Боксчилари ортидан энди курашчилари...

Элмурот Тасмуродов Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Юнон-рум кураши бўйича жаҳон, қитъа чемпионатлари ва Рио Ёзги Олимпиадаси совриндори Элмурот Тасмуродов Деҳлидаги Осиё биринчилигида Ўзбекистонни намоён этажак 24 нафар курашчидан биттаси бўлади.

Элмурот Тасмуродов -59 кг вазн тоифасида Осиё чемпионатида катта тажрибага эга, у 2013, 2014 ва 2015 йилларда кетма-кет биринчиликнинг олтин медалларини қўлга киритган.

Бу каби натижа юнон-рум кураши бўйича қитъада камдан-кам курашчига насиб этган.

Видеолавҳани BBC UZBEK YouTube каналида томоша қилинг

Деҳли: 'Ўзбек курашчиларини кўраман, деганларни айтинг'

"Мен -59 кг вазн тоифасида уч марта Осиё чемпиони бўлдим. Эндиги мақсад янги - 66 кг вазн тоифамда ҳам шу натижаларни кўрсатиш-да", - дейди 25 ёшли Элмурот Тасмуродов Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

Бу йилги Осиё чемпионатида Ўзбекистонни намоён этажак номдор курашчилари орасида яна Ихтиёр Наврўзов, Рустам Ассакалов, Бекзод Абдураҳмонов, Магомед Идрисович Ибрагимовлар,..лар ҳам бор.

Спорт курашлари бўйича бу галги Осиё чемпионати 10-14 май кунлари Ҳиндистон пойтахти Деҳлида бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Қозоғистондан кейин бу биринчиликда энг катта сондаги курашчиси билан иштирок этаётган Марказий Осиё давлатидан биттаси бўлади.

Қозоғистон мезбон Деҳлига 43 нафар курашчисини юбораётган бўлса, Қирғизистон 21, Тожикистон 13 ва Туркманистон бор-йўғи 4 спортчиси билан бу йилги биринчиликда иштирок этишни кўзлаган.

Бангкок мезбонлик қилган сўнгги Осиё чемпионатини Марказий Осиё давлатлари орасидан Қирғизистон энг яхши натижа билан якунлаган.

2016 йилги қитъа биринчилигининг 3 та олтин, 2 та кумуш ва 5 та бронза медалларини қўлга киритган.

25 иштирокчи давлат орасидан медаллар жадвалида Эрондан кейин иккинчи ўринни эгаллаган.

Қолган бирор бир Марказий Осиё давлати ўша йилги медаллар жадвалида юқори учликка киролмаган.

Энг сўнггида таъкидлаш жоиз, кураш бокс билан бирга ўзбекистонлик курашчилар турли халқаро турнирларда ўз тарихларида энг кўп совринли ўринларга кўтарилган иккита спорт туридан биттаси бўлади.

Спорт курашчилари бўйича бу йилги Осиё чемпионати эса, бокс бўйича пойтахт Тошкент мезбонлик қилган ва 9 та олтин медали билан янги рекорд ўрнатган қитъа биринчилигидан саноқли кунлар ўтиб бўлиб ўтади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Алоқадор мавзулар