Георгий лентасими ва ё Ўзбекистон байроғи?

Фото муаллифлик ҳуқуқи kamolot
Image caption "Камолот" акцияси

Ўзбекистондаги Россия элчихонаси бу йил ҳам Георгий ленталарини бепул улашиш тадбирини ўтказишга бел боғлаган.

Хабарларга кўра, келаси ҳафта 2 майдан 5 майга қадар ўзбекистонликларга георгий лентачалари тарқатилади.

Георгий лентачаларининг Ўзбекистонда тарқатилиши ўтган бир неча йил ижтимоий тармоқларда энг кўп баҳс қилинган мавзулардан бири бўлган эди.

Ўтган йил таниқли журналист, Ўзбекистондаги энг йирик адабий портал асосчиси Давронбек Тожиалиев ва тарихчи Анвар Назир Ўзбекистон Ички Ишлар вазирлиги ва Тошкент шаҳри ҳокимлигига мурожаат билан чиқишган эди.

"Нима учун бошқа давлат ҳукумати томонидан танланган рамз Ўзбекистон фуқаролари орасида ҳам тарқатилиб, ҳурматланиши керак?", деб ёзишган ёш ўзбек зиёлилари.

"Биз, ўз тарихи ва аждодлар хотирасига бефарқ бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, 9 май - хотира ва қадрлаш куни атрофида юзага келган чигал вазият ҳақида Сизга мурожаат қилмоқдамиз. Бир неча йилдан бери бизнинг Хотира ва қадрлаш куни байрамимизни тан олмайдиган, аксинча, бу кунни Ғалаба байрами сифатида нишонлашни тарғиб этадиган айрим Ўзбекистон фуқароларининг гап-сўзлари ва қилмишларидан кўнглимиз ранжимоқда. Улар ўз рамзлари сифатида Россия давлати томонидан фашиcтлар устидан ғалаба унвони сифатида танланган Георгий лентасини танлашган", дейилган эди уларнинг мактубида.

" Маълумки, Георгий лентасини Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан 60 йил сўнггина ғалаба рамзи сифатида белгилашди, уруш йилларида бу номдаги рамз бўлмаган. Яъни, бу янги рамз ҳозирги Россия ҳукумати томонидан танланган", деб ёзилган мурожаатда шунингдек.

Георгий лентасини танлайсизми ва ё Ўзбекистон байроғини?

Фото муаллифлик ҳуқуқи voyenpro
Image caption Георгий лентаси

Айни мурожаат қанчалар самара бергани аниқ эмас, аммо бу йил Ўзбекистон ёшларининг "Камолот" ҳаракати ҳам ўзига хос хотира лентачасини тақдим қилган.

"Аммо ҳамма гап Ўзбекистоннинг ватанпарварликка йўғрилган тарғибот машинаси қанчалар самарали ишлаши билан боғлиқ. Россия телевизион каналлари, ОАВ ва интернет нашрлари рус тилида сўзлашадиган аксарият ўзбекистонликлар учун ягона манбага айланиб улгурган. Ҳатто зиёлиларимиз орасида ҳам Ўзбекистон манфаатлари ёки миллий қадриятларимиз нуқтаи назаридан эмас, Кремлнинг тарғиботи асосида фикрлайдиганлар оз эмас", дейди журналист.

"Камолот" ёшлар ҳаракатининг Хотира кунига бағишланган акция ғоясини қўллаб-қувватлайдиган зиёлилардан бирига кўра, қанчалар кичик бўлмасин ватанпарварлик нияти билан қўйилаётган қадамларни олқишлаш керак.

Фото муаллифлик ҳуқуқи kamolot
Image caption Гавҳар Зокирова

"Мана, артистларни жалб қилишибди, бу ҳам бир йўли...Георгий лентасини тақиб, Кремлнинг ноғорасига ўйнагандан кўра, шунисига ҳам шукр. Лекин бизда Москваники каби телеканаллар йўқ, борларидан ҳали ҳам концерт кўрасиз, сериал кўрасиз...Бирорта бир канал, ақалли ярим соатлик кўрсатув билан Георгий лентасининг тарихи ҳақида ҳикоя қилиб берсин, тушунтирсин одамларга..."

"Камолот" ўз акциясида ёшларни фаол иштирок этишга даъват қилади. Ҳозирга қадар бир неча таниқли кино юлдузлари Ўзбекистон байроғи Георгий лентаси каби "ўраб" қўйилган қоғозларни кўтариб суратга тушишган.

Улар орасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Элёр Носиров, Гавҳар Зокировалар ҳам бор.

Артистлар ўз суратларига илова ўлароқ, "халқнинг азалий қадриятлари" ҳақида ёзишади, жумладан, Гавҳар Зокирова "аждодларимизни ҳар сўзимизда, ҳар кунимизда ёд олиш бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган", дейди.

Георгий лентасини тарқатиш ташаббуси билан чиққар Россия элчихонаси ва ё бошқа тарафдорларнинг интернетдаги чиқишларидан фарқли ўлароқ, "Камолот" акциясида "Ғалаба", "Улуғ ватан уруши" каби сўзу таърифлар учрамайди.

Собиқ Иттифоқнинг қатор давлатларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам 9 майни Ғалаба байрами дея эътироф этадиганлар оз эмас.

Тарихчи Анвар Назировдан муносабат: Георгий лентасига қарши курашимиз мана бир неча йилдан бери давом этмоқда. Биз ёзган мурожаатларга жавобларида, умуман, давлат ўзинининг қаршилигини айтган эди шу лентани тарқалишига. Аммо очиқ гапиришга давлатнинг қурби етмади чунки бу Россиянинг давлат тадбири ва очиқ россияликлар билан тўқнашувдан давлат бош тортди, аммо лентага ҳам қарши бўлди. Ҳозир ҳам шунақа бўлса керак. Лекин жамиятимиздаги энг фаол доиралар орасида борган сари бу лентага қаршилик ошмоқда. Биласизми, доим бир нарса бўлади ва тарих бунга исбот, доим кўпчилик эмас, камчилик тарих яратишади ва бизда ҳозир георгий лентасига қарши доиралар бу зиёлилар, ёш фаоллар, диний доиралар. Ўзи бу лентани диний (Георгий авлиёси билан боғлиқ) статуси бор ва Ўзбек жамиятида бу энг катта низоларга олиб келмоқда. Дин ўта нозик мавзу ва бу мавзуни Георгий лентасини тарқатилиши яхшигина қўзғатмоқда ва буни кўрмасликка олиш нотўғри. Яна битта томони бор.Русийзабон фаоллар шу лентага қарши чиққан ўзбекларни эътиқодига ва миллат шаънига тегадиган ҳақоратларни тармоқларда тарқатишмоқда. Бу асли яна битта провокация ва бунинг оқибатида аста-секин миллатчилик кўтарилиши ҳеч гап эмас ва нима бўлмасин бу фақат низоларга олиб келмоқда. Лентанинг ўзига келсак уни ўзбеклар Скобелев лентаси деб ҳам аташмоқда, чунки энг золим Россия империясининг генерали, хотинларни ва болаларни аямай ўлдирган босқинчи бўлади ва шу Георгий ордени билан Туркистони босиб олгани учун мукофотланган. Ўзи бу лента билан икки парадокс боғлиқ ва иккитаси ҳам жамиятимизни ичидан парчалаб ташлаши мумкин: Биринчидан, Георгий лентаси Георгий орденининг тасмаси, шу орден билан рус-усмоний уруш даврида, шу урушда жасорат кўрсатган рус ҳарбийлари мукофотланган ва шунақа бу белги пайдо бўлган. Аниқроқ гапирсак, бу белги мустамлака белгиси, ва бу насронийлар ва мусулмонлар урушининг белгиларидан бири бўлади асли келиб чиқиши…Ўзи шунинг учун бизда бу лентани тарқатилиши катта таваккал. Яна биринчи бўлиб минтақамизга Георгий лентаси 1865 йилидан бошлаб кириб келган ва Туркистон босиб олиниши учун минтақамизда биринчи бўлиб бу белги ҳарбий безак сифатида тақдим қилинган.Бу ҳам провокация салоҳиятига эга омил. Қисқаси, бу белги энди ўзбек жамиятини тинч қўймайди,жанжаллар давом этади, давлат эса хурсанд бўлар эди бу лентани ман қилишга, лекин очиқ- ойдин Москва билан жанжалга боришдан тортинмоқда…

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio