Бокс: Баҳодир Жалолов тўққизинчи Осиё чемпиони

Шаҳрам Гиясов Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Шаҳрам Гиясов ортидан, ҳозиргина якунланган финал жанги натижасига мувофиқ, ўзбекистонлик сўнгги - тўққизинчи боксчи Баҳодир Жалолов ҳам бу йилги Осиё чемпионатининг олтин медалини қўлга киритди.

У ҳаваскор бокснинг энг оғир вазн тоифасида Осиё чемпионлиги учун финал жангида қозоғистонлик ашаддий рақиби - Қамшибек Конкабаевни очколар ҳисобига мағлуб этди.

Баҳодир Жалоловнинг бу ютуғи билан бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобидаги медаллар сони 9 тага етди.

Ўзбекистонлик боксчилар бу йилги қитъа биринчилигини мутлақ олтин медаллар билан якунлашди.

Шаҳрам Гиясовда ҳам олтин

Ҳозиргина якунланган финал жанги ортидан, ўзбекистонлик сўнгги Рио Ёзги Олимпиадаси совриндори Шаҳрам Гиясов Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига саккизинчи олтин медалини келтирди.

У -69 кг вазн тоифасида қитъа биринчилиги учун қозоғистонлик боксчи Аблаихон Жусуповга қарши финал жангини ўтказди.

Жанг Шаҳрам Гиясовнинг яққол устунлиги билан кечди ва ўзбекистонлик боксчи ҳакамларнинг якдил қарори билан финал жанги ғолиби, деб эълон қилинди.

Сўнгги Ёзги Олимпиада Ўйинларининг кумуш медали совриндори бўлган Шаҳрам ўз боксчилик карьерасида илк бор Осиё чемпионлигини қўлга киритди.

У Рио Ёзги Олимпиадасида эришган ютуғи ва боксчилик маҳорати учун Ўйинлар ортидан Осиё Бокс Конфедерацияси томонидан қитъада "Йилнинг топилдиғи", деб ҳам эътироф этилган.

Яна бироздан сўнг ўзбекистонлик сўнгги боксчи - Баҳодир Жалолов рингга чиқади.

У Осиё чемпионлиги финал жангида қозоғистонлик боксчи Қамшибек Конкабаевга қарши рингга тушади.

Иқболжон Холдоров ҳам Осиё чемпиони

Ҳозиргина якунланган навбатдаги финал жанги ортидан, Иқболжон Холдоров Тошкент мезбонлик қилаётган бу йилги Осиё чемпионатининг олтин медалини қўлга киритган еттинчи ўзбекистонлик боксчи бўлди.

Бунгача Ҳасанбой Дўсматов ва Жасурбек Латипов ҳам бу каби шарафга нойил бўлишганди.

У Осиё чемпионлиги учун финал жангини мўғулистонлик рақиби Чинзориг Батарсухга қарши ўтказди.

64 кг вазн тоифасида қитъа ғолиблиги учун жанг аёвсиз кечди.

Аммо бу вазн тоифасида ҳам ғалаба ўзбекистонлик боксчига насиб этди.

Ҳакамларнинг якдил қарори билан Иқболжон очколар ҳисобига жанг ғолиби, деб топилди.

Бугун яна икки нафар ўзбекистонлик боксчи: Шаҳрам Гиясов ва Баҳодир Жалоловнинг чиқиши режаланган.

Қолган икки жанг натижасини ҳам биз билан бирга кузатинг.

Жасурбек Латиповда ҳам олтин

Ҳасанбой Дўсматов ортидан, ҳаваскор бокс бўйича жаҳон чемпионатларининг бронза ва кумуш медаллари совриндори Жасурбек Латипов ҳам Осиё чемпионига айланди.

Жасурбек ҳозиргина якунланган финал жанги ортидан бу йилги қитъа биринчилигининг олтин медалини қўлга киритган олтинчи ўзбекистонлик боксчи бўлди.

У -52 кг вазн тоифасида Осиё чемпионлиги учун курашда жанубий кореялик рақиби Ин Кю Кимни очколар ҳисобида мағлуб этди.

Ўта қизғин кураш остида тўлиқ уч раунд давом этган финал жангида Жасурбекнинг қўли баланд келди.

Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобидаги 6 та олтин медали билан медаллар жадвалининг яққол пешқадамига айланди.

Бугун яна уч нафар ўзбекистонлик боксчининг чиқиши режаланган.

Якуний финал жангларини биз билан бирга кузатиб боринг.

Ҳасанбой яна Осиё чемпиони

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

AIBA таснифида амалдаги "жаҳоннинг энг кучли боксчиси", Рио Олимпиадаси ва Осиё чемпиони Ҳасанбой Дўсматов ҳозиргина якунланган финал жанги ортидан, бу йилги қитъа чемпионлигини ҳам қўлга киритган ўзбекистонлик бешинчи боксчи бўлди.

Ҳасанбой Дўсматов Тошкент мезбонлик қилаётган бу йилги Осиё чемпионатининг олтин медали учун мўғулистонлик рақиби Ган Эрдене Ганхуянгга қарши рингга кўтарилди.

Қитъа чемпионлиги учун жанг тўлиқ уч раунд ва ўта шиддатли кечди.

Томонларнинг қарама-қарши зарбалари остида кечган финал жангида ҳакамлар якдиллик билан устунликни Ҳасанбой Дўсматовга беришди.

Эслатиб ўтиш жоиз, Ҳасанбой -49 кг вазн тоифасида 2015 йилги Осиё чемпионатининг ҳам ғолиби бўлади.

Бугун яна тўрт нафар ўзбекистонлик боксчининг чиқиши режаланган.

6 май кунги финал жангларида ўзбекистонлик тўрт нафар боксчининг барчаси Осиё чемпионлигини қўлга киритишган.

Якуний финал жангларини биз билан бирга кузатиб боринг.

AIBA таснифида амалдаги "жаҳоннинг энг кучли боксчиси", Рио Олимпиадаси чемпиони Ҳасанбой Дўсматовнинг отаси Маъруфжон ака Ҳайитбоев Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида ўғли қатори бугун финал жангги учун рингга кўтарилажак ўзбекистонлик қолган боксчиларга худди шундай тилак билдирди:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
'Ҳаммаси олтин олсин, омадини берсин'

Яна қисқа фурсатлардан сўнг ўзбекистонлик қолган беш нафар боксчи Осиё чемпионлиги учун рингга кўтарилишади, ўзларининг финал жангларини ўтказишади.

Якшанба кунги финал жанглари ортидан, Ўзбекистон пойтахти Тошкент мезбонлик қилаётган 29-Осиё чемпионати ўз ниҳоясига етади.

Бу йилги қитъа биринчилигида Ўзбекистонни жаъми 10 нафар боксчиси намоён этган, улардан 9 таси финал босқичига чиққан.

6 май куни рингга кўтарилган тўрт нафар ўзбекистонлик боксчининг барчаси ўзларининг финал жангларини ғалаба билан якунлашган, Осиё чемпионлигини қўлга киритишган.

Муроджон Аҳмадалиевнинг ортидан, Элнур Абдураимов, Исроил Мадримов ва Бектемир Мелиқўзиевлар бу йилги қитъа биринчилигининг олтин медалларини қўлга киритишган.

7 май кунига режаланган финал жангларида эса:

14:30 - Ҳасанбой Дўсматов - Ган Эрдене Ганхуянг (Мўғулистон)

15:15 - Жасурбек Латипов - Ин Кю Ким (Жанубий Корея)

16:00 - Чинзориг Батарсух (Мўғулистон) - Иқболжон Холдоров

18:30 - Шаҳрам Ғиёсов - Аблаихон Жусупов (Қозоғистон)

19:15 - Баҳодир Жалолов - Қамшибек Конкабаев (Қозоғистон)

лар рингга кўтарилишади.

Бугунги финал жангларини ҳам Би-би-си Ўзбек Хизмати билан бирга кузатиб боринг.

Осиё чемпионати баҳслари эса, пойтахт Тошкентдаги "Ўзбекистон" спорт мажмуасида бўлиб ўтмоқда.

Аммо, таъкидлаш жоиз, ўзбекистонлик 10 нафар боксчининг барчаси шу йил куз ойида Германия мезбонлик қилажак жаҳон чемпионатига аллақачон йўлланмани қўлга киритиб бўлишган.

Тошкент мезбонлик қилаётган Осиё чемпионатида эса, қитъанинг 28 давлатидан 179 нафар боксчи ғолиблик учун кураш олиб боришганди.

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси эса, медаллар жадвали пешқадамлигига асосий даъвогарлардан бири сифатида кўрилади.

Бугунги финал жанглари арафасида ҳам бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобидаги 4 олтин медали билан медаллар жадвалида илғорлик қилмоқда. Ҳам минтақада ва ҳам қитъада пешқадамлик қилмоқда.

1 олтин, 1 кумуш ва 4 бронза медаллари билан қўшни Қозоғистон жадвалда Ўзбекистондан кейин иккинчи ўринни эгаллаб турибди.

Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг ҳисобларида эса, биттадан бронза медаллари бор.

Юқори учликни ҳозирча Ҳиндистон тўлдириб турибди.

Уларнинг ҳисобида бу йилги Осиё чемпионатининг 2 тадан кумуш ва бронза медаллари бор.

Ўзбекистон Бангкок мезбонлик қилган бокс бўйича 2015 йилги Осиё чемпионатини 2 та олтини дохил жаъми 8 та медаль билан якунлаган.

Ўша йили медаллар жадвалида қўшни Қозоғистондан кейин 2-ўринни эгаллаб, юқори учликдан жой олган.

Тошкент шаҳри бунгача 1995 ва 1999 йилларда қитъанинг энг кучли боксчилари иштирокидаги Осиё чемпионатларига мезбонлик қилган.

Ўзбекистонда яна 2015 йилги ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати, шунингдек, WSB бутунжаҳон бокс серияси ва AIBA Pro Boxing лойиҳаси турнирининг бир неча жанглари ўтказилган.

Бокс бўйича бу йилги Осиё чемпионати 30 апрель куни расман очилган ва бугун 7 май куни расман поёнига етади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар