Қамчиқ довонида 40 метрли кўчки ёриғи

Қамчиқ довони Фото муаллифлик ҳуқуқи Водители Ташкента

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабар тарқатишича, Фарғона водийсини мамлакатнинг қолган ҳудудлари билан боғлайдиган Қамчиқ довонидаги йўлда 40 метрли ёриқ пайдо бўлган ва довонда автотранспорт воситаларининг ҳаракатлари чекланган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматининг Би-би-сига билдиришларича, автомобиль йўлида кўчки ёриғи 22 апрель куни юзага келган.

Бунга баҳорги ёғингарчиликлар сабаб бўлган.

Кўчки ёриғи юзага келган жой довоннинг Наманган вилояти Поп туманига қарашлидир.

Ер кўчкисининг баландлиги 80 метрни ташкил қилган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматидан айтишларича, йўл ёриғи хавф туғдирадиган даражада бўлмаган.

Шундай бўлса-да, Қамчиқ довонидаги автомобиль йўлининг бир тарафида транспорт воситаларининг ҳаракатланиши вақтинча чеклатилган ва икки томонлама ҳаракат йўлнинг бир тарафида амалга оширилмоқда.

Фарғона водийсидан Тошкентга, Тошкентдан водийга қараб йўлга тушган йўловчилар 14 километрча масофани бир қаторда ўтишларига тўғри келмоқда.

Довонинг ушбу қисмида "Диққат, тупроқ кўчиш хавфи бор", "Тўхташ мумкин эмас" ва "Тўхтаб туриш тақиқланади" деб ёзилган йўл белгилари ўрнатилган, бошқа хавфсизлик чоралари кўрилган.

Кўчки юз берган жойга Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, "Қамчиқйўл" идораси, Давлат Геология кузатув қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги Йўл-патрул хизмати ходимлари сафарбар этилганлар ва йўлни автоуловлар қатнашига яроқли қилиб таъмирлаш ишлари бошланган.

Қамчиқ довони Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга бўлиб, қўшни мамлакатларга қарамликдан воз кечишга қарор қилган мамлакат раҳбарияти тоғ йўлидан автомобиль ва темир йўл қатновини ўтказган.

Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йиллариданоқ довондаги автомобиль йўлини кенгайтириш, қатнов учун қулай қилиш ишлари давом эттириб келинади.

Бир кеча-кундузда Қамчиқ довони орқали 21000 дан ортиқ автоулов ўтади.

2016 йили хитойлик мутахассислар Қамчиқ орқали 123 километрли темир йўл қатновини ўтказишга имкон берадиган тунелни ҳам қуриб фойдаланишга топширди.

Темир йўл туннелининг узунлиги 19 километр 200 метрни ташкил этган.

Ўзбек расмийлари хабар қилишларича, довонда иккинчи автомобиль туннелини барпо этиш режалаштирилмоқда.

Қамчиқда қиш фаслида кўп қор ёқади ва қор кўчкилари хавфи май ойигача сақланиб қолади.

Қор ва ер кўчкилари довонда инсоний талофатларга олиб келган ҳодисалар бундан олдин рўй берган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар