АҚШ қўмондони нега Тошкентга келди?

АҚШ генерали Фото муаллифлик ҳуқуқи Wikipedia

Сиёсий таҳлилчиларга кўра, АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони Жозеф Леонард Вотелнинг ҳам Ўзбекистон ва ҳам Тожикистонга сафари Ғарбнинг Афғонистондаги воқеаларнинг сўнгги ривожидан анчагина саросимага тушганини кўрсатади.

АҚШ юқори мартабали қўмондони 25 апрель куни Тошкентга келган, расмий хабарларга кўра, Жозеф Леонард Вотел Ўзбекистон Ташқи ишлари вазири баробарида мамлакат Мудофаа вазири Қобил Бердиев билан ҳам мулоқотлар олиб борган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расман билдиришича, Тошкентдаги ана шу музокаралар чоғида "Афғонистондаги вазиятга алоҳида эътибор қаратилган".

АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондонининг Тошкентга сафари Толибон ҳаракати Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош шимолий Балх вилоятида жорий йил ҳисобидан уюштиришга муваффақ бўлган энг қонли ҳужумидан бор-йўғи тўрт кун ўтиб кузатилган.

Афғонистон Толибон ҳаракатининг ҳали бу йилги баҳорги амалиётларини расман эълон қилмай туриб амалга оширишнинг уддасидан чиққан 21 апрель кунги ҳалокатли ҳужумида камида 120 нафар афғон ҳарбийсининг қурбон бўлгани, яна ўнлабининг яралангани ишонилади.

Толибон бор-йўғи саноқли сондаги жангариси билан Афғонистон Қуролли кучларининг мамлакат шимолидаги энг йирик ҳарбий базасининг қоқ марказига сизиб киришга муваффақ бўлган ва шунча катта сондаги талофатга сабаб бўлган.

Халқаро ҳарбий таҳлилчилар эса, мазкур воқеълик Афғонистоннинг Ўзбекистон ва Туркманистонга бевосита чегарадош шимолий минтақаларида толибларнинг аввал хаёл қилинганидан кўра катта қудратга эга экани, "чуқур кириб бориб", "эркин нафас олиш"га қодир эканига далолат қилишини айтишганди.

Яна бир ташриф

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Толибларнинг Балхдаги ана шу қонли ва ҳалокатли ҳужумидан бор-йўғи уч кун ўтиб, АҚШ янги Мудофаа вазири Жеймс Мэттис ҳам ўзининг илк сафари билан кутилмаганда пойтахт Кобулга ташриф буюрган.

Жеймс Мэттис билан бирга Кобулда расмий матбуот анжумани берган Афғонистондаги АҚШ ва НАТО Кучлари Бош қўмондони генерал Жон Николсон эса, Балхдаги ҳужум Толибон шафқатсизлиги ва ёвузлиги янги босқичга чиққани далолати эканини айтганди.

АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони Жозеф Леонард Вотелнинг Марказий Осиёга сафари эса, Жеймс Мэттиснинг Кобулга ташрифидан кун ўтиб кузатилган.

Толибларнинг ўзлари билан бевосита чегарадош Балх вилоятидаги ҳужумига ҳозирча расмий Тошкентнинг муносабати имконли эмас.

"Саросиманинг иккита асосий қирраси мавжуд: Биринчиси, Афғонистон ичкарисидаги толибларнинг фаоллашуви ва уларнинг Балхдагисидек ниҳоятда кенг кўламли зарба бериш қобилиятининг шаклланиши ҳамда ошиб бориши. Иккинчиси, бу - Афғонистон атрофидаги геосиёсий рақобатнинг анчайин бир ўткир шаклга кўчиб ўтаётганлиги", - дейди Жозеф Леонард Вотелнинг Афғонистонга бевосита чегарадош икки Марказий Осиё давлатига ташрифига баҳо бераркан Франциядан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Балхдаги сўнгги қонли ҳужум АҚШнинг зиддига Россия Афғонистон масаласида фаоллашиш ҳаракатида бўлган, афғон можаросига тинч йўл билан ечим топиш учун янги сулҳ музокараларига бошчилик қилаётган, бошқа томондан, Америка томони наздида, Толибон ҳаракатини дастаклаб, уларга қурол-яроғ етказиб бераётганига оид хабарлар ортгандан ортиб бораётган бир манзарада кузатилган.

Худди шу мавзу янги АҚШ Мудофаа вазирининг Кобулга сафари чоғида ҳам алоҳида эътибор топган, Афғонистондаги АҚШ ва НАТО Кучлари Бош қўмондони генерал Жон Николсон қўшма матбуот анжумани чоғида Москва толибларни қурол-яроғ билан таъминлаётганига оид хабарларни "ҳеч қанақасига рад этмаслиги"ни яна бир бор ошкора баён қилганди.

Расмий Москва АҚШ генералининг бу галги баёнотига ҳам ўз муносабатларини узоқ куттириб ўтирмаган, кеча - сешанба куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров кескин чиқиш қилган.

Жон Николсоннинг "бу каби баёноти ноўрин ва асоссиз" эканини баён қилган.

АҚШ янги Мудофаа вазири эса, шу пайтгача бу каби хабарларни расман ва ошкора шарҳлашга бормаган.

Геосиёсий ўйинлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

"2001 йилдан бошлаб, биринчи ўн йилликда Афғонистон билан боғлиқ тўлақонли масъулият асосан Ғарб ва жумладан, Покистоннинг зиммасига тушган бўлса, мана, кейинги пайтда Россия, Эрон ва Хитойнинг Афғонистон ишларига аралашуви, уларнинг ўз позиция ва стратегиясига эга бўлиши - Афғонистон атрофидаги Ғарб тасаввуридаги тинчлик стратегиясини анчагина ўзгартираяпти дейишимиз мумкин", - дейди таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Суҳбатдошимизга кўра, Америка Қўшма Штатлари мулозимларининг Марказий Осиёга, жумладан, Ўзбекистонга ташрифининг асосий мақсади - Афғонистон борасидаги ҳарбий, сиёсий, геосиёсий мулоқот ва якдилликка эришишдир.

Расмий Тошкент эса, шу пайтгача Афғонистон масаласида ўз ақллари билан сиёсат юритишлари ва ўзларига манфаат келтирувчи ишларни қилишлари, бетараф сиёсатларига содиқ қолишлари ва доимо икки томонлама муносабатда бўлишларини таъкидлаб келган.

Россиянинг Афғонистонда "фаоллашиш", Толибон билан "яқинлашиш", уларга "қурол-яроғ етказиб бериш" ҳаракатида эканига оид хабарлар ва афғон тупроғидаги ҳарбийлари сонини кескин оширишга оид юқори мартабали АҚШ ҳарбийларининг сўнгги пайтларда устма-уст янграётган даъватларига Ўзбекистон дохил бирор бир Марказий Осиё давлати расман ўз муносабатини билдирганича йўқ.

Орада Афғонистон Ташқи ишлар вазирининг Россияга, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг Кобулга расмий сафарлари кузатилган.

Москва ва Кобулдаги ҳар икки учрашув ортидан ҳам, томонлар ҳар томонлама ҳамкорликни кучайтириш истагини изҳор этишган.

Афғонистонга бевосита чегарадош бўлган Ўзбекистон раҳбарияти эса, шу пайтгача афғон можаросига тинч йўл билан ечим топилишига тарафдорлик қилиб келган.

Ҳали муваққат президент экан, Шавкат Мирзиёев мамлакатининг бундан буёғига ҳам кўпқутбли ташқи сиёсат олиб боришига ишора қилган.

Марҳум Ислом Каримов бошқаруви даврида эса, расмий Тошкентнинг ташқи сиёсати аксарият халқаро таҳлилчилар томонидан "беқарор" эканликда баҳо топиб келган.

Франциядан сиёсий таҳлилчи суҳбатдошимиз Камолиддин Раббимовнинг айтишича, Афғонистон атрофида Ғарб билан Россия ўртасидаги зиддият Ўзбекистон геосиёсатига таъсир қилмай қолмайди.

АҚШ ва Россия ўртасида

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

"Чунки Шавкат Мирзиёевнинг Москвага ташрифидан кўриндики, у Афғонистон бўйича Россия пойтахтидаги йиғинда жуда ҳам фаол иштирок этишга ваъда берди. Яъни, Москва ташаббусларини тўлақонли қўллаб-қуввавтлади дейишимиз мумкин. Агар, энди, Ўзбекистон Ғарбнинг, Американинг ташаббусларини параллел равишда қўллайдиган бўлса, демакки, маълум бир зиддиятлар пайдо бўлади", - дейди бу суҳбатдошимиз.

"Бу Ўзбекистоннинг биринчи савдо-иқтисодий ҳамкори бўлган Россия билан совуқликларнинг қайтадан, худди, (марҳум - таҳр.) Каримов давридагидек шаклланишига ёки кучайишига сабабчи бўлиши мумкин".

Лекин, суҳбатдошимизга кўра, Ўзбекистоннинг биринчи, устивор, пировард мақсади бу - Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик.

"Шу боис ҳам, ўйлайманки, бу борада Ўзбекистон ҳамма билан ҳамкорлик қилишга тайёр", - деркан, Франциядан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов масаланинг "лекин"и борлигини ҳам алоҳида таъкидлайди.

"Россиянинг тасаввуридаги Афғонистондаги тинчлик Америкасиз бўлган, Ғарбнинг иштироки бўлмаган тинчлик. Лекин Американинг, Ғарбнинг Афғонистондан чиқиб кетиши, аслида, тинчликни эмас, қайтадан кучли ижтимоий, сиёсий бўҳронларни тақозо қилади. Америка тасаввуридаги тинчлик эса, толибларнинг жорий конституция ва тизимни тан олишларини назарда тутган тинчлик бўлади. Бунга толиблар ҳеч қачон бормайди", - дейди у.

Таҳлилчига кўра, мана шундай зиддият Ўзбекистон ташқи сиёсати, геосиёсати, Москва ва Америка билан муносабатларида маълум бир тарафни танлашни тақозо этади.

Россия бошчилигидаги тинчлик музокараларининг учинчи босқичи пойтахт Москвада бўлиб ўтган, унда Ўзбекистон дохил беш Марказий Осиё давлати вакиллари илк бор иштирок этишганди.

Ғарб?..

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Суҳбатдошимизнинг айтишича, унинг наздида, барибир, Ўзбекистон стратегиясида Ғарб, Америка Қўшма Штатлари амалга ошираётган сиёсат томонга мойиллик бўлиши эҳтимоли юқори бўлади.

"Сабаби, Ўзбекистон, барибир, толибларга нисбатан ишончсизлик билан қарайди. Россияга ўхшаб, толибларни инструмент сифатида фойдаланишни унчалик қабул қила олмайди. Ўзбекистоннинг толибларга нисбатан бўлган ана шу яширинча ёки ошкора ишончсизлиги уни кўпроқ Америка Қўшма Штатлари олиб бораётган хавфсизлик стратегияси ёки сиёсатини ёқлашга ёки мажбур қилади, ёки ўша томонга оғдиради, дейишимиз мумкин", - дейди таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Унга кўра, Россия буни, албатта, совуқлик билан қабул қилса-да, айни пайтда бу расмий Тошкент ва Москва ўртасидаги алоқаларнинг издан чиқишига олиб келмайди.

"Ўзбекистон шундай бир давлатки, минтақа мамлакати экани, Афғонистон билан тўғридан-тўғри чегарага эга бўлгани учун унинг мотивлари Москвага тушунарли бўлиб қолаверади...Россия Ўзбекистоннинг хавфсизлик билан, барқарорлик билан боғлиқ инстинктларини, хавотирларини, ўйлайманки, тушунади, тушуна олади".

Жозеф Леонард Вотел ўтган йил бошида АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони этиб тайинланган.

У АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги янги қўмондони сифатида худди ўша йил июнь ойида илк бор Марказий Осиёга ташриф буюрган, дастлаб Душанбеда бўлганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи official

Жозеф Леонард Вотел минтақага сафарини бу гал ҳам Тожикистондан бошлаган, Душанбега ўзининг иккинчи сафари чоғида ҳам президент Имомали Раҳмон билан учрашган.

Расмий Душанбе билан ҳарбий, ҳарбий-техник ҳамкорлик истиқболлари, минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалаларини муҳокама қилган.

Бундан ташқари, айтилишича, Россиянинг Марказий Осиёдаги энг йирик ҳарбий базаси жойлашган Тожикистоннинг Афғонистон билан ўзаро чегараси хавфсизлигини янада мустаҳкамлашга қаратилган ҳамкорликларини кенгайтиришга оид самарали таклифлар ҳам кўриб чиқилган.

Аммо расмий хабарларда бу "самарали таклифлар"нинг айнан нималардан иборат экани тафсилотлари келтирилмаган, очиқланмаган.

Худди шу ташриф манзарасида AҚШ ҳукумати келаси йил Давлат департаменти йўналиши бўйича Ўзбекистонга бериладиган молиявий ёрдам миқдорини 4,4 фоиз, яъни 9,3 млн. долларгача оширишига оид хабарлар ҳам олинган.

Шуниси эътиборлики, 2018 йилги бюджет лойиҳасида қатор МДҲ давлатлари қатори Қозоғистонга ҳам Давлат департаменти йўналиши бўйича маблағ ажратиш бутунлай бекор қилинган.

"Foreign Policy"нинг ёзишича, АҚШ Давлат департаменти, шунингдек, Қирғизистон ва Тожикистонга молиявий ёрдам ҳажмини мос равишда 60 ва 47,6 фоизга қисқартиришни кўзламоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг