Хориждаги ўзбекистонликларга ёрдам сайти ишламоқда

O'zbekiston pasporti Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC UZBEK

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар тарқатишича, хориждаги Ўзбекистон фуқароларига тезкор ёрдам кўрсатадиган онлайн модул йўлга қўйилган ва ҳозиргача бу модулдан фойдаланиб 100 дан ортиқ киши мурожаат қилган.

Янги хизмат consul.mfa.uz веб-сайтида 2017 йилнинг март ойида йўлга қўйилган.

Эслатиш жоиз, Ўзбекистонда биометрик паспортга ўтиш жараёни чет мамлакатларда бўлган Ўзбекистон фуқароларида кўплаб саволлар ҳамда ҳаётларида мушкулликлар келтириб чиқарди.

Ана шу йилларда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистоннинг хориждаги элчиликлари ва консулликларига, шунингдек, вазирлик ва элчихоналарнинг расмий веб-сайтларига мурожаатлар кўпайди.

Аммо йиллар давомида Ташқи ишлар вазирлиги ва консулликларининг ҳам, расмий интернет саҳифаларининг ҳам фаолияти бесамар бўлди ва бу ҳақда хориждаги оммавий ахборот воситаларида кўп маротаба мақолалар эълон қилинди.

Президент Ислом Каримовнинг вафотидан кейин Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик муассасалари фаолиятида ҳам ўзгаришлар кузатилмоқда.

Хусусан, яқинда Ўзбек ташқи сиёсат идораси хориждаги миллионлаб ўзбекистонликларнинг муаммоларига кўз юмиб келганини эътироф этди.

ТИВ консулликлар муаммоларини тан олди

"Хориждаги Ўзбекистон фуқароларига тезкор ёрдам бериш мақсадида шу йилнинг март ойидан бошлаб consul.mfa.uz сайтида "онлайн маслаҳат" модули ишга туширилди ва ҳозирги кунга қадар 100 дан ортиқ фуқаро мурожаати қабул қилинди", — дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг 2017 йил 1-чораги мобайнидаги фаолиятига бағишланган хабарда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи consul.mfa.uz

consul.mfa.uz сайтининг "онлайн маслаҳат" модулига чет элда яшаётган ўзбекистонликлар кўпроқ қуйидаги саволлар билан мурожаат қилишган: "Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансуб эмаслик тўғрисидаги маълумотномани қай тарзда олиш мумкин?", "Ўзбекистондан ҳужжатни сўраб олиш тартиби қандай?", "Хориж давлат фуқаролигини қабул қилгандан кейин Ўзбекистон фуқаролари қандай ҳаракатларни амалга оширишлари зарур".

Ўзбекистон паспортида ушбу ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг мулки экани ва паспорт эгаси Ўзбекистон ҳимоясида экани таъкидлаб қўйилган.

Бироқ узоқ йиллар давомида хориждаги ўзбекистонликлар ўз ватанларининг на ҳимояси ва на қўллаб-қувватловини кўрдилар, шу сабабдан ҳам яшаб турган хорижий мамлакати фуқаролигини олишга қарор қилдилар.

consul.mfa.uz сайтининг "онлайн маслаҳат" модулига келиб тушган энг кўп саволлар ҳам хориж давлати фуқаролигига боғлиқ бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ