Бокс: Ўзбекистон Осиёда рекорд ўрнатди

Ҳасанбой Дўсматоқ Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бу йилги Осиё чемпионатидаги иштироки билан бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси ўзига хос рекорд ўрнатди.

Пойтахт Тошкент мезбонлик қилган қитъа биринчилигида финалга чиққан тўққиз нафар боксчисининг барчаси ғалаба қозонди.

Осиё миқёсида умумжамоа ҳисобида энг яхши натижа қайд этиб, барчаси олтин бўлган 9 та медали билан медаллар жадвали пешқадами бўлди.

Бу галги ютуғи билан кетма-кет икки карра Осиё чемпионига айланган Ҳасанбой Дўсматов чемпионатнинг "Энг яхши боксчиси", деб топилди.

Ўзбекистонни бу йилги қитъа биринчилигида жаъми 10 нафар боксчиси намоён этган бўлса, улардан тўққизтаси финалга чиққан.

Аммо улардан барчаси бу йил Германия мезбонлик қилажак бокс бўйича жаҳон чемпионатига ҳам йўлланмани ўзларига нақд қилишган.

Ўзбекистонлик боксчиларнинг бу каби натижаларига баҳо бераркан, Германиядан профессионал бокс "қироли" Артур Григорян "буниси ҳам вой-бў", дейдиган ютуқ дейди.

"Ақл бовар қилмас ютуқ, ҳақиқатан ҳам бир мўъжиза. На-да собиқ Шўролар Иттифоқи ва на-да Куба терма жамоаси тўлиқ таркибда бунча олтин медалларни қўлга кирита олмаган. Уларнинг бунга қандай қилиб муваффақ бўлишганига ўзимнинг ҳам ақлим шошиб қолди. Худди шу боис ҳам, мамлакатимиз, республикамиз, боксчиларимиз ва бу каби муваффақиятимиз учун жуда хурсандман. Уларга ҳар доим ғалаба ёр бўлишини тилаб қоламан. Мен ҳеч қачон Ўзбекистонни унутмайман. Ҳозир ҳам Ўзбекистон фуқаросиман. Ўзбекистон - менинг ватаним. Мамлакатим ва халқим учун қувончимнинг чеки йўқ. Бир оғиз сўз билан айтганда, барчани бу каби ютуқ билан табриклаб қоламан", - дейди асли ўзбекистонлик ўз даврининг энг номдор боксчиларидан бири ва ҳозирда мураббий бўлмиш суҳбатдошимиз.

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг бундан аввал Осиё қитъасида ўзи учун қайд этган рекорд натижаси 1999 йилга тўғри келади.

Ўшанда ҳам пойтахт Тошкент мезбонлик қилган биринчиликда ўзбекистонлик боксчилар 7 та олтин медали қўлга киритишган.

Ҳисобларидаги 2 та бронзаси дохил 9 та медаллари билан медаллар жадвалида Қозоғистон баробарида қолган барча иштирокчи давлатларни ортда қолдириб кетишганди.

Худди ўша йили Осиё чемпионлигини қўлга киритган Муҳаммадқодир Абдуллаев ўзбекистонлик қўлқопдошларининг бугун Тошкентда қайд этган тарихий натижаларига баҳо бераркан, "Ўзбек нимага қодирлигини кўрсатишди", дейди.

Осиё қитъасида эса, ўзбекистонлик боксчилар ўзларининг сўнгги ютуқлари билан 1965 (Сеул) ва 1987 (Қувайт) йилда Жанубий Корея томонидан ўрнатилган ўзига хос рекордни янгилашди.

Улар Осиё чемпионатининг 9 та олтин медалини қўлга киритишди.

Бу - жанубий кореяликлар ҳар икки гал ҳам қўлга киритганидан биттага кўп, деганидир.

Риодаги рекорд

Ўзбекистонлик боксчилар сўнгги Рио Ёзги Олимпиадасида ҳам ўзига хос рекорд ўрнатишган.

Умумжамоа ҳисобида қўлга киритган медалларининг сони бўйича Куба дохил қолган барча иштирокчи давлатларни ортда қолдириб, медаллар жадвалида биринчи ўринни эгаллашган.

Ўтган олти Ёзги Олимпиада Ўйинларида кузатилмаган бир даражада Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Риода энг кўп медалларини (шу жумладан, олтинларини ҳам) бокс спорт турида қўлга киритган.

Ўзбекистонлик боксчилар Ўйинларни 3 та олтин, иккитадан кумуш ва бронза медаллари билан якунлаганди.

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳисобига илк олтин медални ҳам боксчиси Ҳасанбой Дўсматов келтирган.

Айнан Рио Олимпиадасида Ҳасанбой Дўсматов Ўзбекистон тарихида Ўйинларнинг техник жиҳатдан энг кучли боксчи, деб тан олинган ўзбекистонлик биринчи чарм қўлқоп устаси бўлган.

Худди шу Ўйинларда кўрсатган маҳорати учун Рио Олимпиадаси ортидан AIBA томонидан жаҳонда "Йилнинг энг кучли эркак боксчиси", деб ҳам топилган.

Бу ҳам боксчилари учун Ўзбекистон тарихида кузатилмаган бир ютуқ бўлганди.

Айнан боксчиларининг муваффақияти сабаб, Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларида Ўзбекистон ҳисобидаги жаъми 13 та медали билан 206 иштирокчи давлат орасидан медаллар жадвалида 21-ўринни эгаллаган.

Ўзбекистон Ўйинларда 100 дан ортиқ спортчиси билан иштирок этган Қозоғистонни ҳам бир ўринга ортда қолдириб кетган.

Осиёда Хитой, Япония ва Жанубий Кореядан кейин тўртинчи ўринни эгаллаган.

Бунақаси ҳам мустақил Ўзбекистон тарихида кузатилмаган бир натижа бўлганди.

30 апрель куни расман Ўзбекистон пойтахти Тошкентда очилган бокс бўйича 29-Осиё чемпионати эса, бугун - 7 май куни поёнига етди.

Бу йилги қитъа биринчилигининг финал жанглари 6-7 май кунлари бўлиб ўтди.

Ўзбекистонлик 9 нафар финалчидан тўрттаси Осиё чемпионлигини кеча - шанба куни бўлиб ўтган ҳал қилувчи якуний баҳсларда қўлга киритишганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар