Мирзиёев Жанубий Қозоғистонга борди

Мирзиёев ва Назарбоев Фото муаллифлик ҳуқуқи Akorda.kz
Image caption Мирзиёев ва Назарбоев Тошкентга чегарадош Жанубий Қозоғистонда кўришган

Президент Шавкат Мирзиёев 29 апрель, шанба куни қўшни Қозоғистон ишчи ташрифи билан борган. Мирзиёевни Тошкент билан чегарадош Жанубий Қозоғистон вилоятида Нурсултон Назарбоев кутиб олган. Ўзбекистон Президенти бир ой олдин Қозоғистонга давлат ташрифи амалга оширганди.

Қозоғистон Президенти матбуот хизматининг хабар беришича, учрашув давомида "Ўзбекистон раҳбарининг март ойидаги давлат ташрифи давомида икки давлат ўртасида имзоланган келишувларнинг амалга ошиш масалалари муҳокама қилинган".

Қозоғистон Президенти ўтган сафарги учрашувдан сўнг икки давлат ўртасида ишчи фаоллик кузатилаётганини билдирган.

"Жорий йилнинг биринчи чорагида иқтисодиётнинг турли соҳаларида ўзаро муносабатлар даражаси ошгани кузатилмоқда. Транспорт-логистика соҳаси, автосаноат, шунингдек минтақавий ҳамкорликни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. 2017 йилнинг илк уч ойи давомида савдо айланмаси ҳажми 37 фоизга ошди", - деган Нурсултон Назарбоев.

Шавкат Мирзиёев ҳам икки томонлама учрашувлардаги интенсивлик давлатлараро муносабатлардаги самарадорликка тўғридан-тўғри таъсир қилишини айтган.

"Март ойидаги ташрифимдан сўнг қўшма фаолиятнинг барча йўналишлари бўйича Йўл харитаси қабул қилдик. Вазирлар, ҳокимлар даражасидаги учрашувлар кўпайди, - деган Ўзбекистон Президенти.

Ўзбекистон раҳбари Нурсултон Назарбоевга Россия Федерациясидан нефть ташиш масаласида кўрсатилган кўмак учун миннатдорлик билдирган.

Қозоғистон Президенти Матбуот хизмати хабарида айтилишича, якунда икки давлат раҳбарлари Қозоғистон-Ўзбекистон ҳамкорлигининг ижобий динамикаси сақланиши ва янада ривожланишига ишонч билдиришган.

Учрашувнинг қайси шаҳар ёки туманда бўлиб ўтгани борасида хабар берилмаган.

Би-би-си хизмати ташриф тафсилотларини ўрганиш мақсадида Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокимиятига қўнғироқ қилди. Гўшакни кўтарган навбатчи масъул икки Президент учрашувидан хабари йўқлигини билдирди.

"Бизда бугун дам олиш куни. Мирзиёев келганидан хабарим йўқ. Икки кун олдин Назарбоев келганини биламан", деди ҳокимият масъули.

Ўзбекистоннинг янги Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистондан сўнг ўзининг иккинчи давлат ташрифини айнан Қозоғистонга амалга оширган эди.

22-23 март кунлари бўлиб ўтган ташриф давомида умумий ҳисобда 1 миллиардл АҚШ долларилик шартнома имзоланган.

Қозоқ журналистлари делегация таркибида 250 дан ортиқ ўзбекистонлик ишбилармонлар ҳам иштирок этгани учун уни "тарихий учрашув" дея баҳолашган.

Ташриф арафасида Олма-ота ва Тошкент шаҳарлари ўртасида тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилди.

Қозоғистон томонининг маълум қилиши, Ўзбекистон билан чегарада яна икки ўтиш назорат нуқтаси барпо қилинади. Амалда бўлган учта чегара ўтиш нуқталари 24 соатлик ишлаш тизимига ўтади.

Ҳозирча икки давлат ўртасида фақат битта чегара назорат нуқтаси 24 соат ишлайди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ