Исломий Ўйинлар: 'Мақсад - олтин'

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Исломий Ўйинлар: 'Мақсад - олтин'

Эркин кураш бўйича жаҳон, Осиё чемпионатлари ва Рио Олимпиадаси совриндори Ихтиёр Наврўзовнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, Ўзбекистон илк бор иштирок этажак бу йилги "Ислом бирдамлик ўйинлари"дан фақат ғалаба билан қайтиш умидидалар.

"Тўғрисини айтсам, ҳаммамиз бу ўйинларда биринчи бор иштирок этаяпмиз. "Ислом бирдамлик ўйинлари" бу - кичкина бир Олимпиада-да. Катта бир мусобақа, катта бир байрам. Шунинг учун ҳам осон бўлмайди. Аммо бор кучимизни сарфлаймиз. Ҳаяжон бор, қўрқув бор, албатта".

"Мен ўйлайманки, Худо хоҳласа, ҳар битта спортчимиз қўлидан келганча ҳаракат қилиб, жонини бериб, ҳар доим байроғимизни баланд кўтаришга ҳаракат қилади", - дейди бу номдор эркин курашчи суҳбатдошимиз.

Озарбайжон пойтахти Боку мезбонлик қилажак IV "Ислом бирдамлик ўйинлари" 12 май куни расман очилади ва ўн кун давом этади.

Бу йилги ўйинларда биринчи бор Исломий Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо барча 57 давлат вакиллари иштирок этишади.

Жаъми 3500 нафар иштирокчи 20 нафар спорт тури бўйича ўйинларнинг совринли ўринлари учун кураш олиб боришади.

Бу - Ўзбекистон терма жамоасининг "Ислом бирдамлик ўйинлари"даги илк иштироки бўлади.

Аммо, шунга қарамай, Ўзбекистон ўйинларда катта сондаги - 100 дан ортиқ спортчиси билан иштирок этмоқчи.

Бокс, дзюдо, таэквондо, эркин, юнон-рум кураши, оғир атлетика, бадиий ва спорт гимнастикаси дохил спортнинг 15 тури бўйича ғолиблик учун беллашмоқчи.

Бокуга Дмитрий Шокин, Оксана Чусовитина, Ихтиёр Наврўзов, Дониёр Солиев каби Олимпия, Паралимпия Ўйинлари, жаҳон, Осиё чемпионати совриндорлари ва иштирокчиларини юбормоқчи.

Бу - Ўзбекистон терма жамоасининг 2016 йилги Рио Ёзги Олимпиадаси ортидан бунча катта спортчиси билан иштирок этаётган биринчи халқаро турнир бўлади.

Рио Ёзги Олимпиадасини эса, Ўзбекистон дунёнинг аксарият аҳолиси мусулмон давлатлари орасида энг яхши натижа билан якунлаган.

Ўйинларнинг тўртта олтин, иккита кумуш ва еттита бронзадан иборат 13 медалини қўлга киритганди.

Тошкентдан номдор эркин курашчи суҳбатдошимиз Ихтиёр Наврўзов ҳам ўйинларнинг олтин медалига умид қилаётганини яширмайди.

"Ҳамма вақт спортчига омад кулиб боқиши керак. Меҳнатнинг тагида, барибир, омад ҳам ётади. Худо хоҳласа, мақсадим - максимум ҳаракат қилиб, олтин олиш", - дейди у.

Устига устак, бу йилги "Ислом бирдамлик ўйинлари" пойтахт Тошкент мезбонлик қилган ва тўққиз боксчисининг барчаси бирдек олтин медали олиб, Осиёда ўзига хос рекорд ўрнатган қитъа чемпионатидан саноқли кунлар ўтиб бўлиб ўтади.

Ўзбекистоннинг бу галги ўйинларда иштирок этиш режасида эканига оид расмий хабарлар эса, Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг Тошкент мезбонлик қилган 43-сессиясидан саноқли ойлар ўтиб ўртага чиқмоқда.

Ўтган йил октябрь ойида бўлиб ўтган ана шу йиғинда Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг раислиги Қувайтдан Ўзбекистонга ўтиши айтилган.

Ўзбекистон жорий йилга режаланган навбатдаги мажлисига қадар бу кенгашга раислик қилиши маълум бўлганди.

Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти 1969 йилда ташкил этилган бўлса, Ўзбекистон унга 1996 йилда аъзо бўлиб кирган.

Ўша пайтда Ўзбекистон муваққат президенти бўлган Шавкат Мирзиёев мажлисни расман очиб бераркан, ташкилотга аъзо давлатларни Ислом дини қадриятларини ҳимоя қилиш ва мусулмон дунёси мутафаккирларининг ютуқларини кўпроқ тарғиб этишга ҳам чақирганди.

Мезбон Боку

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Боку - аксарият аҳолиси мусулмон бўлган собиқ Шўро давлатлари пойтахтлари орасидан "Ислом бирдамлик ўйинлари"га мезбонлик қилаётган биринчи шаҳар бўлади.

2005 йилда йўлга қўйилган илк ўйинларни Саудия Арабистони қабул қилиб олган.

Эрон ва Араб давлатлари ўртасидаги келишмовчиликлар боис, Теҳрон мезбонлик қилиши керак бўлган 2009 йилдагиси бекор қилинган.

Орадан тўрт йил ўтиб бўлиб ўтган III "Ислом бирдамлик ўйинлари" эса, Индонезиянинг Пеканбару шаҳрида кечган.

Озарбайжондан олинган хабарларга кўра, расмий Боку ўзлари илк бор мезбонлик қилаётган ўйинларнинг имкон қадар силлиқ кечиши истагида.

Аён бўлишича, худди шу боис ҳам, ҳозир Бокуда хавфсизлик чоралари кучайтирилган, жамоатчилик жойлари ва дипломатик ваколатхоналар ташқарисига қўшимча милиция ходимлари сафарбар этилишган.

Ўйинлар жараёнида аҳолиси 2 миллиондан ортувчи бу шаҳарда спортчи, журналист ва мухлисларнинг ҳаракатланишларини енгиллаштириш учун махсус чора-тадбирларга ҳам қўл урилган, йўлларда "Боку 2017" йўналиши очилган.

Нефтга бой Озарбайжон сўнгги йилларда бу каби нуфузли халқаро турнирларга имкон қадар кўпроқ мезбонлик қилиш саъй-ҳаракатига тушиб қолган.

2015 йилда илк Европа Ўйинлари ҳам айнан Бокуда бўлиб ўтган.

Расман унинг бир миллиард доллардан ортиқроққа тушгани айтилганда ҳам, ўша пайтда бу рақамлар яхшигина танқидларга сабаб бўлмай қолмаган.

Европа Ўйинлари арафасида қатор нуфузли халқаро инсон ҳақларини сақлаш ташкилотлари унга ҳозирликлар жараёнида кўплаб ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилганидан шикоят этиб ҳам чиқишган.

Ўтган йил Озарбайжон ўз тарихида илк бор нуфузли Оврўпо Гран-при пойгаси: "Формула-1"ни қабул қилиб олган.

Расмий Боку эса, бу каби халқаро миқёсдаги мусобақаларга мезбонлик қилиш билан алал-оқибат Ёзги Олимпиада Ўйинларига мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритмоқчи.

Бундан ташқари, бу каби мезбонликлар билан халқаро миқёсда ўз имажини яхшиламоқчи.

IV "Ислом бирдамлик ўйинлари"нинг расмий очилиш тантаналари 12 майга режаланган эса-да, бугун - 8 май куни старт олган футбол бўйича гуруҳ босқич саралаш беллашувлари билан мазкур турнир аллақачон бошланиб кетган.

Бу тадбир бориши ва назоратига Ислом бирдамлик спортлари федерацияси масъул кўрилади.

Ўзбекистон илк бор иштирок этаётган бу галги ўйинларни Би-би-си Ўзбек Хизмати билан бирга кузатиб боринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02