Тошкентда "Ўлмас полк" тадбири бўлмайди

"Ўлмас полк" ташкилотчилари эълони Фото муаллифлик ҳуқуқи mypolk.ru

Илк бор Россияда ташкиллаштирилган ва кейинги йилларда бошқа мамлакатларда ҳам оммалашиб бораётган "Ўлмас полк" хотира тадбири 9-май куни Ўзбекистонда ўтказилмайди.

Бунинг сабаби дунёдаги нотинч вазият экани айтилган.

"Ўлмас полк" акцияси ташкилотчиларининг расмий веб-сайти mypolk.ru шундай эълон берган:

"Қадрли ўзбекистонликлар! Бутун дунёдаги мураккаб сиёсий вазият туфайли бу йил "Ўлмас полк" юриши ўтказилмайди. Бу бизнинг ҳукуматимизнинг тўғри қарори деб ҳисоблаймиз, чунки бизга иккинчи Питер(Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри метросидаги 3-апрелдаги портлаш назарда тутилган - таҳририят) керак эмас".

Россия оммавий ахборот воситаларининг хабарларига кўра, "Ўлмас полк" акцияси ўтказилишига Ўзбекистон ҳукумати рухсат бермаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA NOVOSTI

Акция ташкилотчиларидан Сергей Лапенковнинг айтишича, илк бор 2016 йили Ўзбекистон ҳудудида "Ўлмас полк" тадбири ташкиллаштирилган, аммо у расмий мавқега эга бўлмаган.

Бу йил Ўзбекистондаги "Ўлмас полк" акция иштирокчилари Тошкентда "Ветеран" ташкилоти билан келишган ҳолда кўргазма уюштиришни, Мотамсаро Она ҳайкали пойига гул қўйиш, уруш фахрийларини табриклаш ва концерт ташкиллаштиришни режалаганлари хабар қилинган.

mypolk.ru веб-сайти Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётган 401 уруш фахрийсининг манзиллари ҳақида маълумотга эга эканликларини билдирган.

1941-1945 йилги урушда иштирок этган қариндошларининг фотосуратларини кўтариб юриш уюштириш биринчи марта 2012 йил 9-май куни Россиянинг Томск шаҳрида кузатилган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA NOVOSTI

Кейинги йилларда бу акция янада оммалашди, ўтган йили Лондон шаҳрида ҳам ўтказилди.

2015 йили Россия Президенти Владимир Путин ҳам урушда қатнашган отасининг фотосурати билан Москванинг Қизил Майдонидаги акцияда қатнашган, бундан кейин ҳам иштирок этиш ниятида экани ҳақида айтган эди.

Ўша йили бутун дунёда 12 миллиондан ортиқ одам Иккинчи Жаҳон урушида ҳалок бўлган аждодининг суратини кўтариб "Ўлмас полк" хотира тадбирида қатнашгани хабар қилинган.

СССР замонида 9-май Ғалаба куни сифатида байрам қилинган.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин байрам номи ўзгартирилди.

Марҳум президент Ислом Каримов таклифи билан 9-майга Хотира ва Қадрлаш куни деб ном берилди.

Узоқ йиллар давомида Ўзбекистон шаҳар ва қишлоқларида 9-май ҳарбий парад сифатида байрам қилинган ва бугунги кунда ҳам қатор мамлакатлар, хусусан, Россияда ҳарбий қудратни намойиш этиш байрами сифатида нишонланади.

Ўзбекистонда эса ҳарбий парад ва салютлардан воз кечилган, 9-май ўз ватанини ҳимоя қилиб ҳалок бўлган инсонларни хотирлаш ва тирикларга иззат-ҳурмат кўрсатиш куни сифатида нишонланган.

2012 йилдан Россияда 9 май арафасида Георгий лентасини тарқатиш ҳам оммалаша бошлади.

Ўзбекистонлик зиёлилар эса Георгий тасмасининг Иккинчи Жаҳон урушида немис фашистлари устидан қозонилган ғалабанинг эмас, XIX асрда Марказий Осиёни босиб олган Чор Россияси босқинчилари рамзи эканига эътибор қаратдилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи FACEBOOK

Улар Украина шарқида россияпараст кучлар ўзларини мустақил республикалар деб эълон қилганларидан кейин Георгий лентаси аҳамияти ортганини урғуладилар ва Ўзбекистонда бу тасма тарқатилишига қарши чиқдилар.

Бу йил қора-норинж рангидаги Георгий тасмаси эмас, Ўзбекистон байроғидаги мовий-оқ-яшил рангдаги ленталарни тағиб қилиш бошланган.

Георгий лентасими ва ё Ўзбекистон байроғи?

Бу йил Ўзбекистонда 9 май куни Тошкентда мушак отишга қарор қилинган.

Шу кунларда эса Тошкент шаҳри кўчаларида Иккинчи Жаҳон уруши йилларида фойдаланилган автомобилларда ўша пайт ҳарбий кийимидаги аскарлар ўтаётганларини кўриш мумкин бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ