"Ўзбек террорчилари ҳақида маълумот Фейсбукда эълон қилинади"

Ўзбекистон Ички ишлар вазири Абдусалом Азизов Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC UZBEK

Ўзбекистон Ички ишлар вазири Абдусалом Азизовнинг айтишича, яқин орада "барча террорчилар ва жиноятчилар ҳақида маълумот Интернет ижтимоий тармоқлари, хусусан, Фейсбукда эълон қилинади.

Вазир Абдусалом Азизов ушбу чораларни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг "яна бир қадами" деб айтган.

"Токи бу одамларга бошқа мамлакатда бошпана, иш бераётган ҳар бир фуқаро бу кишининг кимлигини билиб олсин. Ўйлайманки, биз ушбу қадамга борамиз", деб айтган Ички ишлар вазири.

2 май куни Тошкентдаги Халқаро Пресс-клубда Ички ишлар вазирлиги раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани ташкил қилинган.

Ички ишлар вазири ва ўринбосарлари журналистларни қизиқтирган қатор саволларга жавоб қайтарганлар.

Хусусан, вазир Абдусалом Азизов, Ўзбекистонда "милиция" деган атама йўқ, деб айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC UZBEK
Image caption Халқаро Пресс-клубда Ички ишлар вазирлиги раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани ташкил қилинган.

"Бу атама аллақачон ўтмишда қолиб кетган ва ҳозирда Ўзбекистонда фақатгина "ички ишлар органлари" ва "ички ишлар органлари ходими" деган атамалар мавжуд", деб айтган вазир жаноблари.

Мустақил Ўзбекистон 25 йил мобайнида Ички ишлар органлари ва бу тизим ходимларининг қонуний мақомини белгилаб берган юридик ҳужжатсиз фаолият юритиб келдилар.

Сўнгги 5-10 йил давомида маҳаллий фаоллар милиция ёки полиция ҳақидаги қонунни қабул қилиш лозимлиги, Ўзбекистон милицияси ҳали СССР замонида қабул қилинган Низом асосида фаолият юритиб келаётгани, бу эса милиция ходимларининг ўзлари учун ҳам кўплаб муаммоларни юзага келтираётгани ҳақида бонг уриб келдилар.

Мамлакат раҳбарияти бир неча бор Ички ишлар ҳақида қонун тайёрлаётганини айтиб келди.

Ниҳоят, 2016 йилнинг сентябр ойида Ўзбекистоннинг "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги қонун қабул қилинди.

Қонун ижроси 2017 йилнинг 17 мартидан бошланди.

2018 йил бошидан Ўзбекистон Ички ишлар идораларида тергов учун махсус хоналар ташкил этишга қарор қилинди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.