Ўзбекистонда камида тўққизта кумуш медал

Ҳасанбой Дўсматов Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ҳозиргина ўзининг ярим финал жангини якунлаган Баҳодир Жалолов Тошкент мезбонлик қилаётган бу йилги Осиё чемпионатининг финал босқичига чиққан ўзбекистонлик тўққизинчи боксчи бўлди.

Баҳодир ҳали биринчи раунддаёқ финал жанги учун йўлланма тақдирини ўз фойдасига ҳал қилди.

Шу билан қитъа биринчилигида ўзбекистонлик боксчилар иштирокидаги ярим финал жанглари ўз ниҳоясига етди.

Бу йилги Осиё чемпионатида Ўзбекистонни жаъми 10 нафар боксчиси намоён этган бўлса, улардан тўққиз нафари финалга чиқди.

Улар бу каби ютуқлари билан қитъа биринчилигининг камида кумуш медалларини ўзларига нақд қилишди, Осиё чемпионлиги учун курашиш ҳуқуқини сақлаб қолишди.

Эслатиб ўтиш жоиз, ўзбекистонлик бу боксчилар ҳали ярим финалга чиқиш билан бу йилги жаҳон чемпионатига ҳам йўлланмани қўлга киритишган.

-91 кг вазн тоифасида ўзбекистонлик ўнинчи боксчи Санжар Турсуновда ҳам ҳали бундай имконият бор.

Санжар, агар, эртага эронлик боксчи Салар Гуламинни мағлуб этса, жаҳон чемпионлиги учун кураш ҳуқуқини қўлга киритади.

Осиё чемпионлиги учун финал жанглари 6-7 май кунлари ўтказилади.

Шу билан 30 апрель куни Ўзбекистон пойтахти Тошкентда расман очилган бу йилги қитъа биринчилиги ўз поёнига етади.

Ҳозиргина якунланган навбатдаги ярим финал жанги ортидан, Рио Олимпиадаси совриндори Шаҳрам Гиясов бу йилги қитъа биринчилигининг финалига чиққан саккизинчи ўзбекистонлик боксчи бўлди.

Шаҳрам Гиясов финал босқичига йўлланма учун эронлик рақиби Сажжад Козимзодапоштирига қарши рингга кўтарилди.

Ўзбекистонлик боксчи иштирокидаги бугун ҳисобидан саккизинчи ярим финал жанги тўлиқ уч раунд давом этди. Шиддатли кечди.

Якунида ҳакамларнинг якдил қарори билан ғалаба Шаҳрам Гиясов ҳисобига ёзилди.

Яна бироздан кейин ўзбекистонлик сўнгги боксчи - Баҳодир Жалолов Осиё чемпионлиги учун курашиш ҳуқуқини сақлаб қолиш учун рингга тушади.

Бироз аввал якунланган навбатдаги ярим финал жанги ортидан, Иқболжон Холдоров бу йилги қитъа биринчилигининг финалига чиққан еттинчи ўзбекистонлик боксчига айланди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Gazeta.uz

Ундан аввал ярим финал жангида қозонган ғалабаси ортидан, Рио Олимпиадаси ва Осиё чемпиони Ҳасанбой Дўсматов бу йилги қитъа биринчилигининг финалига чиққан олтинчи ўзбекистонлик боксчи бўлганди.

Ҳасанбой Дўсматов -49 кг вазн тоифасида финал йўлланмаси учун жангни ҳиндистонлик рақиби Амитга қарши ўтказди.

Тўлиқ уч раунд давом этган ярим финал жанги ортидан, Ҳасанбой Дўсматов ҳакамларнинг якдил қарори билан ғолиб, дея эълон қилинди.

Унинг ғалабаси ортидан, бу йилги Осиё чемпионатининг финал босқичига чиқиб, ўзларига камида кумуш медалларни нақд қилган ўзбекистонлик боксчиларнинг сони олтитага етди.

Жасурбек Латипов, Муроджон Аҳмадалиев ва Элнур Абдураимов ортидан, Бектемир Мелиқўзиев ва Исроил Мадримов ҳам бу йилги қитъа биринчилигининг финалига чиқишди.

Рио Олимпиадаси, ёшлар ўртасидаги сўнгги жаҳон чемпионатининг кумуш медали соҳиби, амалдаги Осиё чемпиони Бектемир Мелиқўзиев ўзининг ярим финал жангини хитойлик боксчи Жябин Хуанга қарши ўтказди ва биринчи раунддаёқ финал йўлланмасини қўлга киритди.

Исроил Мадримов эса, бу каби ҳуқуқни қўлга киритган бошқа бир ўзбекистонлик боксчи бўлди.

Исроил финал учун бўлган жангда қозоғистонлик рақиби Абилхан Аманқулни мағлуб этишнинг уддасидан чиқди.

У ўзининг бу ютуғи билан қолган тўрт жамоадоши каби бу йилги Осиё биринчилигининг камида кумуш медалини ўзига нақд қилди.

Бу икковлондан олдин рингга чиққан жаҳон ва Осиё чемпионатлари совриндори Элнур Абдураимов бу йилги қитъа биринчилигининг финалига чиққан ўзбекистонлик учинчи боксчи бўлди.

Элнур Абдураимов -60 кг вазн тоифасида ўзининг ярим финал жангини хитойлик рақиби Жун Шанга қарши ўтказди.

Ўзбекистонлик сўнгги жаҳон ва Осиё чемпионатининг бронза медали совриндори ҳакамларнинг якдид қарори билан тўлиқ уч раунд давом этган жангни ўз фойдасига ҳал қилди.

Бундан сал аввал Рио Олимпиадаси, жаҳон ва Осиё чемпионатлари совриндори Муроджон Аҳмадалиев Тошкент мезбонлик қилаётган қитъа биринчилигининг финал босқичига чиққан ўзбекистонлик иккинчи боксчи бўлди.

У ўзининг ярим финал жангини жанубий кореялик боксчи Ёнхун Ханга қарши ўтказди, рақибини нокаутга учратди ва муддатидан илгари ғалаба қозонди.

Ҳакам иккинчи раунд ўртасидаёқ жангни тўхтатди, жанубий кореялик боксчи жамлоғи Муроджон Аҳмадалиевнинг устма-уст берган оғир зарбалари ортидан, ўз мағлубиятларини тан олди.

Муроджон Аҳмадалиев бундан аввал ўтказган икки жангини ҳам шу тариқа ўз фойдасига ҳал қилган, дастлабки икки рақибини ҳам бугунгисига ўхшаб нокаутга учратганди.

У Рио Олимпиадаси бронза медали, сўнгги жаҳон ва Осиё чемпионатларининг кумуш медали совриндори бўлган боксчи саналади.

Жасурбек Латипов ўзбекистонлик боксчилар орасидан биринчи бўлиб ярим финал жангларини бошлаб берган ва бу йилги Осиё чемпионатининг финал босқичига чиққан ўзбекистонлик биринчи боксчи бўлганди.

У бироз аввал якунланган ярим финал жангида -52 кг вазн тоифасида қозоғистонлик рақиби Азамат Исақуловни очколар ҳисобига мағлуб этди.

Ўзбекистонлик боксчи иштирокидаги дастлабки ярим финал жангида 3:2 ҳисоби қайд этилди.

Осиё чемпионлиги учун бўлажак финал жангида эса, у Жанубий Корея ёки филиппинлик боксчига қарши жанг ўтказади.

Бу йилги Осиё чемпионатида Ўзбекистонни жаъми 10 нафар боксчиси намоён этган.

Улардан тўққиз нафари ўзларига қитъа биринчилигининг ярим финалига йўлланмани нақд қилишган.

Бу боксчиларнинг барчаси ўзларининг ярим финал жангларини бугун ўтказишади:

14:00. Жасурбек Латипов (Ўзбекистон) - Азамат Исакулов (Қозоғистон)

14:30. Муроджон Аҳмадалиев (Ўзбекистон) - Ёнхун Хан (Жанубий Корея)

15:15. Элнур Абдураимов (Ўзбекистон) - Жун Шан (Хитой)

15:45. Исроил Мадримов (Ўзбекистон) - Абилхан Аманкул (Қозоғистон)

16:00. Бектемир Мелиқўзиев (Ўзбекистон) - Жябин Хуан (Хитой)

18:00. Ҳасанбой Дўсматов (Ўзбекистон) - Амит (Ҳиндистон)

18:40. Иқболжон Холдоров (Ўзбекистон) - Бекдаулет Ибрагимов (Қозоғистон)

19:00. Шахрам Ғиёсов (Ўзбекистон) - Сажжад Козимзодапоштири (Эрон)

19:30. Баҳодир Жалолов (Ўзбекистон) - Муҳаммад Мулаес (Сурия)

Аммо, ярим финал жанги натижаси қандай бўлишидан қатъиназар, уларнинг барчаси ўзларига бу йилги Осиё чемпионатининг бронза медалларини нақд қилишган.

Бундан ташқари, шу йил ойида Германия мезбонлик қилажак бокс бўйича жаҳон чемпионатига ҳам йўлланмани қўлга киритишган.

Ўзбекистонлик қолган боксчилар иштирокидаги ярим финал жангларини ҳам Би-би-си Ўзбек Хизмати билан бирга кузатиб боринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02