Ўтган икки кун ичида бешинчи зилзила

Харита Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Бу каби устма-уст ер қимирлашини асосан Ўзбекистон ва Тожикистон пойтахти аҳолиси сезишган.

Ўзбекистондаги қатор интернет нашрларининг ёзишларича, зилзила Тошкент вилояти ва Фарғона водийсини ҳам титратиб ўтган.

Ўтган 49 соат ичида юз берган бешинчи зилзила Европа-Ўртаерденгизи сейсмик маркази томонидан қайд этилган.

Марказ расмий веб саҳифасидаги маълумотдан аён бўлишича, навбатдаги ер силкиниши кучи 5,9 баллни ташкил этган.

Зилзила Тожикистон ва Ўзбекистон шарқида сезилган.

Сейсмологларга кўра, ер силкиниши маркази бу гал Ўзбекистоннинг Наманган шаҳридан 164 километр узоқликка тўғри келган.

Қисқа вақтнинг ичида кетма-кет кузатилаётган зилзилалар бу икки қўшни мамлакат аҳолисини ташвишга солмай қўймаган.

Улар "ўз тажрибалари"ни турли ижтимоий-мулоқот тармоқларида ҳам ўртоқлашишга тушиб кетишган.

Интернет фойдаланувчилари "ер яхшигина силкингани"ни ёзишаркан, уларнинг орасида "бўлди-да, энди", дегувчилари ҳам озмунча бўлмаган.

Тожикистон Фавқулодда вазиятлар бўйича вазирлигининг расман билдиришича, янги зилзила кучига қарамай, ҳозирча талафотлар ва вайронагарчиликларга оид хабар олишмаган.

3 май куни тонг саҳар ҳам минтақа қўшалоқ ер силкинишига саҳна бўлган. Уларнинг кучи 5,7-5,9 баллни ташкил этган.

Зилзила маркази эса, Тожикистон пойтахти Душанбедан 257 километр, Қоракенжа шаҳридан 26 километр узоқликка тўғри келган.

Натижада Тожикистоннинг айрим қишлоқларидаги бир неча уйга зиён етгани айтилган, инсоний талафотлар кузатилмаган.

Бунинг ортидан юз берган зилзила эса, 4 май куни маҳаллий вақт билан тун пайтига тўғри келган.

Бу гал ер силкиниши кучи 5 баллни ташкил қилган, маркази эса, Душанбе шимоли-шарқидан 263 километр узоқликка тўғри келган.

Унинг ортидан такрорийси ҳам юз берган, сейсмологлар унинг кучини 5,2 балл, дея қайд этишган.

Ўтган икки йил ичида эса, минтақада сейсмик фаоллик ортгани кузатилади.

Аксарият Марказий Осиё давлатлари ва унги қўшни қатор минтақа давлатлари саҳна бўлаётган бу каби ер силкинишлари кўпчиликнинг қўрқув ва ташвишларига ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Аммо аввалроқ Тошкентдаги Зилзилашунослик институти мутахассислари хавотирларга ўрин йўқлигини айтишган.

Ўзбекистон ҳудудида йирик талофатларга олиб келадиган зилзилалар юз бериши кутилмаётганини билдиришганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02