Ўзбекистонда камида олти бронза медали нақд

Шаҳрам Гиясов Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Рио Олимпиадасининг кумуш медали совриндори, "Осиёнинг топилдиғи" Шаҳрам Гиясов Тошкент мезбонлик қилаётган бу йилги Осиё чемпионатининг ярим финалига йўл олган, Германияда бўлиб ўтажак бу йилги жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган ўзбекистонлик еттинчи боксчи бўлди.

Шаҳрам ҳозиргина якунланган чорак финал жангида жанубий кореялик рақибини нокаутга учратди ва муддатидан илгари ғалаба қозонди.

Бугун яна Бектемир Мелиқўзиев ва Баҳодир Жалоловлар ҳам ўзларининг чорак финал жангларини ўтказишади.

Рио Олимпиадаси, жаҳон ва Осиё чемпионатлари совриндорлари Муроджон Аҳмадалиев ва Ҳасанбой Дўсматов ортидан яна тўрт нафар ўзбекистонлик боксчи Тошкент мезбонлик қилаётган бу йилги қитъа биринчилигининг ярим финалига йўлланма ва жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бироз аввал -52 вазн тоифасида Жасурбек Латипов ҳам ўзининг чорак финал жангини ўтказди.

2013 йилги жаҳон чемпионатининг кумуш медали совриндори ҳиндистонлик рақиби Синг Биштни енгиб, бу каби шарафга нойил бўлди.

Шиддатли кечган уч раундлик жанг ортидан, ҳакамлар якдил овоз билан Жасурбек Латиповни ғолиб, деб топишди.

Элнур Абдураимов, Иқболжон Холдоров ва Исроил Мадримовлар ҳам ўз вазн тоифаларида чорак финал жангларини муваффақиятли якунлашди.

Таъкидлаш жоиз, Муроджон Аҳмадалиев каби Иқболжон Холдоров ҳам рақибини нокдаунга учратиб, ҳал қилувчи жангини ўз фойдасига ҳал қилди.

Бироз аввал сўнгги Рио Олимпиадаси ва амалдаги Осиё чемпиони Ҳасанбой Дўсматов ҳам ўзининг чорак финал жангини ғалаба билан якунлаганди.

Ўзининг бу ютуғи билан Ҳасанбой Дўсматов бу йилги Осиё чемпионати ярим финали ва Германиядаги жаҳон чемпионатига йўлланмани нақд қилган иккинчи ўзбекистонлик боксчи бўлганди.

У бу гал -49 кг вазн тоифасида қозоғистонлик рақиби Жомарт Ержанни мағлуб этди.

Уч раундлик жанг яққол Ҳасанбой Дўсматовнинг устунлиги билан якунланди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Сўнгги Рио Олимпиадаси, жаҳон ва Осиё чемпионати совриндори Муроджон Аҳмадалиев бокс бўйича Тошкент мезбонлик қилаётган бу йилги қитъа биринчилигида айни шу ютуққа эришган биринчи ўзбекистонлик боксчи бўлганди.

Муроджон Аҳмадалиев -52 кг вазн тоифасида бўлиб ўтган чорак финал баҳсида бутанлик рақиби Нима Доржини нокдаун ҳисобига мағлуб этди.

Ўзбекистонлик боксчи ўзининг бу ютуғи билан Осиё чемпионатининг камида бронза медалини нақд қилиш билан бирга Германияда бўлиб ўтажак жаҳон чемпионатига ҳам йўлланмани қўлга киритди.

Бу йилги Осиё чемпионати 30 апрель куни Ўзбекистон пойтахтида расман очилган ва 7 май кунига қадар давом этади.

Унда қитъанинг 28 давлатидан жаъми 179 нафар боксчи Осиё чемпионлиги учун кураш олиб боришмоқда.

Бу беллашувда совринли ўринларни эгаллаган боксчилар шу йил куз ойида Гамбург мезбонлик қилувчи жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритишади.

Эслатиб ўтиш жоиз, бокс бўйича бу йилги жаҳон чемпионати учун Осиё қитъасига жаъми 60 та йўлланма ажратилган.

Бу йилги Осиё чемпионатида Ўзбекистонни жаъми 10 нафар боксчиси намоён этмоқда.

Улардан тенг ярми эса, сўнгги Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларининг ғолиблари ва совриндорлари бўлишади.

Бу боксчиларнинг орасида Муроджон Аҳмадалиевдан ташқари Ҳасанбой Дўсматов, Шаҳрам Гиясов ва Бектемир Мелиқўзиев каби ўз боксчилик маҳоратлари билан жаҳон бокс оламини тан олдирган қўлқоп усталари бор.

Ўзбекистонлик боксчиларнинг барчаси дастлабки жангларини ғалаба билан якунлашган ва ўз ютуқлари билан чорак финалга чиқиш вазифасини аллақачон уддалаб бўлишган.

Муроджон Аҳмадалиевдан ташқари қолган 9 нафар ўзбекистонлик боксчи ҳам бугун ўзларининг чорак финал жангларини ўтказишади:

-91 кг: Василий Левит (Қозоғистон) - Санжар Турсунов - 11:45 дан кейин

(Тошкентдан ҳозиргина олинган хабарларга кўра, Санжар Турсунов чорак финал жангини қозоғистонлик рақиби Василий Левитга бой бериб қўйган ва бу йилги Осиё чемпионатини тарк этган).

-49 кг: Ҳасанбой Дўсматов - Жомарт Ержан (Қозоғистон) - 14:00

(Чорак финал жанги Ҳасанбой Дўсматов фойдасига ҳал бўлди).

-60 кг: Элнур Абдураимов - Фарранд Папенданг (Ҳиндистон) - 15:30 дан кейин

(Чорак финал жанги Элнур Абдураимов фойдасига ҳал бўлди).

-64 кг: Хунг Минг Пан (Хитой Тайпейи) - Иқболжон Холдоров - 16:15 дан кейин

(Чорак финал жанги Иқболжон Холдров фойдасига ҳал бўлди).

-75 кг: Эумир Марсиал (Филиппин) - Исроил Мадримов - 17:30 дан кейин

(Чорак финал жанги Исроил Мадримов фойдасига ҳал бўлди).

-52 кг: Жасурбек Латипов - Синг Бишт (Ҳиндистон) - 19:00

(Чорак финал жанги Жасурбек Латипов фойдасига ҳал бўлди).

-69 кг: Шаҳрам Гиясов - Сеон Хёнг Ли (Жанубий Корея) - 19:45 дан кейин

(Чорак финал жанги Шаҳрам Гиясов фойдасига ҳал бўлди).

-81 кг: Бектемир Мелиқўзиев - Шагбоз Негматуллоев (Тожикистон) - 20:45 дан кейин

+91 кг: Баҳодир Жалолов - Дохйеон Ким (Жанубий Корея) - 21:45 дан кейин

Муроджон Аҳмадалиевнинг эса, ярим финалдаги рақиби аллақачон маълум.

У бу йилги Осиё чемпионатининг финалига чиқиш учун Жанубий кореялик боксчи Йонг Хун Ханга қарши жанг ўтказади.

Муроджон Аҳмадалиев Рио Ёзги Олимпиадасининг бронза, жаҳон ва Осиё чемпионатларининг кумуш медаллари совриндори бўлади.

Ўзбекистонлик қолган боксчилар чорак финал жанглари натижаларини ҳам Би-би-си Ўзбек Хизмати билан бирга кузатиб боринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02