БМТ инсон ҳақлари комиссари Ўзбекистонга боради

Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зейд Раъад Зейд ал-Ҳусайн Фото муаллифлик ҳуқуқи UN

Ўзбекистон матбуоти хабар тарқатишича, Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зейд Раъад Зейд ал-Ҳусайн 10 май куни Ўзбекистонга ташриф буюради.

Бу БМТ Инсон ҳақлари комиссарининг Марказий Осиё мамлакатларига илк сафари бўлади.

Хабар қилинишича, жаноб ал-Ҳусайннинг Ўзбекистонга ташрифи икки кун давом этади.

Кун тартибида "Ўзбекистон билан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги аҳволи ҳамда келажакдаги ҳамкорлиги билан боғлиқ масалалар" муҳокама этилиши режаланган.

Шу йил мартида дунё бўйича инсон ҳуқуқларига доир йиллик ҳисоботини тақдим қиларкан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зейд Раъад ал-Ҳусайн илк бор Ўзбекистонни илиқ сўзлар билан эътироф этган.

Жаноб ал-Ҳусайн Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари борасидаги аҳволни ўнглашга қаратилган чораларни эътироф этган. Унга кўра, Ўзбекистонда судлар тўғрисида қабул қилинган қонунлар амал қилса, ижобий ўзгаришларни кутиш мумкин.

БМТ инсон ҳуқуқлари борасида Ўзбекистонни мақтади

БМТ Олий комиссарига кўра, Ўзбекистоннинг янги Президенти Шавкат Мирзиёев адлия тизими самарадорлигини ошириш, адолатли ва мустақил маҳкама жараёнларини таъминлаш йўналишида қонунлар қабул қилмоқда.

"Жуда ҳам яқинда, октябрда қабул қилинган ҳуқуқ соҳасида ислоҳотлар тўғрисида қонунда адолатли маҳкама жараёни шартлари ҳам келтириб ўтилган. Ушбу қонуннинг бажарилиши - Ўзбекистон халқи манфаати учун ижобий ўзгаришларга хизмат қилиши мумкин", - деб айтган Зейд Раъад ал-Ҳусайн.

БМТ масъулининг таъкидлашича, қабул қилинган қонунларнинг натижаси айрим маҳбусларнинг, жумладан журналист Муҳаммад Бекжоннинг ҳибсдан озод қилинишига сабаб бўлган.

2016 йил октябрида БМТнинг Тараққиёт Дастури ва Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланган эди.

Ўзбекистон мустақил бўлганидан буён ҳар беш йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасига мамлакатдаги инсон ҳақлари вазиятига доир ҳисобот бериб келади.

Чунки Ўзбекистон фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлари бўйича Халқаро пактни имзолаган ва халқаро мажбуриятини қай даражада адо этаётгани бўйича ҳисобот бериб туриши шарт.

Ҳар доим ҳисобот топшираётган пайтида Ўзбекистоннинг ҳукумат ҳайъатига инсон ҳуқуқ ва эркинликлари давлат томонидан қўпол поймол этилаётганига доир оғир-оғир саволлар берилган, бироқ Ўзбекистон томони қийноқлар ва бошқа Ўзбекистон конституциясига зид амаллар мажудлигини инкор этиб келган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ