Тадбиркорлар ҳимоячиси фақат Президентга бўйсинади

тадбиркор

Ўзбекистонда тадбиркорларни ҳимоя қилиш учун кенг миқёсда ваколатга эга институт таъсис қилинмоқда. Президент ҳузурида таъсис қилинаётган вакил институти тўғридан-тўғри Мирзиёевга бўйсиниши ва тадбиркорлар ҳуқуқини ҳимоя қилишда бошқа ҳокимият органларининг таъсирига тушиб қолмаслиги айтилмоқда. Айрим тадбиркорлар Ўзбекистонда кўплаб қарор ва фармонлар қабул қилинаётганига қармасдан уларнинг ҳуқуқлари бирдек ҳимоя қилинмаётганини айтишади.

5 май куни Мирзиёев "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институтини таъсис этиш тўғрисида"ги фармонни имзолаган.

"Ушбу институт келгусида тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари ўртасидаги самарали мулоқотнинг янги механизмларини жорий қилишга, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган давлат ҳимоясининг қўшимча кафолатларини яратишга хизмат қилади", - дейилади шарҳда.

Вакил деб юритилаётган институт қуйидаги вазифаларни бажаради.

Тадбиркорлик субъектларининг фаолияти текширилаётганда уларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш бўйича вазифаларни бажаради. Соҳадаги қонун ҳужжатлари нормалари ва талабларининг амалда рўёбга чиқарилаётганлигини ўрганади.

Қонун ҳужжатларининг тадбиркорлик фаолияти амалга оширилишига таъсирини баҳолайди, тадбиркорликнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлашга, уларнинг ривожланишини рағбатлантиришга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлайди.

Мисли кўрилмаган ваколатлар...

Фармонга ёзилган шарҳда айтилишича, ушбу институт бу вақтгача тадбиркорлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича мисли кўрилмаган ваколатларга эга бўлади. Вакил давлат органлари ва бирор мансабдор шахсга тобе бўлмаган ҳолда фаолият юритади. У фақат Президентга ҳисоб бериши айтилмоқда.

"Қонун бузилишларга ўз вақтида барҳам бериш учун қатъий чораларни кўришида, қонунбузилишларга йўл қўйган барча мансабдор шахслар учун жазонинг муқаррарлиги принципини таъминлашида муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади", - дейилади фармон шарҳида.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг, ҳар хил асоссиз текширувлар ўтказиш йўли билан аралашувларнинг зудлик билан барҳам берилишига, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилишининг ҳар қандай шаклининг олдини олиш учун самарали чоралар кўрилишига, тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, шу жумладан, суд орқали тиклаш механизмларидан унумли фойдаланиш имкониятини янада кенгайтиришга хизмат қилиши айтилмоқда.

Кузатувчилар ушбу фармон Ўзбекистонда тадбиркорларни қўллаб қувватлаш йўлида ҳукумат томонидан чиқарилган қонун ҳужжатларининг амалда ишламаётганини кўрсатиб беоришини айтишади.

Фармонда тадбиркорлик фаолиятига аралашувлар олдини олиш ва институтнинг фақат Президентга бўйсиниши белгилаб қўйилиши Ўзбекистонда мансабдор шахслар томонидан коррупциянинг кенг қулоч ёйганидан нишона эканлиги айтилади.

Президент яна битта олий идора тузиш орқали орқали ҳуқуқлари топталаётган тадбиркорларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга ўзига хос йўл билан ёндашмоқда.

Бироқ кузатувчилар Ўзбекистонда судлар турли органлар, мансабдор шахслар ҳамда манфаатдор гуруҳлар таъсиридан мустақил бўлмас экан, бу каби чоралар самара бермаслигини айтишади.

Президент Мирзиёевга мурожаат қилган тадбиркор Олим Сулаймонов фирибгарлик, туҳмат қилганлик ва уйдирма гапларни оммавий ахборот воситаларига тарқатишда айбланиб, уч йилдан кўпроқ муддатга қамоққа ҳукм этилди.

Ўзбекистонда оддий мулк дахлсизлиги ҳуқуқининг намойишкорона бузилаётгани ҳали бу соҳада кўплаб ишлар қилиниши кераклигини англатади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМканалимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ