Европадаги ўзбеклар қатлгоҳида

101 Ўзбек учун ёқилган шамлар Фото муаллифлик ҳуқуқи Marco Hofste Photography
Image caption Голландлар ҳар йили 101 Ўзбек хотирасига шам ёқишади.

101 йигит немис фашистларига қарши курашиш учун Марказий Осиёдан йўлга чиқишади. Аммо уларни асир олишади ва жанда-жундага ўраб, Голландиядаги концлагерга олиб кетишади. 1942 йили Амерсфорт яқинида ўлдирилган 101 ўзбекни кўрган одамлар бугун бармоқ билан санарли. Агар бир қизиқувчан голланд бўлмаганида, бу ўзбекларни дунё буткул унутиб юборарди.

Марказий Нидерландиянинг Амерсфорт шаҳри яқинидаги ўрмонда ҳар баҳор юзлаб голландлар тўпланишади.

Улар тонг саҳар ўрмонда 101та шам ёқишади. Бу шамлар нацистлар қўлида ўлим топган ва кейин ярим аср унутилган 101 совет аскарини рамзлантиради.

Улар ҳақида бундан 18 йил бурун маҳаллий журналист Ремко Рейдинг қизиқиб қолган.

Рейдинг бир неча йил Россияда ишлаб, она шаҳри Амерсфортга қайтгач, бир ўртоғи унга шаҳар яқинида Совет қабристони борлигини айтади.

"Жуда ҳайратланганман, чунки бу ҳақида олдин ҳеч эшитмаган эдим" - дейди Ремко Рейдинг - "Кейин қабристонга бордим ва у ерда кўмилган аскарлар ҳақида архивларни ўргана бошладим, гувоҳларни излашга тушдим".

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Концлагердаги ўзбекларни излаб - фильм трейлери.

Рейдинг айни қабристонда жами 865 нафар Совет аскари кўмилганини, аммо уларнинг аксарияти Голландиянинг бошқа жойларида ёки Германияда ҳалок бўлиб, жасадлари кейинчалик келтирилганини аниқлайди.

Маълум бўлишича, улар орасида фақат 101 аскарнинг тақдири бошқачароқ хотима топган.

Қабр тошларига "номаълум совет жангчиси" деб битилган бу 101 аскарнинг шахсияти ва исмлари аниқланмаган, аммо барчаси худди шу ерда, Амерсфортда ўлдирилган.

Бу аскарлар Германия Совет Иттифоқига бостириб кирган илк ойларда асир олинган ва кейин фашистлар назоратидаги Нидерландияга ташвиқот учун юборилган.

"Улар юз ва кўз тузилиши осиёлик аскарларни териб олиб, нацистларга қарши чиққан голландларга кўрсатмоқчи бўлишган" - дейди Ремко Рейдинг.

"Аскарларни untermenschen, яъни чала одамлар, деб аташган ва агар голландлар Совет фуқароларини кўришса, бирданига Германия тарафига ўтишади, дея умид қилганлар".

Фото муаллифлик ҳуқуқи National Archives of the Netherlands
Image caption Концлагерь раҳбари Карл Петер Берг 1949 йили маҳкама ҳукми билан отилган.

Амерсфорт концлагери иш бошлаган 1941 йил августидан эътиборан бу ерга кўплаб коммунистлар ва маҳаллий яҳудийлар келтирилган бўлган.

Бироқ бу ерда асосан голланд коммунистлари сақланган ва немислар 101 осиёлик аскарни айнан уларга кўрсатиб, ирқчилик кайфиятларини уйғотмоқчи бўлишган.

Бироқ нацистлар режаси ишламаган.

91 яшар Ҳенк Брукҳаузен ўта кам сонли гувоҳлардан бири. Совет аскарлари келтирилганида у ўспирин эди.

"Кўзимни юмсам, хотирамда уларнинг чеҳралари гавдаланади" - дейди Ҳенк Брукҳаузен.

"Жанда-жундага ўралган, аскарларга ҳам ўхшашмасди. Фақат юзлари кўринарди".

Image caption Ҳенк Брукҳаузен баъзан Ўзбек аскарлари қабрини зиёрат қилиб туришини айтади.

"Нацистлар асирларни темир йўл вокзалида поезддан тушириб, марказий кўча бўйлаб, концлагерга пиёда олиб ўтишганди. Улар жуссаси кичик ва озғин эди, оёқларида пойабзал ҳам йўқ, фақат эски пайтава ўралганди. Баъзилари ўта ҳолдан тойган, юра олмас, дўстлари суяб кетишарди".

Айрим асирлар кўчага чиққан голландларга қўллари билан "овқат беринг" дегандек ишора қилишган.

"Биз сув ва нон келтирдик" - эслайди Брукҳаузен - "Аммо нацистлар ҳаммасини қўлимиздан юлқиб олиб, отиб юборишди. Ёрдам бергани қўйишмади".

"Уларга кўмак кўрсатманг, улар душманларимиз!" - деб бақиришди.

Суҳбатдошим бу асирларни ҳеч қачон қайтиб кўрмаган ва уларга нима бўлганини ҳам узоқ вақт билмаган.

Аммо орадан ярим асрдан кўпроқ вақт ўтиб, Ремко Рейдинг айни асирлар ҳақида Голландия архивларидан ўргана бошлайди.

Айни жараёнда у бир нарсани аниқлаган: Совет асирлари асосан ўзбеклар бўлган. Концлагерь раҳбарияти ҳам бу борада деярли билмаган.

Фақат кейинроқ русча биладиган Эс-Эсчи зобит Эрнст Алшер келиб, уларни сўроқ қилгач, аскарларнинг кимлиги ва асли қаерлик экани аён бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи National Archives of the Netherlands
Image caption Таржимон Эрнст Алшер рус тилини Польшада ўрганган.

Аскарларнинг кўпчилиги Самарқанддан экан.

"Ораларида балки қозоқ, қирғиз ё бошқирд ҳам бўлгандир, бироқ аксарияти ўзбеклар эканлиги таъкидланади" - дейди архив ҳужжатларига таянган ҳолда Ремко Рейдинг.

Рейдинг концлагерда айнан ушбу 101 асрга нисбатан жуда шафқатсиз муносабат қилинганини ҳам аниқлайди.

"Илк уч кун уларни атайдан ташқарида, симтўр билан ўралган жойда оч-наҳор сақлашади" - дейди Рейдинг.

"Негаки немис тасвирчилари келиб, ташвиқот фильми олишни режалашган".

"Нацистлар "ёввойи чалаодамлар" қандай қилиб нон устида талашиб, уришишини тасвирга туширмоқчи бўлишади".

"Камераларни тўғрилаб, оч асирларга қарата нон улоқтиришади" - давом этади Рейдинг - "Бироқ шу ерда уларни ҳайратга солган воқеа рўй беради".

"Ўзбеклардан биттаси секин туради-да, нонни ердан олади. Кейин шошмасдан, қўлидаги қошиқ дастаси билан нонни тенг бўлакларга бўлади".

"Бу орада бошқа ўзбеклар ўринларидан қўзғалмай, сабр билан кутишади. Ҳеч ким на уришади, на талашади" - давом этади суҳбатдошим.

"Кейин ўзбеклар нон бўлакларини теппа-тенг баҳам кўрадилар. Хуллас, нацистларнинг режаси иш бермай, ҳафсаласи пир бўлади".

Image caption Ремко Рейдинг Амерсфорт қабристонида дафн этилган 865 аскардан 200 нафарининг қариндошларини топган. Аммо 101 ўзбек аскари ҳамон номаълум.

Аммо Ўзбек асирлари учун энг даҳшатли кунлар ҳали олдинда эди.

"Ўзбекларга бошқа асирларга нисбатан икки баравар кам овқат берилган. Мабодо бирон бошқа маҳбус уларга ёрдам қилса, жазо тариқасида бутун концлагерь оч қолдирилган" - дейди яқиндаги Гауда шаҳрида яшовчи тарихчи Баҳодир Узоқов.

У ҳам ҳозир Амерсфорт концлагерида сақланган ўзбекистонликлар борасида изланишлар олиб бормоқда.

"Ўзбек асирлари қолдиқлар ё пўчоқларни ейишса, уларни чўчқаларнинг овқатини еб қўйибсизлар, деб калтаклашган" - тасвирлайди суҳбатдошим.

Концлагерь қўриқчиларининг урушдан кейинги терговда берган кўрсатмалари ва бошқа асирларнинг хотиралари ҳозир Нидерландия архивида сақланади.

Бу ҳужжатлар асосида Ремко Рейдинг 2015 йили "Шон-шуҳрат майдони фарзанди" номли китоб чоп этган.

Айни китобда ҳам ўзбеклар мунтазам калтаклангани, совуқ ҳавода, оч ҳолатда тош, қум ва ғўла ташиш каби энг оғир ишларга маҳкум этилгани ёзилган.

У ўз тадқиқоти давомида ақл бовар қилмас воқеалар тасвирланган ҳужжатлар устидан чиқади.

Масалан, концлагернинг маҳаллий нацист шифокори Николас ван Ньювенҳаузен ўзбекларни даволаш ўрнига, доимо қийнайди.

Икки нафар ўзбек асири очлик ва қийноқдан нобуд бўлгач, бошқа асирларни уларнинг бошларини кесиб олишга мажбурлайди.

"Кейин ўзбекларнинг бошларини мия чаноғи суяги чиққунича қайнаттиради" - дейди Рейдинг.

Фото муаллифлик ҳуқуқи National Archives of the Netherlands
Image caption Николас ван Ньювенҳаузен 20 йилга ҳукм этилган, аммо 10 йилда озодликка чиқиб, умрининг қолганини Жанубий Африкада осуда ўтказган.

"Шифокор икки ўзбекнинг бош чаноғини илмий тажриба ниятида ўз иш столи устида сақлаган. Шу қадар ваҳшийлик!"- ғазабини яширолмайди Рейдинг.

Оч-наҳор ва ҳолдан тойган ўзбек асирлари концлагерда сичқонлар ва ўт-ўланларнинг илдизларини юлиб ейишга мажбур бўладилар.

Ўзбеклардан 24 киши 1941 йилнинг қаҳратон қишидан омон чиқмайди. Қолган 77 нафар нимжон ўзбек асири ишга ярамай қолади.

Хуллас, 1942 йилнинг 9 апрель тонггида нацистлар уларни уйғотиб, сизларни иқлими иссиқ Францияга жўнатамиз, дейишади.

Аслида эса концлагерь машинасида уларни яқиндаги ўрмонга олиб боришади.

Бу ерда ўзбекларни тўртта-тўрттадан отишади.

Кейин жасадларини бир кун олдин концлагерь қўриқчилари қазиб қўйган ўрада кўмишади. Устидан сўндирилмаган оҳак қуядилар.

Ремко Рейдинг қатл пайти машинада тутиб турилган ўзбекларни назорат қилган ҳайдовчи ва қўриқчилар - Кнабе, Тито ҳамда Янсзеннинг терговда берган кўрсатмаларини ҳам ўз китобига киритган.

"Илк ўқ овозлари янгради. Машинадаги ўзбеклар гап нимадалигини англашди. Айримлари пиқ-пиқ йиғлай бошлашди. Баъзи дўстлар эса қўлушлашиб, мағрур ҳолда ўлимга юзланишди.

Иккитаси қочишга интилди. Аммо орқаларидан қувлаб, отиб ташлашди".

Image caption Мана шу икки қаторда 101 нафар ўзбек ётибди. Уларнинг қабр тошларида рус тилида "номаълум совет аскари" деб битилган.

Рейдинг она юртидан беш минг чақирим узоқда, душман қўлида қолган ўзбекларнинг кечинмаларини тушунишга, уларни ўз ҳиссиётларига омухта этиб, қоғозга туширишга интилади:

"Ватан...!

У ерда муаззин азон чақиради, бозорда шамол замин билан ўйнашиб, осмонга чанг-тўзон кўтаради, кўчаларни эса зирали зирвак ҳиди тутган.

Ватан энди олисда қолди.

Бегона юртда сен ҳеч кимнинг тилини тушунмайсан, улар сенинг тилингни тушунишмайди.

Нега бу одамлар сенга ҳайвондан ҳам баттар муомала қилишаётгани эса қоронғу".

Бу ўзбекларнинг кимлигини аниқлаш учун зарурий маълумотлар жуда кам. 1945 йил таслим бўлиш олдидан нацистлар концлагер биносига ўт қўйишган.

101 ўзбекдан икки нафарининг чеҳраси аксланган ягона фотосурат сақланиб қолган, бироқ исмлари номаълум.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Archief Eemland
Image caption 101 нафар ўзбекнинг икки нафари. Исмлари номаълум. Аммо бу - асирлардан қолган ягона фотосурат.

Концлагерда сақланган голланд коммунисти, меъмор Геррит де Вилде қалам билан бир неча ўзбек асирининг аксларини чизган.

Жами тўққизта расм, аммо фақат иккитасида асирларнинг отлари битилган.

"Исмлар хато ёзилган, лекин ўзбекчага ўхшайди" - дейди Рейдинг.

"Биттаси Кадиру Ксатам, иккинчисида эса Муратов Зайер, деб ёзилган. Ҳойнаҳой, биттаси Ҳотам Қодиров, иккинчиси Зоир Муродов бўлса керак".

Фото муаллифлик ҳуқуқи Museum Flehite
Image caption Ҳотам Қодиров ва Зоир Муродов

Ўзбекча исмлар ва чеҳралар жиз этиб юрагимга тегади. Чатмақошлар, ҳокисор қарашлар ва овросиёча юзлар.

Булар менинг ватаним - Ўзбекистонда чиройли саналади.

Аксларда 20 ёшлар чамасидаги йигитлар тасвирланган.

Ким билади, уруш бошланганда оналари улар учун келин излаётган, оталари эса тўйларига атаб новвос боқаётган бўлгандир.

Ортларида қаллиқлари ёки ҳатто оилалари, фарзандлари қолгандир.

Шу сонияларда миямга ялт этиб бошқа бир фикр урилади.

Балки ораларида менинг ҳам қариндошларим бордир? Иккита тоға-бобом, рафиқамнинг бобоси урушдан қайтишмаган.

Баъзан уйдагилар улар Германияда немис аёлига уйланиб, Европада қолиб кетишган, дейишарди.

Энди билсам, бувиларимиз ўзларини овутиш учун ўйлаб топган ҳикоялар экан бари.

Ўзбекистондан 1.4 миллион киши Иккинчи Жаҳон Урушида иштирок этган. Уларнинг учдан бир қисми ҳеч қачон қайтмаган.

100 мингдан зиёд одам ҳамон дараксиз қолаётгани айтилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Museum Flehite
Image caption Ҳотам Қодиров (чапда) ва номаълум ўзбек аскарининг сурати.

Амерсфортда ўлдирилган 101 нафар ўзбек аскарининг нега шахси аниқланмай қолаётгани ва қариндошлари топилмагани сабаблари кўп.

Биринчидан, Иккинчи Жаҳон Уруши ортидан Совуқ Уруш бошланиб кетган. Бу даврда Ғарбий Европа ва СССР мафкуравий душманларга айланишганди.

Иккинчидан, Совет Иттифоқи қулаши ортидан Ўзбекистон ўзининг коммунистик тарихини унутишга интилди.

Фахрийлар буюк қаҳрамонлар саналмай қолди, Ғалаба Куни номи ўзгартирилди ва ҳатто уруш пайти турли миллатларга мансуб 14 нафар етимни асраб олган Шомаҳмудовлар оиласи шарафига ўрнатилган ёдгорлик ҳам Тошкент ташқарисига кўчирилди.

Хуллас, 75 йил олдин бедарак кетган аскарлар тақдири ҳукумат учун муҳим масала эмасди.

Тўғри, янги президент Шавкат Мирзиёев қудратга келиши билан энди муайян ўзгаришлар кузатилмоқда.

Бу йил 9 май дабдаба билан нишонланди, Шомаҳмудовлар ҳайкали Тошкент марказига қайтарилди ва ҳатто уруш фахрийлари исташса, давлат ҳисобидан бепул ҳажга боришлари ҳақида айтилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи National Archives of the Netherlands
Image caption Ўзбекларнинг жасадлари топилгач, аввал маҳаллий қабристонга, кейинроқ махсус Совет қабристонига кўчирилган.

Аммо Рейдинг Ўзбекистон архивларида ишлаш имкони пайдо бўлса, ўзбекларнинг шахсияти ва қариндошларини топиши мумкинлигини айтади.

"Немислар ўлмаган ва ёки ўлими СССРга номаълум бўлган асирлар ҳақидаги ҳужжатларни маҳаллий КГБларга жўнатишган" - дейди Рейдинг - "101 асирнинг ҳужжатлари эса Ўзбекистонда сақланаётган бўлиши керак".

"Агар менга имкон беришса, 101 нафар ўзбекнинг баъзиларини аниқлай оламан".

"Уларнинг фарзандларига ўз оталари, ука-сингилларига эса бедарак кетган бу акаларининг ҳикояларини айтиб беришни истайман. Улар бунга ҳақли".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ