Ўзбекистон: 2021 йилдан свет ўчмайдими?

Чироқ ёқиб ўтирган ўзбекистонлик Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC UZBEK

Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йилдан 2021 йилгача Ўзбекистон гидроэнергетикасини янада ривожлантириш чораларига бағишланган қарорни имзолаган.

Қарорга биноан, яқин тўрт йил давомида мамлакатдаги ишлаб турган 32 ГЭСни янгилаш ва яна янги 42 та гидроэлектр станциясини барпо этиш кўзланмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон бундан кейин қайта тикланадиган энергия манбаларини кўпайтириб бориш сиёсатини кучайтириши зарурлигини таъкидланган.

Ўзбекистонда электр қуввати ишлаб чиқариш давлат-акционерлик компанияси - "Ўзбекэнерго" тасарруфидадир.

"Ўзбекэнерго"га кўра, ҳар йили 55 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилаяпти.

Бунинг қарийб 6 миллиарди ГЭСлардан, қарийб 50 миллиарди иссиқлик электр станцияларидан олинаяпти.

Ўзбекистоннинг табиий газ, кўмир ёки мазутни ёқиб электр ишлаб чиқарадиган 10 та Иссиқлик Электр станцияси ва 32 та ГЭСи бор.

"Ўзбекэнерго" мамлакатнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини тўла қондираётганини айтиб келади.

Бу эҳтиёжнинг 55 миллиард кВт/соатга тенглигини айтишади.

Аммо оддий ўзбекистонликлар ўзларининг кундалик турмушларида электр тақчиллиги билан юзма-юз яшаётганларига 20 йилча бўлди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP GETTY IMAGES

Айниқса, қиш ойларида на электр, на газсиз қоладиган қишлоқлар сони йилдан-йилга кўпайди.

Охирги йилларда электрни тежашга пойтахт Тошкентда ҳам мажбур бўлинди.

Бунинг асосий сабабларидан бири мустақиллик йилларида Ўзбекистонда бирорта ҳам янги ГЭС қурилгани йўқ.

Осиё Тараққиёт банки Ўзбекистондаги электр энергияси ишлаб чиқарадиган станцияларнинг ёши 40-50 йилни ташкил этишини ва бу станциялар мустақиллик йилларида жиддий таъмирланмаганини айтади.

Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида, жумладан, шундай деганди:

"...мамлакат бўйича 67 фоиз паст кучланишли электр тармоқлари эскирган бўлиб, трансформатор пунктлари зўриқиб ишламоқда".

"Дастур доирасида электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини янада ошириш, 25 минг 300 километр паст кучланишли электр тармоқларини янгидан қуриш ва реконструкция қилиш, 5 минг 600 та эскирган трансформатор подстанциясини алмаштириш назарда тутилмоқда".

Айни пайтда Ўзбекистон атом электр станцияси лойиҳасини жиддий ўйлаб кўриши лозимлиги ҳақидаги таклифлар ҳам ўртага ташланмоқда.

Ўзбекистонда АЭС қуриш фурсати етдими?

Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорликка кўпроқ йўл очиш, ўзбекистонликлар ўз ишлаб чиқаришларини йўлга қўйиб оилавий даромадларини кўпайтиришлари лозимлигини таъкидламоқда.

Айни пайтда хориждан сармоялар жалб этиш зарурати ҳам тилга олинмоқда, бу барча ўзгартиришлар эса чекка қишлоқ жойларида ҳам мунтазам электр энергиясини талаб қилади.

Электрсиз эса энг оддий буханка ёпадиган печни ҳам ишлатиб бўлмаслигини ҳар бир инсон яхши билади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ