Ўзбекистонда баҳор - тўй-ҳашам фасли

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK
Image caption Ўзбекистон

Ўзбекистонда баҳор - тўйлар мавсуми ҳам эди, гўё...

Пойтахт Тошкентнинг Амир Темур хиёбони гавжум. Оппоқ либос кийган келинчак соҳибқирон ҳайкали пойида расмга тушади.

Кейин у Темурнинг от чоптираётган бронза ҳайкалидан узоқлашар экан, ўрнини бошқа бир келин эгаллайди.

Барқ уриб гуллаётган магнолия остида ҳам шундай манзара.

Орадан бироз вақт ўтиб, мен Тошкентдан 900 чақиримча узоққа - Хоразм воҳасига бордим... Хиванинг Жума масжиди гўзаллиги мени мафтун этди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek
Image caption Мафтункор Хива

Масжиднинг нақшинкор устунлари юз йилларки қад ростлаб туришибди.

Том маънодаги сеҳрли бир манзара...

Бу гўзал тушдан мени келинлик либоси шитирлаши уйғотади.

Кичик жуссали, ёши 20га етиб-етмаган, астойдил бўяниб олган келинчак ўзига катта либосда пайдо бўлади.

Мовий костюм-шимдаги, шахдам одимлаётган куёв эса ёш болага ўхшайди...

У анчайин асабий кўринади. Келин билан қўл ушлашганча нақшинкор устунлар оралаб юришади.

Сал нарида яна бир келин пайдо бўлади.

Унинг ҳам либоси олдингисиникидан кескин фарқ қилмайди.

Узун этакларини орқадан бири кўтариб юради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK
Image caption Жума масжиди

Келинни Франциядан келган сайёҳлар қуршаб олишади. Дарров у билан суратга туша бошлайдилар.

Келинчак ҳам қаршилик қилмайди, қайтага икки букилиб салом ҳам беради.

Сайёҳлар эса бу эртакнамо шаҳардаги ёдгорликлар ичида у ерда яшайдиган инсонлар, айниқса, келинлар билан суратга тушишдан бахтиёр...

Ўзбекистондаги оилаларда қиз бола туғилиши билан сепу сандиқ тахлаш, турфа тақинчоқлар йиғиш жараёни бошланади.

Тўй куни келинчак буларнинг барини янги хонадонига олиб кетади.

Мен дўстим Абду билан тўйлар ва турмушга чиқишнинг ўзига хос пойгаси ҳақида суҳбатлашаман.

Унинг айтишича, тўйлар ва турмуш қуриш бугун замонавий тус олган, дунёвий қонунлар билан ҳимояланган, шунга қарамай, эски анъаналарнинг ҳам ўз ўрни бор.

"Аксарият май ойида турмуш қуришни истамайди, бу ойда тўй бўлган жуфтлар бепушт бўлишига ишонилади", дейди у.

"Кейин, албатта, диний расм-русумларимиз ҳам бор, масалан, Рамазон ойида ҳеч қандай тўй ўтмайди".

Қуръон Каримда Рамазон ойи никоҳ бўлмаслигига оид ҳеч нарса йўқ, аммо кун давомида рўза тутиш, дастурхонга ароқ тортишдан кўпчилик истиҳола қилади.

Ўзбекистонда алкогол ичимликлар тақиқланмаган ва аксар тўйларда улар дастурхон тўридан жой олади.

Абдунинг айтишича, аксарият тўйдан кейин асал ойини уйда ўтказади.

Фақат жуда бадавлат жуфтларгина Дубай ва ё Туркияга саёҳат қилиши мумкин.

Анъанага кўра, қош қорайганда янги турмуш қурган келин-куёв кўчада юрмаслиги керак.

Қирқ кунгача бу ўзига хос чеклов давом этади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK
Image caption Афсонавий Самарқанд

Шунда ҳам мен Самарқандга етиб келмагунимга қадар Ўзбекистондаги тўй мавсумининг қанчалар муҳим эканини тўла ҳис қилмайман.

"Гранд Супериор" меҳмонхонасида ишлайдиган Жаҳонгирнинг қўли қўлига тегмайди.

Бангладешдан келган сайёҳларни жойлаштириш билан бирга у суратга тушиш учун келган келинчаклар рўйхатини тартибга келтиради. Ҳозиргача неча жуфт келин-куёв келгани, яна қанчаси келиши ҳақида сўрайман.

"Тўққизта", дейди у. "Яна ўн келин-куёвни кутяпмиз!"

Жаҳонгирга кўра, яқинда улар бир куннинг ўзида 28 та жуфтликка хизмат кўрсатишган.

Меҳмонхонанинг муҳташам қилиб ясатилган шифтлари, қимматбаҳо қандиллари ва гўзал гулбоғчаси барчаси сураткашни жалб этади.

Хиёл вақт ўтар-ўтмас яна бир қора Мерседес тўкилаётган ўрик гулларини ҳар ёнга учирганча шовқин-сурон билан келиб тўхтайди. Бу яна бир бахтли жуфтликнинг келганини англатади.

"Мени манзур тутинг", дейди меҳмонхона маъмури Жаҳонгир. "Кўриб турганингизда бу келинчакларни назорат қилиш жуда қийин".

Назаримда, Жаҳонгир май ойининг келишини ҳаммадан кўпроқ кутаётганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар