Шомаҳмудовлар ҳайкали яна Тошкент марказига қайтмоқда

ҳайкал Фото муаллифлик ҳуқуқи Nuz.uz

Ислом Каримов даврида бир кечада Тошкент марказидан четга чиқариб ўрнатилган Шомаҳмудовлар оиласи ҳайкали яна марказга қайтиши мумкин. Иккинчи Жаҳон урушида 15 етимни асраб олган темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов оиласини шарафига ўрнатилган мажмуанинг марказдан олиб ташланишини расмийлар ободонлаштириш ишлари билан тушунтирган эди.

Ҳайкалнинг яна пойтахт марказига кўчирилиши ҳақида Ўзбекистон ва Россиядаги бир неча нашрлар ўз манбаларига таяниб хабар бермоқда.

Regnum ахборот агентлигининг Тошкент шаҳар ҳокимиятидаги манбасига таяниб хабар беришича, ёдгорлик мажмуаси Тошкентдаги собиқ Бобур, ҳозирда "Халқлар дўстлиги" дея ўзгартирилган истироҳат боғига кўчирилади.

"Новости Узбекистана" нашрининг ёзишича, мажмуани кўчириш режаси йил бошидан бери бор. Уни қаерга ўрнатиш бўйича бир неча таклифлар берилган ва "Халқлар дўстлиги" боғи мақбул деб топилган.

Шомаҳмудовлар оиласи тарихи Раҳмат Файзийнинг «Ҳазрати инсон» романи ва режиссёр Шуҳрат Аббосовнинг «Сен етим эмассан» фильми учун асос бўлган. Асраб олинган болалар орасида рус, беларус, молдаван, яҳудий, латиш, қозоқ, немис ва татарлар бўлган.

Халқлар дўстлиги монументи Тошкентда 1982 йилда ўрнатилган.

Бир кечада кўчирилган ҳайкал

Тошкент марказидан халқлар дўстлиги рамзи бўлган Шомаҳмудовлар оисласи ҳайкали 2008 йил, 12 апрел куни тунда кўчириб ташланган эди. Уни Тошкентга жанубий вилоятлардан кириб келишда йўл ёқасига ўрнатишган.

Мажмуа жойлашган "Халқлар Дўстлиги" саройи номи ҳам ўзгартирилиб, "Истиқлол" санъат саройи деб ном берилган.

Ўшанда ҳайкал олиб ташланиши ва сарой номи ўзгартирилиши сабабини айрим расмийлар оддийгина қилиб Тошкентнинг 2200 йиллик юбилейи олдидан пойтахтда амалга ошириладиган ободонлаштириш ишларининг бир қисми дея тушунтиришган.

Тахминларга кўра эса бунинг мафкуравий ёки шаҳар муҳандислигига оид сабаби бўлиши мумкин.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён Ислом Каримов даврида ҳукумат Шўро тизимини ёдга соладиган барча маданий ё адабий меросларни ёппасига тугаллашга киришди ва буни келгуси авлодни миллий истиқлол ғояси руҳида тарбиялаш зарурати билан изоҳлаб келди.

Иккинчи Жаҳон уруши пайти етим болаларни асраб қолган Шомаҳмудовлар оиласига қўйилган ҳайкал ҳам ўзбек халқининг болажонлиги ва меҳмондўстлиги рамзи сифатида кўрилган бўлса-да, бу аслида Шўро, коммунистик партия мафкурасининг маҳсули бўлган.

Масалага айни шу нуқтаи назардан қаралгани эҳтимоли билдирилган эди.

Бу икки ўзгариш - ҳайкалнинг олиб ташланиши ва саройнинг қайта номланиши аксар русийзабон аҳоли ва матбуотда ўзига хос бир акс-садо берганди.

Улар буни Ўзбекистоннинг Россиядан узоқлашиши йўлидаги ҳаракати, ўтмишдаги якдиллик ва руҳан бирлик ришталарни узиш дея баҳолашган эди.

Бир кечада ўзгарган сиёсат

Бироқ 2016 йили 2 сентябр куни Ўзбекистоннинг илк Президенти Ислом Каримов вафот этиб, унинг ўрнига ҳокимият тепасига келган Шавкат Мирзиёев совет рамзларига устозидан бошқачароқ қарашини намоён қилмоқда.

Ислом Каримов истеъмолдан чиқаришга уринган "Халқлар дўстлиги" ибораси яна кириб кела бошлади.

Шу йилнинг январ ойида "Бобур" парки "Халқлар дўстлиги" номига ўзгартирилди. Энди у ерга Каримов шаҳар четига чиқариб ташлаган ҳайкал ўрнатилиши маълум қилинмоқда.

Шўролар даврида ғалаба куни сифатида нишонланган 9 майни Каримов хотира ва қадрлаш кунига ўзгартирганди. Бу йиллар давомида Россиядан фарқли равишда 9 май ўтганларни хотирлаш куни сифатида нишонланди.

Бироқ шу кунларда Тошкент кўчаларида алвон байроқларни кўтариб олган ёшларнинг Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги совет ҳарбийларининг кийимларини кийиб, уруш даври машиналарида Тошкент кўчаларидан намойишкорона ўтиши кузатилди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМканалимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг