‘Албатта ғалаба қозонишади, мен уларга ишонаман’

Ҳасанбой Дўсматов Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бокс бўйича сўнгги Рио Ёзги Олимпиадаси кумуш медали совриндори Шаҳрам Гиясов Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида Осиё чемпионлиги учун ўз курашини бошлаган жамоадошларининг имкониятларини худди ана шундай баҳолади.

"Уларга авваламбор жуда ҳам катта омад тилаб қоламан. Уларнинг ҳаммаси (Осиё чемпионатига - таҳр.) жуда яхши тайёргарлик кўришди. Жангларига 100 фоиз даражада тайёр ва албатта, ғалаба қозонишади. Мен уларга ишонаман ва албатта бориб, далда бўлиб ўтираман", - дейди Шаҳрам Гиясов:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
‘Албатта ғалаба қозонишади, мен уларга ишонаман’

Бокс бўйича Тошкент мезбонлик қилаётган бу йилги Осиё чемпионати 30 апрель куни расман очилган ва 7 май кунига қадар давом этади.

Биринчиликда Ўзбекистонни тенг ярми Рио Ёзги Олимпидаси чемпиони ва совриндорларидан иборат жаъми 10 нафар:

1.Ҳасанбой Дўсматов

2. Жасурбек Латипов

3. Муроджон Аҳмадалиев

4. Элнур Абдураимов

5. Иқбол Холдоров

6. Шаҳрам Гиясов

7. Исроил Мадримов

8. Бектемир Мелиқўзиев

9. Санжар Турсунов

10. Баҳодир Жалолов боксчиси намоён этади:

Ҳасанбой Дўсматов, Бектемир Мелиқўзиев ва Муроджон Аҳмадалиевлар эса, Рио Ёзги Олимпиада Ўйинлари совриндорлари бўлишдан ташқари, бокс бўйича сўнгги Осиё чемпионатининг олтин ва кумуш медаллари соҳиблари бўлишади.

Таъкидлаш жоиз, бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аллақачон бу йилги Осиё чемпионатини кетма-кет ғалаба билан бошлади.

Ўзбекистонлик боксчилар орасидан дастлабки ғалабани покистонлик рақибини осонлик билан мағлуб этиб, кеча - 30 апрель куни -52 кг вазн тоифасида Жасурбек Латипов қайд этди.

Рио Ёзги Олимпиадаси бронза медали совриндори Муроджон Аҳмадалиев эса, -56 кг вазн тоифасида илк жангида зафар қозонган ва Осиё чемпионлиги учун курашиш ҳуқуқини сақлаб қолган ўзбекистонлик иккинчи боксчи бўлди.

Бунинг ортидан, 64 кг вазн тоифасида Иқболжон Холдоров ва -49 кг вазн тоифасида Ҳасанбой Дўсматовлар бу йилги Осиё чемпионатида ўзларининг дастлабки ғалабаларини қайд этишди.

Бугун - 1 май куни жаъми 5 нафар ўзбекистонлик боксчининг илк жанглари режаланганди.

Уларнинг орасида ўз вазн тоифаси(-49кг)да сўнгги Рио Ёзги Олимпиадаси чемпиони, бокс бўйича 2015 йилги Осиё чемпионати ғолиби, номдор боксчи Ҳасанбой Дўсматов ҳам бор эди.

23 ёшли Ҳасанбой Дўсматов AIBA таснифида амалдаги "Йилнинг энг кучли боксчиси", Вэл Баркер Кубоги ва "Олтин мангуст" халқаро мукофотлари соҳиби бўлади.

Риодагиси ўзи беллашган биринчи Ёзги Олимпиада Ўйинлари бўлганига қарамай, Ҳасанбой Дўсматов Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси ҳисобига илк олтин медални келтирган спортчи ҳам бўлади.

"Энди, ҳаммаси қатори ўғлимга ҳам омад тилайман. Ўзбекистон байроғини бу йил Осиёда ҳам кўтаришсин. Омадини берсин. Нафақат мен, ҳозир маҳалламиз ҳаммаси шу ниятда туришибди. Мана, вақт ҳам оз қолаяпти. Ҳаяжон ҳам шунга яраша...", дейди Ҳасанбой Дўсматовнинг бугунги жангги арафасида отаси Маъруфжон ака Ҳайитбоев Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
'Ўғлимга ҳам омад тилайман'

Тошкент мезбонлик қилаётган бу йилги Осиё чемпионати қитъадан бокс бўйича навбатдаги жаҳон чемпионатига асосий саралаш босқичи вазифасини ўтайди.

Германиянинг Гамбург шаҳри мезбонлик қилажак бу йилги жаҳон чемпионати шу йилнинг 25 август-3 сентябрь кунлари бўлиб ўтади ва унга Осиё қитъаси вакиллари учун жаъми 60 та ўрин ажратилган.

Тошкент мезбонлик қилаётган Осиё чемпионатида эса, қитъанинг 28 давлатидан 179 нафар боксчи ғолиблик ва ана шу йўлланмалар учун кураш олиб боришмоқда.

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси эса, медаллар жадвали пешқадамлигига асосий даъвогарлардан бири сифатида кўрилади.

"Ўзбекистон (боксда - таҳр.) яна бир бор кучлилиги, Олимпиадада техник жиҳатдан энг кучли боксчига берилувчи Вэл Баркер Кубоги ёки (умумжамоа ҳисобида - таҳр.) биринчи ўринни олиши - тасодиф бўлмагани, иккинчи бор ҳам ўзининг кучини кўрсатишини тилаб қоламан. Ишонаман, Худо хоҳласа, улар яна бир бор ўзининг кучини кўрсатади", - дейди ўзбекистонлик таниқли боксчи, Ўзбекистон тарихидаги биринчи Ёзги Олимпиада Ўйинлари чемпиони Муҳаммадқодир Абдуллаев Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
'Ўзбекистон яна бир бор ўзининг кучини кўрсатади'

Ўзбекистон Бангкок мезбонлик қилган бокс бўйича 2015 йилги Осиё чемпионатини 2 та олтини дохил жаъми 8 та медаль билан якунлаган, медаллар жадвалида эса, қўшни Қозоғистондан кейин 2-ўринни эгаллаб, юқори учликдан жой олган.

Тошкент шаҳри бунгача 1995 ва 1999 йилларда қитъанинг энг кучли боксчилари иштирокидаги Осиё чемпионатларига мезбонлик қилган.

Ўзбекистонда яна 2015 йилги ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати, шунингдек, WSB бутунжаҳон бокс серияси ва AIBA Pro Boxing лойиҳаси турнирининг бир неча жанглари ўтказилган.

Бокс бўйича 29-Осиё чемпионати Ўзбекистон пойтахти Тошкентдаги "Ўзбекистон" спорт мажмуасида бўлиб ўтмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМканалимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг