Швеция журналисти: "Раҳмат Оқиловнинг қилмишидан яқинлари ҳайратда..."

Фото муаллифлик ҳуқуқи Staffan Lindberg
Image caption Стаффан Линдберг, ўнгда

Стаффан Линдберг Швецияда чиқадиган Aftonbladet нашри журналисти. У фотограф ҳамкасби билан ўтган ҳафта Ўзбекистонга сафар қилган. Самарқандда Раҳмат Оқиловнинг қариндошлари билан учрашган.

7 апрел куни Швеция пойтахти Стокгольмнинг асосий пиёдалар юрадиган кўчаси - Дроттнинггатанда пиёдалар устига юк машинаси ҳайдалиши оқибатида тўрт инсон ҳалок бўлган, 15 киши жароҳатланганди. Юк машинасини пиёдалар устига ҳайдаган шахснинг 39 ёшли ўзбекистонлик Раҳмат Оқилов экани айтилди.

Швецияни ларзага солган бу ҳодиса ортидан Ўзбекистонда бўлиб қайтган Стаффан Линдберк ўз сафари ҳақида Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатлашган.

Стаффан Линдберг: Биз Ўзбекистонга журналист сифатида сафар қилиш жуда мушкул эканлигини билар эдик, шунинг учун таваккал қилдик ва сайёҳлик визаси билан йўлга тушдик. Сафаримиздан мақсад Стокгольмда оддий одамлар устига юк машинасини ҳайдаган Раҳмат Оқилов ҳақида кўпроқ маълумот олиш эди. Яъни, нима учун бу одам шундай амалга қўл урди, деган саволга ойдинлик киритмоқчи эдик. Биз бу саволларга журналист ўлароқ имкон қадар тезроқ жавоб топишни истаганмиз. Журналист визаси ва аккредитация олиш Ўзбекистонда осон бир иш эмаслигини айтишди бизга...Вақт ўтаётган эди. Бошқа томондан биз ҳукумат билан рўйхатга ўтиб, кейин ўзимизнинг ортимиздан пойлаб юришларини истамадик.

Би-би-си: Ўзбекистонда ким билан суҳбатлашмоқчи эдингиз?

Стаффан Линдберг: Биласизми, Швецияда шу кунлар ҳамма Раҳмат Оқилов ҳақида гапирмоқда. У жуда машҳур. Биз Ўзбекистонга бориб, у туғилиб-ўсган маҳаллани кўрсак, одамлар билан суҳбатлашсак деб режа қилдик. Яъни, Раҳмат Оқиловни таниган имкон қадар кўпроқ одамлар билан гаплашишни истагандик. Бу мақсадимизга бир маънода эришдик. Унинг акаси билан суҳбатлашдик. Олим Оқилов бизга ўз укаси ҳақида анча батафсил гапириб берди. Биз ким билан гаплашмайлик, уларнинг ҳаммаси Раҳмат Оқиловнинг қилган ишидан ажабланишар, ишонишмас эди. Олимнинг ҳам ўз укаси Стокгольмда қилган амалидан хабари йўқ экан.

Би-би-си: Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот ходимлари қизиқишмаган эканми? Чунки Ўзбекистон бу фожеадан кўп ўтмай Раҳмат Оқиловнинг қидирувда эканини айтган эди...

Стаффан Линдберг: Йўқ, ҳеч ким улар билан суҳбатлашмаган, балки кейинроқ гаплашишгандир. Чунки айрим хабарларда Олим Оқилов маълум бир муддат хавфсизлик хизматлари томонидан сўроқ қилингани айтилди...Менга қоронғу бу...

Би-би-си: Акаси, яқинлари Раҳмат Оқилов ҳақида нималар дейишди сизга?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Police
Image caption Раҳмат Оқилов

Стаффан Линдберг: Олимнинг айтишича, Раҳмат жуда истеъдодли бўлган, математикадан айниқса яхши ўқиган. Исломий эмас, балки Совет оиласида катта бўлган. Бироз анъаналарни айтмаса, уларнинг оиласи диний ақидалар билан яшамаган. Фақат отаси Раҳматни Қуръон ўқишга рағбатлантирган экан, бу ҳам шу баъзи маросимларда, ўтганларнинг руҳига дуо қилиш учун, холос. Раҳмат акасининг сўзларига кўра, жуда иштиёқманд, меҳнаткаш бир йигит бўлиб улғайган. 2009 йилда у Россияга иш қидириб кетади, катта акаси билан цемент заводида ишлай бошлайди. Аммо Россияни ёқтирмайди. Кавказликлар унга Швецияга боришни маслаҳат беришади, Ўзбекистонга қайтиб, қонуний бир шаклда ҳужжатларини тахлайди ва Швецияга келади. Қизиғи, у Швецияга келиб сиёсий бошпана сўраган...

Би-би-си: Унинг акаси нима дейди, ростдан ҳам Раҳмат Оқилов сиёсий босимлар остига бўлган эканми?

Стаффан Линдберг: Йўқ, акасининг айтишича, бу мутлақо ёлғон. Раҳмат табиатан жуда тартибли, қонунни ҳурмат қиладиган одам бўлган экан. Яшил чироқ ёнмаса кўчани кесиб ўтмас экан акасининг айтишича...Унинг ҳеч қанақа сиёсий муаммоси бўлмаган. Швецияда экан доим телефон қилиб турган, бу мамлакатни чин дилдан яхши кўриши ҳақида гапирган. Аммо Раҳмат Оқиловни бу даҳшатли амалга ундаган асл сабаблар нима экани барибир қоронғу қолмоқда. Билганимиз шуки, Раҳмат сўнгги ойларга қадар Швецияда нормал ҳаёт кечирган, ўзининг оиласини бу ерга олиб келишни ёки каттагина пул билан Ўзбекистонга қайтиб боришни режалаган...Яъни, уни ақидапараст ва ё экстремист бўлганлигига ишора йўқ. Фақат унинг акаси биз билан суҳбат охирида қизиқ бир ҳолатни айтди. Раҳмат Оқиловни жиддий хафа қилишга қодир биргина омил бор, бу ҳам унинг хотини билан боғлиқ. Афтидан Раҳмат ўз турмуш ўртоғининг Туркияга кетишини истамаган, уйда, болалари бағрида бўлишни ҳоҳлаган. Айни ҳолатдан Раҳмат жуда қаттиқ хафа бўлган. Менимча, барибир терговни кутиш керак, балки улар бирор бир аниқроқ хулоса беришар...

Би-би-си: Стаффан, халқаро кузатувчилар, журналистларга кўра, Ўзбекистондаги адолатсизлик, эрксизлик ва қаттиққўл тузум аслида экстремистик кайфиятларнинг урчишига сабаб бўлади, деб айтишади. Ўзбекистонга доир аксарият тадқиқотларда ана шундай қолип қараш шаклланган. Сиз нима деб ўйлайсиз? Ўз сафарингиз давомида Ўзбекистон ҳақида қандай таасуротларингиз қанақа бўлди?

Стаффан Линдберг: Ўзбекистон -тоталитар мамлакат, буни сезиш мумкин, аммо диний ақидалар илдиз отган эмас у ерда...Дунёвий бир давлат. Бу саволга бир томонлама жавоб бериш қийин. Масалан, ҳаммаёқда алкогол ичимликлар савдосини кўрдим. Аёллар ҳижобда эмас. Аммо иккинчи томондан масжидларга эмин-эркин бориб келиш осон эмас эди...Айтганимдай, бу мушкул бир савол ва бир томонлама, масалан, Раҳмат Оқиловнинг Стокгольмдаги амалига Ўзбекистондаги тузум айбдор деб таъкидлаш мушкул.