Пропискасиз яшаганлар учун жарима камаяди

прописка

Ўзбекистон депутатлари мамлакатда паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жарима миқдорини камайтириш ташаббуси билан чиққан. Бунга бу борада одамлардан тушган кўплаб шикоятлар сабаб бўлгани айтилмоқда. Прописка тизимига барҳам бериш борасида ҳеч нарса дейилмаган.

Шу вақтгача Ўзбекистонда пропискасиз, паспортсиз яшаш, паспортни йўқотиш учун энг кам иш ҳақининг 3 баробарида жарима белгиланган. Айни кунда бу 450 минг сўм ёки Марказий Банк курси бўйича 121 долларни ташкил қилади.

Жарималарни қисартириш ташаббуси ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берган.

Унда айтилишича, 28 апрель куни Парламент қуйи палатасининг навбатдаги мажлиси бўлган. Мажлисда бир қатор масалалар билан паспорт тизими қоидаларини бузиш учун жарима миқдори муҳокама қилинган.

Депутатлар янги тартиб бўйича шу йил бошидан буён ҳар ой ҳудудларга сафар қилмоқда. Хабарда айтилишича, ана шундай сафарлар давомида жарима миқдорининг кўплигидан шикоятлар ва оқибатлар ҳам ўрганилган.

"Жариманинг 450 минг сўм, яъни анча юқори миқдори фуқароларнинг, айниқса кам таъминланган оилалар аъзолари бўлган фуқароларнинг паспорт олмаслигига ёки уларни амал қилиш муддати ўтганидан кейин алмаштирмасликни афзал кўришларига олиб келган", - дейилади матбуот хизмати хабарида.

Хабарда Парламент аъзолари жарима миқдорининг энг паст меъёрини аниқлаштирган ҳолда унинг миқдорини пасайтириш мақсадида қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартишлар киритиш ташаббуси билан чиқанлиги айтилган.

Бироқ жариманинг қанча бўлиши борасида хабар берилмаган.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 223-моддасида паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жарима белгиланган.

"Паспорти бўлиши шарт бўлган фуқаронинг паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаши, паспортни қасддан яроқсизлантириши, шунингдек паспортни бепарволик билан сақлаши ва бунинг оқибатида паспортнинг йўқолиши энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади", - дейилади 223-моддада.

Крепостной деҳқонлар учун жорий қилинган тизим

Ўзбекистон ўз фуқароларига прописка тизимини жорий қилган ва уни бузганларни жаримага тортувчи камдан-кам давлатлар сирасига киради.

Прописка тизими XV асрда Рус крепостной (ярим қул) деҳқонлари учун ўйлаб топилган тизим эканлиги айтилади.

Чор Россияси Ўрта Осиёни босиб олганидан сўнг ушбу тизимни маҳаллий одамларнинг эркин ҳаракатланишига монелик қилиш учун киритган.

Ушбу тизим Шўролар даврида ҳам сақланиб қолган.

Прописканинг оддий одамлар ҳаётига салбий таъсир қилиши Ўзбекистон мустақил бўлганидан сўнг яққол сезила бошлагани кузатилади.

Прописка сабаб кўплаб малакали кадрлар пойтахтда ишлаш имкониятидан мосуво бўлгани ва шу сабаб Ўзбекистонни тарк этаётгани айтилади.

Шу вақтгача бу муаммо ўзбек матбуотида деярли кўтарилиб чиқилмаган.

Бироқ Ўзбекистонда олий ҳокимият алмашгач интернет нашрларида прописка муаммоси ҳақида ёзила бошланди.

Ҳатто кун.уз сайтидан чиққан танқидий мақоладан сўнг 7 йилдан бери турмуш ўртоғини Тошкентга пропискага қўя олмай эри билан ажралиш арафасида турган аёлнинг муаммоси ижобий ҳал этилган.

Сайтга қилинган яна бир мурожаат хатида Тошкент вилоятида ўзи сотиб олган ер участкасига уй солиб, ўз уйида 6 йилдан бери вақтинчалик пропискада турган ўқитувчининг муаммолари акс этган.

У паспорт тизими тўғрисида қонун ишлаб чиқарувчи депутатларга мурожаат қилган.

"Қонунни ижроси билан шуғулланадиганларга эътирозим йўқ, ўша қонунни ишлаб чиқадиганларга «биз ҳам ҳалқингизнинг бир бўлагимиз», дейман, холос. Сирдарёда отам ҳам, акам ҳам бир касб, бир фан эгаларимиз, у жойда менга иш йўқ, ҳозирги ишлаётган жойимда яъни, Тошкент вилоятида бир эмас, икки эмас, мен билган учта мактабда мутахассис етишмайди, шулардан ҳозирда иккитасида ишлаб келмоқдаман", - дейди Ихтиёр.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМканалимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ