'Ислом Каримов деб аталади, яхшиланади'

Тошкент халқаро аэропорти Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Тошкент халқаро аэропортига Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримов номи берилган.

Унда олий даражада хизмат кўрсатилишини таъминлашга қарор қилинган.

Бу ҳақдаги фармойиш президент Шавкат Мирзиёев томонидан 4 май куни расман имзоланган.

Ўзбекистоннинг янги раҳбари Тошкент халқаро аэропортида олий даражада хизмат кўрсатилишини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва тақдим этишлари учун масъул идораларга бир ой муҳлат берган.

Ўз фармойиши ижросини назорат этиш масъулиятини эса, мамлакат Бош вазири Абдулла Арипов зиммасига юклаган.

Ўзбекистонни чорак асрдан кўпроқ вақт давомида бошқарган Ислом Каримов ўтган йил 2 сентябрь куни инсульт оқибатида 78 ёшида вафот этган.

У ўзининг она шаҳри Самарқандда дафн этилган.

Шу йил январь ойи охирида Ўзбекистоннинг янги президенти Ислом Каримов номини абадийлаштириш тўғрисидаги фармойишга имзо чеккан.

Мазкур фармойишда Ўзбекистон пойтахтидаги Оқсарой Ислом Каримов номидаги фонд ва ёдгорлик мажмуасига айлантирилиши, Самарқандда мақбара, Тошкент ва Қаршида марҳум президент ҳайкалларининг қайд ростлаши ҳам кўзда тутилган.

Ўзбекистон марҳум президенти номини қай тариқа абадийлаштириш мавзуси унинг ўлими ортидан ижтимоий-мулоқот тармоқларида ҳам энг кўп муҳокама этилган мавзулардан бирига айланган.

Тошкент халқаро аэропортига унинг номини бериш таклифи ушбу муҳокамалар чоғида энг кўп илгари сурилган таклифлардан бири бўлганди.

Ўзбекистонни чорак асрдан кўпроқ вақт мобайнида бошқарган Ислом Каримов қаттиққўл ва зиддиятли раҳбар сифатида кўрилади.

Унинг тузуми сиёсий мухолифларга тоқатсизлиги ва инсон ҳақларини қўпол равишда поймол этиши билан ном чиқарган.

Аммо мамлакат ичкарисида Каримов Ўзбекистонни мустақиллик сари олиб борган ва барқарорликни таъминлаган раҳбар сифатида эътироф этилади.

Бор-йўғи ўтган йил охирида Тошкент халқаро аэропорти жаҳондаги энг ёмон бештасидан биттаси, деб топилган.

Бу каби хулосага The Guide to Sleeping in Airports сайти келган.

Уларнинг хулосаси 26 мингдан зиёд йўловчининг фикрига таянган.

Сўров иштирокчилари қулайлиги, тозалиги, бинолари, машғул бўлиш имкониятлари, таомлар танлови, хавфсизлиги ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш даражасига қараб, дунё аэропортларига баҳо беришганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02