Артур Таймазов айтганини қилди

Артур Таймазов Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Расмий хабарларга кўра, афсонавий эркин курашчи Халқаро Спорт Арбитраж маҳкамасига мурожаат қилган, Халқаро Олимпия Қўмитасининг ўзини олтин медалдан мосуво этиш қарори юзасидан шикоят аризасини киритган.

Бу ҳақда Халқаро Спорт Арбитраж маҳкамасининг ўзи расман билдирган.

Уларнинг бу хусусдаги расмий билдиришномасида айтилишича, Артур Таймазов Халқаро Олимпия Қўмитаси қарорининг бекор қилиниши истагида.

Расмий хабарларга кўра, Халқаро Спорт Арбитраж маҳкамаси курашчининг аризасини аллақачон кўриб чиқишни бошлаган.

Шу йилнинг 31 март куни Халқаро Олимпия Қўмитаси расман баёнот билан чиққан, курашчининг 2008 йилги Пекин Ёзги Олимпиадасида қўлга киритган олтин медали ва дипломи қайтарилиши кераклигини айтган.

Бунга қайта текширувлар натижасида Артур Таймазов намуналаридан тақиқланган туринабол ва станозолол препаратлар қолдиқлари аниқлангани сабаб қилиб кўрсатганди.

Артур Таймазов уч карра Ёзги Олимпиада Ўйинлари чемпиони ва 2000 йилдагисининг кумуш медали совриндори бўлади.

Дастлабки муносабат

Номдор курашчи Халқаро Олимпия Қўмитасининг бу қарорига 6 апрель куни "Instagram'даги шахсий аккаунти орқали ўзининг муносабатини билдирган.

Курашчи "ўзининг барча медалларини ҳалол курашда қўлга киритгани"ни айтган.

"Ҳеч қачон маън қилинган препаратлар қабул қилмагани"ни билдирган, Халқаро Олимпия Қўмитасининг қарорини савол остига олишини баён қилганди.

"16 йил давомида мен бир неча бор допинг синовидан ўтганман, аммо ҳеч бир галгисида текширувлар ижобий натижа бермаган", - деб ёзганди Артур Таймазов.

"Қачонки чемпионга айланар экансан, ўз халқинг номини тарихга олтин ҳарфлар билан ёзасан. Бу каби онларда елкангдаги масъулиятни бошқача ҳис этасан: фақат якка ўзингга эмас, бутун халқингга кўз тикиб туришганини ҳис этасан. Шу боис ҳам, хато қилиш уёқда турсин, бирор бир қинғир иш қилишга ҳаққинг бўлмайди".

"Мен ўзим учун ҳам, менга ишонган, қўллаб-қувватлаган, кунда чеккан заҳматимга гувоҳ бўлганлар учун ҳам уч карра Олимпия чемпиони бўлиб қолавераман", - дея баён қилганди Артур Таймазов.

Бу ҳақдаги илк хабарнинг ўзи эса, матбуотда ўтган йил август ойида пайдо бўлган.

'FloWrestling' "икки забардаст курашчидан бири қаторида Артур Таймазов ҳам 2008 йилги Пекин Ёзги Олимпиадасида қўлга киритган олтин медалидан мосуво этилиши мумкин"лиги ҳақида ёзган.

Аммо ўшанда афсонавий курашчининг бу хабарга муносабатини қўлга киритиш имконсиз бўлганди.

2008 йилги Пекин Ёзги Олимпиадасининг эркин кураш бўйича 120 кг вазн тоифасидаги курашчилар ўртасида бўлиб ўтган баҳсларининг олтин медалини Артур Таймазов финал жангида россиялик рақиби Бахтиёр Аҳмедовни енгиб, қўлга киритганди.

Ўтган йил сентябрь ойида бўлиб ўтган сайловларда Артур Таймазов Россия Давлат Думасининг депутати этиб сайланган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг