Петербург ҳужуми: 3 ўзбекка террор айблови эълон қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novisti
Image caption Маҳамадюсуф Мирзаалимов шубҳаланувчилар орасидаги ягона Россия фуқароси.

Санкт-Петербург метросидаги бомба ҳужумига алоқадорликда ҳибсга олинган 10 кишидан 3 нафарига расман айблов эълон қилинди. Бу ҳақида Россия Тергов қўмитасининг воизи Светлана Петренко матбуотга маълум қилди.

"Ҳозирда мазкур жиноий иш бўйича 10 киши ушланган. Улардан 3 нафари - Баҳром Эргашев, Иброҳимжон Эрматов ва Маҳамадюсуф Мирзаалимовга "террор амалини қилиш, портловчи моддалар ва портловчи жиҳозларни ноқонуний йўл билан сотиб олиш, сақлаш ва ташиш" айбловлари қўйилди. Қолган шерикларига ҳам яқин орада айбловлар эълон қилинади", - деди Петренко.

Маълум бўлишича, учовлоннинг барчаси этник ўзбек, икки нафари Қирғизистон фуқароси, бири - Россия фуқароси.

3 апрелда Санкт-Петербургнинг "Сенная площадь" ва "Технологический институт-2" метро бекатлари ўртасида портлаш юз берган. "Площадь Восстания" бекатидаги қўлбола бомба портлаши эса бартараф этилганди.

Тергов қўмитасига кўра, ҳужумларни 1995 йилда Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида туғилган Россия фуқароси Акбаржон Жалилов амалга оширган. Қўмита унинг ўзи ҳам ҳужумда ўлганини айтган.

38 ёшли Баҳром Эргашев ва 24 ёшли Иброҳимжон Эрматов - Қирғизистон фуқаролари. Эргашев қурувчи бўлиб ишлаган. Эрматов эса икки йил аввал Жалилов билан суши-барда ишлаган.

21 ёшли Маҳамадюсуф Мирзаалимов - Россия фуқароси. У ҳам Жалилов билан суши-барда ишлаганида танишган.

Суд мажлисларидаги чиқишларида шубҳаланувчилари Жалиловнинг бундай ҳужумни амалга оширган бўлишидан шокка тушганларини айтганлар.

Уларнинг ҳеч бири террор ҳужумига алоқадор эканликларини тан олишмади. Улар 2 июнгача ҳибсда ушлаб турилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар