Марказий Осиёлик муҳожирлар радикаллашувига сабаб нима?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Санкт-Петербург метросидаги портлашдан сўнг

Апрел ойи илк ҳафтаси янгиликларига қаралса, Марказий Осиё Исломий терроризм "ўчоғи" деган тасаввур келиб чиқиши мумкин эди.

Санкт-Петербургда қирғизистонлик метрода ҳужум уюштириб, 14 кишини ҳалок этди. Бир неча кундан сўнг, ўзбекистонлик Стокгольмда юк машинасини савдо марказига бориб урди, 4 кишини ўлдирди.

Турли маълумотларга кўра, охирги 5 йил мобайнида Сурия ва Ироққа сафар қилиб ИШИД сафига қўшилган Марказий осиёликлар сони тахминан 2 мингдан 4 минг нафарга қадар...

Марказий Осиёликлар 2015 ва 2016 йилги Истанбулдаги ҳужумларга ҳам алоқадор эдилар. Лекин охирги ҳодисалар уларнинг радикаллашуви муаммосига янада кўпроқ эътиборни тортди.

Таҳлилчилар муаммонинг "илдизи" сифатида минтақада ноанаъанавий радикал Исломнинг бош кўтаргани, қашшоқлик ва демократия йўқлигига ишора этадилар.

Аммо минтақадаги айнан ана шу - диний, иқтисодий ва сиёсий омиллар терроризмнинг хорижга "экспорт" қилинаётгани сабаб эканига далил-исбот йўқ.

Биринчидан, Марказий Осиёнинг ўзида "терроризм" жуда кам. 2001-2015 йиллар жаҳон бўйлаб қайд этилган 85 минг терроризм ҳолатларидан атиги 62 таси Марказий Осиёда рўй берган.

Минтақада бошқа мусулмон давлатларида бўлгани каби яхши ташкиллаштирилган исломий экстремист ташкилотлар йўқ.

АҚШ томонидан "террорчи" дея тан олинган 61 ташкилотдан атиги 2 таси - "Ўзбекистон Ислолмий Ҳаракати" ва "Исломий Жиҳод Уюшмаси"нинг Марказий Осиё билан алоқаси бор.

Иккинчидан, минтақадаги "ақидапараст" саналган мусулмонлар, сиёсий тазйиққа учраганлар ва камбағалларнинг жуда кам қисми зўравонликка қўл уради.

Алоҳида ҳолатларни эса умумий йўналиш сифатида тақдим қилиб бўлмайди.

Бундан ташқари, террорчиликнинг ушбу "илдизлари" ҳам савол остида.

Айтиб ўтилганидек, исломчи ташкилотларнинг минтақада таъсири катта эмас.

Марказий Осиёлик "террорчилар"нинг жуда кам сонлиси ашаддий диндор бўлишган.

Масалан, 2012 йили тожикистонлик Аҳтам Олимовнинг ИШИД сафларидаги видеоси чиққанида оила аъзолари ҳайратга тушишганди.

Қўшнилар ва унинг онаси фарзанди Россияга кетгунига қадар ҳеч тақводор бўлмаганлигини айтган.

ИШИД сафларига қўшилган тожикистонлик Бобожон Қурбоновнинг ҳам яқинлари қандай қилиб жиҳодга қўшилиб қолганлигини тушунмасликлари ҳақида гапиришган.

Бир нарса аёнки, ИШИД сафларига тарғиб қилинган Марказий Осиёликларнинг жуда кам қисми минтақаниннг ўзида радикаллашган.

Ҳам Санкт-Петербург ва ҳам Стокгольмда ҳужум содир этганлар ватанларини анчайин авввал тарк этишган. Кетишдан олдин улар радикаллашгани ҳақида далиллар мавжуд эмас.

Демак, минтақадаги радикализмни маҳаллий омиллар очиқламаётган бўлса, хорижда уларнинг жиҳодий ташкилотларга қўшилишларига нима сабаб бўлмоқда?

Бу саволга жавоб топиш мушкул. Ҳар бир жиҳодчининг ўз "тарихи" бор. Ҳаммани экстремистик гуруҳга қўшилишга ундаган бир умумий омилни келтириш имконсиз.

Муҳожирларнинг аксари яккаланиш, оиладан ажралиш ва шахсий руҳий мушкулликларга юз тутадилар. Бу ўз навбатида уларни террорчи-тарғиботчилар учун "осон нишонга" айлантиради.

Уларнинг аксари террорчи гуруҳга мажбурлаб киритилмаган. Кўп ҳолларда ўзлари саргузашт илинжида ёки "биродарлик" билдириш ниятида бўлганлари айтилади.

Аммо икки омил кўпроқ кўзга ташланади.

Биринчидан, Маразий Осиёдан муҳожирликнинг миқёси, демографияси ва бошларидан кечаётган ҳодисалар тан олиниши, эътибор қаратилиши керак.

Исломий тарғиботчилар хорижда ишлаётганларни нишонга олмоқдалар.

5 миллиондан 7 миллионга қадар марказий осиёлик Россияда яшаб ишлаяпти. Улар аксар ҳолларда оиладан узоқ, кунда иқтисодий мушкулликларга юз тутишади. Ирқчилар ва давлат хизматчиларининг таҳдид ва таҳқирлашларига дуч келадилар.

Меҳнат муҳожирлиги баъзилар учун янги имконларни яратмоқда, лекин ҳамма учун эмас.

Улар муҳожирликка йўл олган аксар давлатлар дунёвий ва уларнинг мусулмон эканликлари мезбон давлатда хавфсизликка таҳдид сифатида талқин қилинади.

Бироқ миллионлаб муҳожирлардан саноқлисигина жиҳодий ғояларга бериладилар. ИШИД томонидан ёлланган тожикистонликларнинг 80 фоизи Россияда бўлган вақтлари бу йўлга киришган.

Бундан ташқари, ёлланганларнинг кўплари, яъни деярли ярми ўқимишли инсонлар бўлишган.

Иккинчи омил, Россия ва Марказий Осиё давлатлари томонидан олиб борилаётган хавфсизликни таъминлаш сиёсати муаммонинг ечимидан кўра, уни келтириб чиқарувчи омили бўлиши мумкин.

"Чегарасиз диктаторлар" дея номланган китобда айтилишича, Марказий Осиё ҳукуматларининг Россия, Европа ва бошқа ерларда ўз сиёсий ё-да, диний, тинч ёки зўравон рақибларини тазйиқ остига олиш тактикаси халқаро хавфсизликни таъминлашдан кўра, режимни сақлаб қолиш мақсадига эга.

Шунинг учун хорижда терроризмнинг олдини олиш вазифасини ўз олдига қўймайди.

Марказий Осиёлик сиёсий муҳожирлар устидан тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон ва Тожикистон каби давлатлар уларга қарши ҳаракатларида тобора шафқатсиз ва фаолроқ бўлиб боришмоқда.

Бу эса ўз навбатида уларни айнан қарши курашиш мақсадида зўравон эктремист ташкилотлар сафларига итармоқда.

Бу давлатлар қўллаётган тактика ИШИДга қарши курашда не қадар самара бераётганини айтиш қийин, лекин тахмин қилиш мумкинки, бу тактика ИШИД сафларига "ёллаш" тактикаси сифатида иш бермоқда.

Ёш йигитларнинг ўз ўринларидан кўчишлари ва яккаланиб қолишлари каби икки омил Марказий осиёликлар нима учун террорчиликка қўл ураётганларини тушунтиришга ёрдам бериши мумкиндир.

Аммо бу жараён ҳақида биз ҳануз жуда кам маълумотга эга эканлигимиз ва ҳануз кам учрайдиган ҳолат бўлиб қолаётганини тан олишимиз керак.

Санкт-Петербург ва Стокгольмдаги террорчилар Қирғизистон ёки Ўзбекистонни тарк этаётган вақтлари террорчи эмасдилар.

Шунинг учун уларнинг радикаллашиш илдизларини фақат Марказий Осиёдан эмас, ўтиш жараёнида юз тутган ҳолатларидан излаш муҳимроқдир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02