинг янги сайланган президенти Дональд Трампни Афғонистондан ўз қўшинларини "битта қолдирмай олиб чиқиб кетишга" чақирган.

"Америкаликлар бошқа давлатларнинг мустақиллиги ва яхлитлигига дахл қилмайдиган сиёсат ишлаб чиқишлари лозим"лигини баён қилганди.

Айни ўринда эслатиб ўтиш жоиз, 2014 йилги оммавий сафарбарлик ортидан, қўшни Афғонистонда қолган НАТО бошчилигидаги иттифоқ кучларининг сони 10 минг ҳарбийдан ортади.

Аммо бу аскарлардан аксариятини Америка ҳарбийлари ташкил этишади.

Уларнинг Афғонистонда қолиш муҳлатлари расман жорий йилнинг якунига қадар этиб белгиланган.

Афғонистон Толибон ҳаракати эса, аввалбошдан афғон тупроғида битта бўлса ҳам хорижий аскар қоларкан, ҳеч бир томон билан музокаралар олиб бормаслигини айтиб келади.

Расмий Москва ва бугунги Толибон

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Расмий Москванинг афғон можароси ечимида янги дипломатик воситачи бўлиш ташаббуси эса, қудратли Ғарбнинг бу йўлдаги нақ 15 йиллик ҳарбийси дохил қоришиқ саъй-ҳаракатлари иш бермаган бир манзарада кузатилган.

"Толибоннинг мана бу ишлари эса, умуман олганда, Москванинг манфаатларига хизмат қиладиган, лекин Россия томонидан расман тан олинмайдиган, қўллаб-қувватланмайдиган бир амалиёт бўлади", - дейди сиёсий таҳлилчи суҳбатдошимиз Камолиддин Раббимов.

Унинг айтишича, Россиянинг Толибон атрофида "бир неча қаватдан иборат бўлган" стратегияси мавжуд ва Толибон бир восита сифатида кўрилади.

"Албатта, толибларнинг амалга ошираётган бунга ўхшаш "террорчилик" амалиётлари Москва томонидан расмий сиёсат даражасида қўллаб-қувватланмайди. Лекин Россиянинг тафаккури шундай "трансформация" бўлдики, уларнинг узоқ муддатли геостратегик манфаатларига Толибон эмас, Ғарбнинг, Американинг Афғонистонда доимийга қолиши таҳдид, деб эълон қилинди. Демакки, толиблар бир инструмент сифатида кўрилади. Ва уларнинг қилаётган иши Ғарбга қанчалик қийинчилик туғдирса, Ғарбнинг шунчалик Москвага эҳтиёжи ошиб бориши бу - расмий Кремлни, албатта, қувонтиради..", - дейди таҳлилчи.

"Толибларнинг мана бундай "террорчилик амалиётлари", ўйлайманки, Россияни бундан кейин чўчитмайди. Россия фақатгина жим туриш орқали ёки дипломатик оҳангда, қандайдир салбий бир муносабат билдиришга бориши мумкин. Айни пайтда, унинг асосий устивор стратегик йўналиши Ғарбни Москва билан мулоқотга мажбурлаш, толиблар орқали Ғарбни, Американи Афғонистондан сиқиб чиқариш стратегияси" бўлиб қолаверади", - дея хулоса қилади бу суҳбатдошимиз.

Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбарияти эса, ўтган йил якунига қадар Россия ва Эрон билан алоқада эканига оид хабарларни рад этиб келган.

Аммо ўтган йил октябрь ойида Лондонда араб тилида чоп этилувчи "Al-Sharq al-Awsat" нашрида ҳаракат матбуот воизининг бу хусусда ўзгача мазмундаги баёноти бўй кўрсатган.

"Биз Американинг Афғонистондаги давомий ҳозирлигидан ташвишда бўлган минтақа давлатлари билан ягона бир мавқеъга келиш учун барча мақбул ва самарали усуллардан фойдаланамиз...", - дея баён қилган ўшанда Забиҳулла Мужоҳид.

Ўзбекистон, Афғонистон, Толибон

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Ўзбекистоннинг янги раҳбари Шавкат Мирзиеёв девор-дармиён қўшнилари Афғонистон масаласига илк бор ўтган йил охирида, ҳали муваққат президент экан эътибор қаратган.

Октябрь ойида Афғонистонга бевосита чегарадош жанубий Сурхондарё вилоятига қилган сафари чоғида қўшнилари билан ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш лозимлигини таъкидлаган.

"Бундан кейин ҳам меҳнаткаш афғон халқи билан...тинчлик ва осойишталикни сақлаш учун қўларидан келгунча ҳаракат қилишлари"ни баён қилганди.

Аммо муваққат президент ва Бош вазир ўзининг Сурхондарёга ташрифи чоғида Ўзбекистоннинг жанубий сарҳадларидаги чегара постларидан бирини кўздан кечиришни ҳам унутмаган. Бир вақтнинг ўзида давлат чегараларини мустаҳкамлаш чора-тадбирларини ҳам муҳокама қилган.

Сурхондарёга сафаридан икки ярим ойча ўтиб эса, Шавкат Мирзиёев расман янги президент сифатида Ўзбекистон Қуролли Кучларини янада замонавийлаштириш ва қудратини оширишга қаратилган "аниқ вазифа" ва "аниқ топшириқлар" берганига оид хабарлар олинган.

Аммо, таъкидаш жоиз, айни мазмундаги расмий хабарларда бу "аниқ вазифа" ва "аниқ топшириқлар" тафсилотлари ва берилиш сабаблари очиқланмаганди.

Франциядан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов Балхдаги сўнгги қонли ҳужум манзарасида Марказий Осиёда толиблар билан боғлиқ хавотирлар ҳар доим мавжуд бўлганини айтаркан, аммо, бошқа томондан, Толибон ҳеч қачон ташқи дунёга тўлақонли ҳужум қилиш стратегиясига эга бўлмаганини алоҳида таъкидлайди.

"Толибларнинг асосий мақсади бу - Афғонистон ҳокимияти. Толиблар билан боғлиқ асосий хавф-хатар эса, доимо Марказий Осиёдаги маълум бир кучларга Толибон Афғонистонининг ҳамкорлик кўрсатиши, жой бериши, уларни қўллаб-қувватлаши бўлиб келган. Биргина мисол - Ўзбекистон Исломий Ҳаракати. Лекин толибларнинг тўлақонли ташқи дунёга, айтайлик, Туркманистон, Ўзбекистон, Тожикистонга бостириб бориш стратегияси ҳеч қачон бўлмаган ва ўйлайманки, бундан кейин ҳам бўлиши эҳтимоли жудаям кам", - дейди у.

Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум президенти Ислом Каримов эса, ўзининг сўнгги йилларда қилган чиқишларида Афғонистон масаласида ўз ақллари билан сиёсат юритишлари ва ўзларига манфаат келтирадиган ишларни қилишларини алоҳида таъкидлаган.

Такрор ва такрор Афғонистон масаласида бетараф сиёсатларига содиқ қолишлари ва у ердаги бирор бир мухолиф гуруҳни қўллаш ниятлари йўқлигини урғулаган.

Афғонистон билан доимо икки томонлама муносабатда бўлишгани ва бундан кейин ҳам худди шу тариқа йўл тутишларини давомий равишда баён қилиб келган.

Аммо, таъкидлаш жоиз, марҳум Каримов сўнгги йилларга келиб, "ҳатто, қудратли давлатлар бўлмайдими, ҳозир дунёда ҳеч ким афғон можаросининг эртанги ечими нима бўлишини билмаслиги, мавжуд вазият ўзларини жиддий ташвишга солаётгани"ни ҳам яширмаганди.

Ўзбекистоннинг янги раҳбари Шавкат Мирзиёев, ҳали муваққат президент экан, ташқи сиёсатда марҳум Ислом Каримов "концепциясига содиқ қолишлари"ни баён қилганди.

Фаоллашув устига "фаоллашув"

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Энг сўнггида таъкидлаш жоиз, Толибон ҳаракатининг ҳалокатли сўнгги ҳужуми минтақада ўз геосиёсий манфаатларини кўзлаб, ҳам Россия ва ҳам АҚШ Афғонистонда ўз таъсирларини кучайтириш ҳаракатига тушиб қолган бир манзарада кузатилган.

Дунёнинг бу икки қудрати ўртасидаги аввал Украина, сўнгра Сурия инқирози сабаб дарз етган алоқалар республикачи янги АҚШ президенти Дональд Трамп қудратга келиши ортидан ўнгланишига оид умидлар эса, ўтган уч ойнинг ичида ўзини оқлашнинг ўрнига чиппакка чиқа бошлаган.

Айниқса, Америка Қўшма Штатлари томонидан Идлибдаги кимёвий ҳужумга жавобан Сурия ҳукумати ва Россия учун катта аҳамиятга эга бўлгани айтилувчи "Шайрат" ҳаво базасининг бомбаланиши ўзаро алоқаларни "буткул издан чиқариб юборгани" ҳар икки томон тарафидан ошкора ва расман эътироф этилган.

Бунинг ортидан, Америка ҳарбийлари Афғонистонда илк бор ўзларининг ноядровий арсеналларидаги энг йирик бомбаларини қўллашган, шарқий Нангархор вилоятига ИШИДга қарши "бомбаларининг онаси"ни ташлашган.

Бунга ҳам расмий Москванинг муносабати кескин бўлган, "бомбалар онаси"нинг ташланиши, аксинча, "Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятга салбий таъсир қилиши"ни баён қилганди.

Таъкидлаш жоиз, Афғонистон Толибон ҳаракатининг Балхдаги сўнгги қонли ҳужуми ана шу воқеалардан саноқли кунлар ўтиб амалга оширилган.

Бу ҳалокатли ҳужумнинг Афғонистоннинг, йилларки, нисбатан тинч бу вилоятида амалга оширилганини алоҳида урғуларкан, Тошкентдан сиёсий таҳлилчи Анвар Назиров, "албатта, бу - Ўзбекистоннинг хавфсизлигига зарба".

"Ўзбекистон хавфсизлигига таҳдид солаяпти ва Ўзбекистон буни тан олишдан ташқари, бунинг атрофида бўлаётган геополитик ўйинларни, Афғонистоннинг ўша мен айтган майдонга, янги Совуқ урушидан "Иссиқ" урушга ўтадиган, катта мамлакатлар ўртасидаги тортишув майдонига, қарама-қаршилик майдонига айланиши билан боғлиқ бўлган мавзуни, менимча, Ўзбекистон ҳозир нафақат англаб, тушуниб етиши, бу муаммонинг борлигини тан олиши, буни кўтариши керак", - дейди Тошкентдан сиёсий таҳлилчи Анвар Назиров Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

Суҳбатдошимизга кўра, "сиёсий нуқтаи назардан, Марказий Осиё ҳозир Афғонистон ҳудудида бўлаётган янги сиёсий нохуш жараённинг оқибатларини сезаяпти..."

АҚШ ва НАТО Кучлари Бош қўмондони генерал Николсон эса, яқинда қилган чиқишида Россия билан бир қаторда Эронни ҳам Толибон билан алоқалари учун кескин танқидлар тиғига тутганди.

Янги АҚШ Мудофаа вазири Жеймс Мэттиснинг Афғонистонга кутилмаган илк ташрифи ҳам Балхдаги ҳужумдан уч кун ўтиб кузатилган.

Кеча - душанба куни Кобулдаги матбуот анжуманида Жеймс Мэттис билан бирга ҳозир бўлган генерал Николсон яна бир бор Россия қурол-яроғ етказиб бериш дохил, Афғонистон Толибон ҳаракатини қўллаб-қувватлаётганига оид хабарларни инкор этмаслигини айтган.

Шу пайтга қадар Америка томонининг айни мазмундаги баёнотларини кескин рад этиб келаётган расмий Москва ҳозирча АҚШ ва НАТО Кучлари Бош қўмондонининг навбатдаги даъвосига бирор бир муносабат билдирмаган.

АҚШ Мудофаа вазири Жеймс Мэттиснинг ўзи эса, ўтган ой Лондонда экан, бу хусусда сўз юритишдан бош тортган.

Аммо Кобулда берган илк матбуот анжуманида Толибон мамлакат сиёсий ҳаётида иштирок этмоқчи бўлса, зўравонликлардан тийилиб, террорчиликка "йўқ", дейиши шартлигини баён қилган.

Айни ўринда эслатиб ўтиш жоиз, Америка Қўшма Штатларидан фарқли тарзда, Афғонистон Толибон ҳаракати Россия томонидан расман "террорчи ташкилот", деб тан олинган.

Жеймс Мэттис эса, Афғонистонда экан, "Россиянинг халқаро қонунларга зид ҳаракатларига қарши туришлари"ни алоҳида таъкидлаган.

Аммо, шунга қарамай, "стратегик жиҳатдан Россия билан дипломатик ҳамкорликларини давом этдиришлари"ни қистириб ўтишни ҳам унутмаган.

Россиялик ҳарбий таҳлилчиларга кўра, "ўз тарихларида кузатилмаган" ўзаро танг алоқаларига қарамай, расмий Кремль ҳам ҳалиям Америка билан тил топишса бўлади, кеч эмас, деган бир кайфиятда.

Минтақа ва манфаатлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи video

Айниқса, сўнгги йилларда ўз геосиёсий манфаатларини жадал ҳимоя қилиш ҳаракатига тушиб қолган бу икки қудратли ўйинчи мамлакат ўртасидаги ўзаро танг алоқаларнинг минтақадаги вазиятга таъсири борасида эса, ҳозирча бирор бир Марказий Осиё давлати ўз хавотирларини ошкора изҳор этиш даражасига бормаган.

Жорий пайтда Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатлари билан чегарадош шимоли ва шимоли-шарқида фаол бўлган Толибон исёнчиларининг сони минглаб экани айтилади.

Бунга қўшимча, бу минтақаларда ҳозир бўлган хорижий жангариларнинг сони эса, бир неча юзга нисбат берилади.

Улар аксариятининг 2015 йилда ўзининг минтақадаги энг яқин иттифоқчиси - Афғонистон Толибон ҳаракатидан юз ўгириб, Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига расман байъат келтирган, сўнгра яна сафларидан толибларга мойил ўзаги ажралиб чиққани айтилувчи Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари экани ишонилади.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати дастлаб Ўзбекистондаги мавжуд тузумни ағдариб, ўрнига исломий халифат барпо этиш нияти билан дунёга келган.

Икки йилча бурун марказий осиёлик катта сондаги хорижий жангарилар Толибон сафларида Афғонистоннинг Тожикистонга бевосита қўшни шимолий-шарқий Қундуз вилоятида илк бор кенг кўламли ҳужумларга қўл уришган, бундан ташқари, уларнинг толибларни янада йирик ва замонавий урушларга тайёрлашаётгани ҳам маълум бўлганди.

Афғонистонлик масъуллар эса, аксарияти марказий осиёлик бўлган бу хорижий жангариларни ўшанда ИШИД гуруҳи аъзоларига нисбат беришганди.

Яқинда Ўзбекистон Исломий ҳаракати марҳум ҳамасосчиси ва раҳбари Тоҳир Йўлдошнинг ўғли Афғонистоннинг Туркманистонга бевосита чегарадош шимолий Жаузжон вилоятининг Дарзоб туманига ўтганига оид хабарлар олинган.

Хабарларда унинг ИШИД гуруҳи номи остида Жаузжонга бевосита чегарадош Афғонистоннинг бошқа бир шимолий вилояти - Сарипулнинг Сайёд туманига келиб жойлашиб олгани ва афғон ҳукуматига қарши жанг бошлаётгани ҳақида айтилган.

Сарипуллик расмийлар, ўз таъбирларида, Ўзбекистон Исломий ҳаракати марҳум раҳбарининг ўғли Сарипул ва Жаузжон вилояти ўртасидаги минтақаларда катта молиявий имконият билан фаолият бошлаганидан жиддий ташвишларини ҳам изҳор этишганди.

Агар, бу ҳар икки вилоят масъулларининг сўзларига ишонилса, Афғонистон Толибон ҳаракати сафларида жанг қилган жангарилар ҳозир ИШИД гуруҳи байроғи остида фаолият юритишмоқда.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, ўтган икки йил ичида Толибон ҳаракати баҳорги амалиётларининг илк нишонига айланган вилоят ҳам - Афғонистоннинг Марказий Осиёга бевосита чегарадош шимолий-шарқий Қундуз вилояти бўлади.

Толибон ҳар икки гал ҳам Қундузга қарши кенг кўламли амалиётлар уюштиришнинг уддасидан чиққан, муайян муддатга бўлса-да, вилоят марказини босиб олган ва халқаро кучларнинг қўллови билан ҳам уларнинг ҳужумларини даф этиш учун афғон ҳукуматига ҳафталар керак бўлганди.

Жорий пайтда Афғонистоннинг тўққиз шимолий ва шимолий-шарқий вилоятининг аксариятида толиблар ва улар хорижий иттифоқчиларининг қайта фаоллашишга муваффақ бўлишгани ишонилади.

Бу минтақа масъулларининг мавжуд шароитдан келиб чиқиб айтишларича, жорий пайтда жангариларга қарши курашнинг ягона танлов йўли ҳарбийси бўлмоғи лозим, ҳар қандай сулҳ жараёни эса, уларнинг қайта кучайишларига хизмат қилади, холос.

Шимолий Балх вилоятидаги ҳужум сабаб, шахсан Афғонистон Мудофаа вазири ва Қуролли Кучлари Штаби Бош қўмондони расман истеъфога чиқарилган.

Таъкидлаш жоиз, Афғонистон сўнгги йилларда саҳна бўлган қатор қонли ҳужум ортидан ҳам, мамлакатда бу каби воқеълик кузатилмаган, расмий Кобул бунга ўхшаш кескин қадамга бормаганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.