Ўзбекистон: сўроқ учун махсус хона

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги
Image caption Ички ишлар вазирлиги таркиби ҳам ўзгартирилади.

2018 йилдан Ўзбекистонда тергов доирасида сўроққа тутилаётган шахс билан савол-жавоб видеокамерага ёзиб олинади, милиция идораларида тергов учун махсус хоналар ташкил қилинади.

Ушбу ўзгаришлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ички ишлар идораларига бағишланган янги қарорида кўзда тутилган.

Президент Мирзиёев "Жиноятларни очиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари" деб номланган қарорни тасдиқлаган.

Президент қарорига кўра, 2018 йил 1 январидан ички ишлар органларида савол-жавоб матнини ёзиб бориш, аудио ва видеосини ёзиб олиш, тергов жараёнини видеокузатиш имконини берадиган махсус хоналар бўлиши талаб қилинади.

Олиб борилаётган терговлар шаффофлигини таъминлаш мақсадида Тергов департаменти ва ҳудудий бўлинмалари ўртасида видеоанжуман кўринишидаги алоқа тизими жорий этилиши кўзда тутилган.

Шу йил 10 апрелда Президент Мирзиёев Ички ишлар органлари фаолияти тўғрисидаги фармонни имзолади.

Фармонга биноан, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги таркибида қўшимча тўртта бошқарма ташкил қилиш, саккиз бўлимни қайтадан тузиш режаланган.

Иккита билим юртини олийгоҳга айлантириш, қўшимча равишда 999 та милииция таянч пунктларини ташкил этиш лозимлиги, ҳар бир туманда ёшлар масаласи бўйича бошлиқ ўринбосари янги лавозими ташкил қилиш вазифаси топширилган.

Ўзбекистонда 2016 йилнинг сентябр ойида "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги қонун қабул қилинганди.

Қонун ижроси 2017 йилнинг 17 мартидан бошланди.

Президентнинг 10 апрелда чиққан фармонига ёзилган шарҳда айтилишича, ушбу қонунни амалиётга жорий этиш имкониятлари бу соҳада ҳали муаммолар борлигини кўрсатган.

"Бироқ мазкур Қонун талабларини амалиётга жорий этиш имкониятлари, шунингдек, фуқароларнинг ички ишлар органлари фаолиятига доир мурожаатларини ўрганиш соҳада ҳамон ўз ечимини кутаётган кўплаб муаммо ва масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда", - дейилади фармон шарҳида.

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот тизими ва қамоқхоналарида қийноқлар мунтазам тус олганлиги ҳақида ҳамиша хавотир билдириб келганлар.

Лекин Ўзбекистон расмийлари буни рад этиб келишган ва ҳукумат халқаро кузатувчилар ҳамда БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси мамлакатга келишига изн бермай келади.

Ўзбекистонлик ва халқаро инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига кўра, дастлабки тергов жараёнлари пайти айбсиз инсонларнинг бўйнига айб қўйиб жиноят ишини сохталаштириш мақсадида қийноқлар қўлланган.

Маҳаллий матбуот хабар қилишича, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги 1 майдан бошлаб оддий фуқаролар милиция ходимларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилишлари мумкинлигини маълум қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ