"Ўзбекистондаги ўзгаришлар вақт талаб қилади"

Европа Тикланиш ва Тараққиёт банки Президенти Сума Чакрабартининг матбуот анжумани Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC UZBEK

Европа Тикланиш ва Тараққиёт банки Президенти Сума Чакрабартининг айтишича, Тошкентга сафари якунида Ўзбекистонда ҳақиқий ўзгаришлар юз бермоқда, деган хулосага келган.

Бу ҳақда ЕТТБ Президенти Сума Чакрабарти банкнинг йиллик йиғилиши арафасида ташкил қилинган матбуот анжуманида гапирган.

Европа Тикланиш ва Тараққиёт банкининг бу йилги анжумани Кипрда 9-11 май кунлари бўлиб ўтади.

Банкнинг Лондондаги қароргоҳида матбуот анжумани ташкиллаштирган ЕТТБ Президенти Сума Чакрабарти Никосиядаги йиллик учрашувда Ўзбекистон ҳам иштирок этишини маълум қилди.

Ўзбекистон билан Европа Тикланиш ва Тараққиёт банкининг ҳамкорлиги 2007 йилдан музлатиб қўйилган эди.

2017 йилнинг март ойида ЕТТБ раҳбарлигидаги ҳайъат Тошкентга ташриф буюрди.

16 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ЕТТБ Президенти Сума Чакрабартини қабул қилди.

Ўзбекистон ҳукумати билан ЕТТБ ўртасида табиатни муҳофаза қилиш лойиҳасида ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланган.

Европа банки Ўзбекистонга сармояларни кескин кўпайтиришни хоҳлаётгани хабар қилинди.

Ўзбекистон билан ҳамкорлик бошланган 1993 йилдан буён ЕТТБ 54 лойиҳага жами 500 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағ йўналтирган.

2 май куни ЕТТБнинг Лондондаги қароргоҳида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Сума Чакрабарти Ўзбекистон ҳукумати Европа банкининг Тошкентдаги фаолиятини қайта тиклашини хоҳлаётганини айтди.

"Ўзбек ҳукумати Европа Тикланиш ва Тараққиёт банкининг Ўзбекистонга қайтишини хоҳлагани учун биз қайтдик. Ўзбекистондаги хусусий сектор бизнинг қайтаётганимиздан жуда мамнун", деб айтди жаноб Чакрабарти.

"Мамлакатда жаноб Каримов вафотидан кейин сиёсий ўзгаришлар юз бермоқда. Бу ўзгаришларни Тошкентга ташрифим давомида мен ўз кўзим билан кўрдим. Мен ҳақиқий ўзгаришлар юз бераяпти, деган хулосага келдим", дейди ЕТТБ раҳбари.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Prezident.uz

"Бу ўзгаришлар ислоҳотчиларнинг манфаатидадир. Президент Мирзиёев ислоҳотчилар жамлоғида. ЕТТБ ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишда яхши восита бўлиб хизмат қилиши мумкин. Мен Тошкентдалигим пайти фуқаролик жамияти вакиллари билан ҳам бафуржа мулоқотларда бўлдим. Биз Ўзбекистондаги кенг миқёсдаги фуқаролик жамияти фаоллари билан иккита жуда яхши, ғайриоддий учрашувлар ўтказдик. Биз улар билан мамлакатда юз бераётган ўзгаришларни муҳокама қилдик. Албатта, ҳали жуда кўп нарса ўзгариши керак. Улар атиги бир неча ой мобайнида анча кўп ўзгаришлар аллақачон амалга ошганини таъкидлашди. Бу ўзгаришлар жумласига ҳукуматнинг оддий аҳоли билан, фаоллар билан мулоқот қилаётгани, маслаҳатлашаётганини киритиш мумкин. Иқтисодий стратегия бўйича қандай ишлар қилиниши кераклиги муҳокама қилинаяпти. Бундай нарсалар илгари Ўзбекистонда ҳеч ҳам кузатилмаган. Бу жуда ҳам яхши. Мен матбуот билан, университет талабалари билан очиқ суҳбатлашдим. Талабалар мендан Ўзбекистондаги сиёсат ҳақида қандай фикрда эканимни сўрашди. Ўзбекистонда ўзгаришлар юз бермоқда. Фақат баъзан биз бирор нарса ҳақида муайян қарашда бўламизу, у нарса ўзгараётган бўлса, ўзгараётганини дарров илғай олмаймиз", деди Сума Чакрабарти Би-би-си Ўзбек хизматининг Тошкентга сафари таассуротлари ҳақидаги саволига жавобан.

"Лекин мен айтаманки, Ўзбекистон ўзгараяпти. Бироқ бу ўзгаришлар вақтни талаб қилади. Бу жараёнлар курашни талаб қилади. Чунки эски тизимни қўлида ушлаб турганларнинг таъсири камайиши керак ва бу нарса курашни талаб қилади. Ўйлашимча, келгуси 3-4 йил мобайнида биз эски тизим тарафдорлари ва ислоҳотчилар ўртасида курашнинг гувоҳи бўламиз. Бизнинг вазифамиз эса Ўзбекистонга қайтиб сармоя киритишни бошлашдан иборат. Биз маҳаллий банкларга кредит линияларини йўлга қўйиш учун Ўзбекистонда офисимизни очишимиз лозим. У ерда икки киши бир неча йил давомида бир квартирада ишлаб келишди. Ўзбекистон иқтисодиётида улкан диверсификацияни амалга ошириш лозим. Ўзбекистон иқтисодиёти бутун минтақа учун жуда муҳим экономика ҳисобланади. Ўзбекистоннинг Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон билан муносабатларини яхшилаётгани бизни ҳам хурсанд қилмоқда. Алоқалар яхши томонга ўзгармоқда. Мен умид қиламанки. келажакда бизнинг ўзимиз ёки ЕТТБ Осиё Тараққиёт банки билан ёки бошқа банклар билан чегараоша лойиҳаларини ҳам ҳаётга татбиқ этамиз. Мен Ўзбекистон келажаги борасида некбинман", деди жаноб Чакрабарти.

2003 йил майидаги Тошкентдаги ЕТТБнинг йиллик анжумани кўпчиликнинг ёдида қолган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC UZBEK

ЕТТБ йиллик саммити олдидан фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқлари фаоллари Ўзбекистон ҳукуматидан мухолифат ва ўзгача фикрловчиларга нисбатан босим ва тазйиқларни тўхтатиш, сўз эркинлигига йўл бериш, қийноқларни тўхтатиш ва бозор иқтисоди ислоҳотлари ваъдасини олиш талабини қўйдилар.

Ўзбекистон ҳукумати бу ислоҳотларни амалга ошириш мажбуриятини олмаса, ЕБРР йиллик анжуманини Тошкентда ўтказишдан воз кечишга чақирдилар.

Банкнинг йиллик анжумани арафасида Навоий кўчасидаги трамвай линияси олиб ташланган, бироздан кейин яна қайта йўлга қўйилганди.

Ўшанда ЕТТБ бошқаруви раисаси, Британиянинг Тараққиёт бўйича вазири Клейр Шорт "Эски Жўва" бозорига нарх-навони ўрганиш учун борган, бозорда картошка-пиёзларнинг нарх кўрсаткичлари ҳақиқий баҳосидан бир неча баравар пасайтириб ёзиб қўйилганидан Шорт хонимнинг ўзим ҳам хабардор бўлган эди.

Ўз маърузасида Клейр Шорт, "Ўзбекистонда диний эътиқодни чеклаш, қийноқларни қўллаш ва суд ҳокимиятининг фуқароларнинг манфаат ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ноқобиллиги борасида жиддий хавотирлар бор", деб айтган.

Бу сўзлар Президент Каримовнинг ғазабини келтирган, у қулоғидаги таржима қулоқчинини ҳам олиб қўйган эди.

ЕТТБ Ўзбекистонда сиёсий ва иқтисодий вазиятни яхшилашга чақирган эди.

Европа банки охирги марта 2007 йили Ўзбекистондаги "Ҳамкорбанк"ка кредит ажратган, шундан сўнг ҳамкорлик музлатилган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02