"Ахборот" нақд пул муаммоси ҳақида гапирди

Axborot teledasturi Фото муаллифлик ҳуқуқи Mtrk.uz
Image caption Охирги вақтда "Ахборот" информацион дастурида жамиятдаги камчиликлар ҳақида гапирила бошланди.

Оддий ўзбекистонликлар орасида "Жаннатдан репортаж" деб олган "Ахборот" янгиликлар телевизион дастурининг мавжуд муаммоларни ёритишни бошлагани кўпчиликни қувонтирмоқда.

Зукко халқ Ўзбекистондаги реал ҳаёт ва давлат телеканаллари, радиостанциялари ҳамда матбаа нашрлари ёритаётган мавзулар орасидаги фарқни аллақачон илғаган, "Ахборот" теледастурини "Жаннатдан репортаж" деб атаганига ҳам 20 йилдан ортиб қолди.

Сабаби, асосий давлат телеканаллари бўлган "Ўзбекистон" ва "Ёшлар"да ташкил этилганларидан буён ҳар бир кадр, ҳар бир айтилган ва ёзилган сўз қаттиқ цензура қилинган, одамларни қийнаган муаммолар энг охирги марта 1992 йил бошларида телевизорда гапирилишига рухсат берилган эди.

Таниқли журналист Жаҳонгир Муҳаммад телевидение раҳбарлигидан истеъфо беришига 16 январдаги Тошкент Вузгородогидаги талабалар норозилиги ҳақидаги лавҳанинг эфирга узатишга рухсат берилмаганини айтган эди.

Кейинги йилларда эса жамиятдаги ўткир муаммолар мавжудлиги ҳақида гапириш у ёқда турсин, телерадиокомпаниянинг "Пахтакор" метросидаги биносига яқин кўчадаги ночор аҳволни кўрсатиш ҳам буткул тақиқланган эди.

"Ахборот" ёки "Давр" информацион дастурлари ҳали кундузи ёзиб олинар, қайта-қайта цензорларнинг "просмотр"идан ўтказиларди.

"Девон"дан(президент маъмуриятидан) фармон ёки қарор келиб қолса, информацион кўрсатув бошланиши қайта видеотасмага ёзилиб матн сухандонга ўқитиларди.

Бугунга келиб 32 миллионли халқнинг аксари истиқомат қилаётган уйларнинг ҳақиқий аҳволи "Ахборот" дастурида кўрсатилаётгани ҳам ўзбекистонликларни, ҳам Ўзбекистондаги матбуот эркинлигини кузатаётган ташкилотларни хурсанд қилаяпти.

Январь ойи охирида Президент Шавкат Мирзиёев Хива туманидаги Чодра қишлоғига борди ва давлат телеканаллари илк бор Ўзбекистоннинг аксар қишлоқларидаги ҳақиқий шароит қандай эканини намойиш этди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Mtrk.uz
Image caption “Ахборот” кўрсатуви фақат ялтир-юлтирни намойиш этарди

Марҳум президент Ислом Каримов раҳбарлиги йилларида фақат бир киши кўриши учун намунали уй, янги бино, ҳашаматли кўринишлар ташкил қилинар, телеканаллар тасвирга олиб бўлганидан кейин уй ичидаги жиҳозлар яна қайта олиб чиқиб кетилган ҳоллар кўп бўлган.

8 май куни "Ахборот" информацион дастури халқ қабулхоналари фаолияти ҳақида бир неча сюжет намойиш этди, улардан бирида ўз маошини нақд пулда ололмаган киши ортида Президент Мирзиёевнинг раҳбарларнинг халқ дарду-ташвиши билан яшашлари лозимлиги ҳақидаги чақириғи кўрсатилди.

Халқ қабулхонасига мурожаатдан кейин Бухоро вилояти яшовчиси муаммоси бир соатда ҳал бўлганини айтди.

Демакки, матбуотнинг муаммони кўтариб чиқаётгани муаммо ҳал бўлишига кўмаклашмоқда.

Аммо шуни ҳам эслатиш керакки, кўп йиллар давомида халқ арзу-доди битилган ҳужжатларни "футбол қилишга" ўрганиб қолган амалдорлар бир кунда халқ ғамхўрларига айланиб қолганлари йўқ.

Улар ўша йиллари бу борада "кўп тажриба орттирганлар".

Хусусан, Президент Виртуал Қабулхонасига қилинган шикоят ҳал бўлди, деб Тошкентга ҳисобот ёзиб юбориб, аризачига босим ўтказиш ёки "менинг муаммом ҳал бўлди", деган мазмунда қоғоз ёзишга мажбурлаш ҳоллари бугун ҳам кузатилмоқда.

Янгича ишлашга журналистларнинг юраги "ўт бўлиб ёняпти" деб ҳам бўлмайди.

Президент Мирзиёев Миллий Телерадиокомпания раисини ўзгартирди.

"Ахборот" кўрсатувига таҳририят алоҳида дирекция бўлган йиллари раҳбарлик қилган Бобур Алихонов қайтгани хабар қилинди.

Шундан кейин "Ахборот"даги хориж хабарлари фақат бахтсиз ҳодисалар жамланмасидан иборат бўлмай қолди.

"Ура-урачилик замони ўтди. Телевизорда танқидий ва таҳлилий материаллар бериш керак. Одам кўрсатувларни соғиниб кутиши керак. «Ахборот» кўрсатувини ўзгартиришимиз керак", деб айтган Президент Шавкат Мирзиёев 30 март куни видеоселектор орқали ўтказган мажлисида.

Ўзбекистонликлар чиндан ҳам "Ахборот"нинг ўзларининг дарду-ташвишларини бутун Ўзбекистонга кўрсатадиган, бунинг ортидан эса муаммолари ҳал бўладиган соғинчли кўрсатув бўлишини хоҳлашади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ