"МХХни заифлаштириш учун илк қадам ташланди"

солдат Фото муаллифлик ҳуқуқи uza

Ўзбекистондаги энг қудратли давлат органи Миллий хавфсизлик хизмати қарамоғидаги Ички қўшинлар ИИВ таркибига ўтказилган. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг махсус қарори чиққан. Мутахассислар Ички қўшинларнинг МХХ таркибидан чиқарилишини ушбу ташкилот қудратини заифлаштириш учун биринчи қадам эканлигини айтмоқда.

Regnum агентлигининг ёзишича, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати таркибида бўлган Ички қўшинлар Республика Ички ишлар вазирлигига ўтказилди. Бу ҳақда Президент Мирзиёевнинг махсус қарори чиққан. Норасмий манбаларда 20 минг атрофида эканлиги айтиладиган Ички қўшинлар 2005 йил Андижон ҳодисаларидан сўнг МХХ таркибига ўтказилган эди. Ички ишлар вазирлиги тез орада махсус топшириқли отряд (ОМОН) тузилишини билдирган.

Ички қўшинларнинг вазирлик таркибига ўтгани ҳақида Ички ишлар вазири Абдусалом Азизов Халқаро пресс-клубда журналистлар билан учрашувда хабар берган.

"Президент қарори билан бизга бу қўшинларни беришди. 1 майдан бошлаб у тўлиқ ИИВ ҳуқуқий қарамоғида", - дея вазирнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда газета.уз сайти.

Вазирлик қўшинларнинг махсус тайёргарлиги юзасидан ишларни давом эттиради.

Нашрнинг ёзишича, вазир Абдусалом Азизов тез орада ИИВ қошида махсус топшириқли отряд тузилишини айтган. Бу борада Президентнинг яна бир қарори чиқиши кутилмоқда.

Вазир исталган тажовузга қарши тура оладиган етарли кучга эга эканликларини таъкидлаган.

1992 йили ташкил топган Ўзбекистон Ички кўшинлари 2005 йил Андижон воқеалари ортидан Ички ишлар вазирли таркибидан чиқарилган ва МХХга берилган эди. Шу билан ИИВ кучсизлангани ва МХХ таъсирининг янада ортгани айтилган эди.

Ички кўшинларнинг МХХдан олиниши Президентга таъсир ресурсларини камайтиради

Халқаро нашрларда Ўзбекистонда қудрат Президент Мирзиёев ва МХХ раиси Рустам Иноятов тандеми билан бошқарилаётгани ва айрим ҳолларда уларнинг орасида зимдан рақобат кетаётгани айтилади.

Ички қўшинларнинг Иноятовдан олиниб ИИВга берилиши ана шундай хабарлар манзарасида кечмоқда. Францияда истиқомат қилувчи сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Ўзбекистонда таркиб сони бўйича эмас, балки бир неча функцияларга кўра МХХ энг қудратли орган эканлигини айтади.

Унинг айтишича, Ўзбекистонда мутлоқ ҳокимиятга эга бўлган Ислом Каримов вафотидан сўнг Шавкат Мирзиёевнинг ҳокимият тепасига келишида МХХ раиси Рустам Иноятовнинг роли катта бўлганини айтади. Каримовдан фарқли равишда Мирзиёевга ҳокимиятни мутлоқ бошқариш имконияти бўлмади. Мирзиёев ҳокимиятни коллектив равишда бошқармоқда.

"Каримов вафотидан кейин Ўзбекистон ҳокимиятида шартли равишда тандем, яъни иккилик пайдо бўлди. Ҳуқуқий нуқтаи назардан энг қудратли шахс Президент. Ресурслар нуқтаи назаридан, Ўзбекистон жамоатчилиги, сиёсий элитасига таъсир нуқтаи назаридан, кейинги 20 йилда иккинчи энг қудратли шахс Рустам Иноятов ёки МХХ раҳбарияти", - дейди Камолиддин Раббимов.

Сиёсий таҳлилчига кўра, Мирзиёев олдида турган асосий вазифа тўлақонли ҳокимият ресурсларини қўлга киритиш. Ўзи истаганидек ички ва ташқи сиёсат юритиш. Ҳозирча у ички ва ташқи сиёсат юритишда атрофдагиларнинг фикрини инобатга олишга ёки уларнинг ички мойилликлари билан тасаввурида ҳисоблашишга мажбур.

Раббимов 2005 йилда МХХга олиб берилган Ички қўшинларнинг яна ИИВга қайтарилишини Олий ҳокимиятдаги ваколатларнинг қайта тақсимлаш ва Миллий хавфсизлик хизматининг ҳаддан ташқари ошиб кетган бошқарув ресурслари, ички ва ташқи сиёсатдаги яширинча бошқарув ва таъсир қилиш имкониятларини қисқартиришга ҳаракат эканлигини айтади.

"Миллий хавфсизлик хизмати ва унинг раҳбарияти яхши тушунадики, яқин йиллар ичида, балки ярим йил, бир йил, узоғи билан 2-2,5 йилда МХХда албатта ўзгаришлар бўлади. Жиддий ўзгаришлар бўлади ва бу хизматнинг раҳбарияти тўлақонли янгиланади. Сабаби оддий. Шавкат Мирзиёев президентлик мақомини босқичма-босқич мустаҳкамлаб борар экан. унинг йўлида Олий ҳокимиятни тўлалигича бошқаришга ягона тўсиқ бу Миллий хавфсизлик хизмати бўлиб қолаяпти", - дейди у.

Сиёсатшуноснинг билдиришича, Шавкат Мирзиёев барча ҳокимият органларини танқид қилмоқда, аммо шу вақтгача МХХ ҳақида қаттиқ гапирмаган. Бу Мирзиёевнинг МХХ раҳбариятидан бироз чўчишини ва уларнинг ресурслари билан яширинча ҳокимиятга зарар етказиш имкониятлари билан баҳоланади. Бироқ МХХ раҳбарияти Президент билан курашиш бефойда эканлигини тушунади.

"Миллий хавфзлик хизмати раҳбариятининг ягона шарти шундан иборат бўлиши мумкинки, ҳокимиятдан кетганидан кейин, хафсизлик хизмати раҳбариятидан кетганидан кейин хавфсизлигини таъминланиши ва яқинларининг ёки келишув бўладиган бўлса уларнинг умумий манфаатлари билан ҳисоблашиш давом этса деган бир истак бўлиши мумкин".

Раббимовга кўра, Ўзбекистонда кучлар нисбати ўзгариши босқичма-босқич амалга ошади. Агар шиддатли амалга ошса, икки томон бир-бирига зарба бериши ёки кескин тўқнашувлар бўлиши мумкин. Бу нарсани икки томон ҳам истамайди.

"МХХ раҳбарияти олдида қудратли бўлган гуруҳлар шаклланди. Ўзбекистондаги авторитаризмнинг яна битта қирраси - қудратли шахслар бир-бирига қуда, қарши қуда ва қуда-анда, оғайни бўлиб кетиши. Бу билан олдин Каримов ҳам ҳисоблашган, янги ҳокимият ҳам ҳисоблашишга мажбур. Чунки бундай қудратли гуруҳлар қўлидаги ресурслар, улар ҳокимиятдан кетганидан кейин ҳам ҳокимиятга сиёсий технологиялар орқали таъсир қилиш имкони сақланиб қолаверади. Буни янги ҳокимият, албатта, инобатга олади".

Сиёсатшуноснинг таъкидлашича, Ички қўшинларнинг МХХдан олиниши ушбу хизматнинг заифлашиб қолишини англатмайди. Бу МХХ имкониятларига катта путур етказмайди. Ички қўшинларнинг ўтказилиши узоқ муддатли ислоҳотларнинг бошланиши бўлиши мумкин.

"Яъни МХХ қудрати ва имкониятини Ички ишлар вазирлиги билан тенглаштириш ёки пасайтиришга интилишнинг биринчи қадамлари бўлиши мумкин. Шу билан бирга хизматчилар сонининг кўпайиши ИИВ нинг шу заҳоти қудратли органга айланиб қолишини англатмайди".

Сиёсатшунос Ўзбекистонда ИИВ ва МХХ ходимларини сонини жиддий қисқартириш кераклигини айтади. Уларга Каримов томонидан юклатилган вазифа Ўзбекистон жамиятини тотал назорат қилиш бўлган.

"Агар Ўзбекистон Шавкат Мирзиёев даврида жиддий ислоҳотлар қилмоқчи бўлса, давлатнинг тасаввуридаги халқни қўрқитиш эмас, халқни ишонтириш орқали миллий бойлик яратиш ва уни адолатли тақсим қилиш вазифаси олдинга қўйилаётган бўлса, Ўзбекистонга даҳшат сондаги ИИВ ва кўп сонли МХХ керак эмас. Уларнинг сонини бир неча баробар қисқартириш керак. Уларнинг сонини, жамиятга таъсир қилиш салоҳиятини қисқартирмас экан, улар Олий ҳокимиятни ҳам маълум муддатда босқичма-босқич ўзининг психологик исканжасига олиши тайин", - дейди Камолиддин Раббимов.

Сиёсатшунос билан суҳбатнинг тўлиқ шаклини тинглашингиз мумкин.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Ички қўшинларни МХХ таркибидан яна ИИВга ўтказиш МХХни заифлаштиришнинг илк қадамидир.
  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ