Мирзиёев Хитойда '20 миллиард долларлик' шартномалар имзолайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Gov.uz

Президент Шавкат Мирзиёев Хитойга давлат ташрифини бошлаган.

Президент матбуот котиби Асад Ходжаевнинг журналистларга маълум қилишича, уч кунлик ташриф мобайнида умумий қиймати 20 миллиард АҚШ долларига тенг 100 га яқин шартномаларнинг имзоланиши кутилади.

Бу ўтган йил декабрида Ўзбекистон Президенти этиб сайланган Мирзиёевнинг Хитойга илк ташрифидир.

Бундан аввал у Туркманистон, Қозоғистон ва Россияга сафар қилган.

Пайшанба куни Мирзиёев ва рафиқаси Зироатхон Мирзиёеваларни Пекин халқаро аэропортида Хитой расмийлари кутиб олишган.

Бу Президент Мирзиёев рафиқасининг давлат раҳбарига хорижий сафарида илк бор ҳамроҳлик қилиши.

Ташрифнинг асосий музокаралари 12-13 май кунларига белгиланган.

Қолган кунлари Мирзиёев Хитой етакчилигидаги "Бир камар, бир йўл" халқаро форумида иштирок этади.

Хомашё базаси

Хитой Ўзбекистоннинг йирик ташқи сармоядори ва савдо шериги ҳисобланади.

Ўзбек расмийларига кўра, сўнгги йилларда Хитой Ўзбекистонга киритган сармоялар ҳажми 8 миллиард долларга етган.

Бунинг асосий қисми Ўзбекистоннинг нефт ва газ соҳасига киритилган.

Хитой Ўзбекистонни ўзининг суръат билан ўсиб бораётган иқтисоди учун муҳим хомашё манбаи сифатида кўради.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Юлий Юсуповнинг айтишича, бутун дунёда хомашё соҳасига сармоя киритаётган Хитой учун Ўзбекистон ҳам "истисно эмас".

"Хитой бизнинг бозоримиз очилиши ва хомашё соҳасига сармоя киритишдан манфааатдор", - деб айтган ўзбекистонлик иқтисодчи EurasiaNet нашри билан суҳбатда.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Хитой технологияларига кўз тиккан.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Хитойга газ экспорти ҳажмини оширган, аммо икки давлат ўртасидаги газ битими тафсилотлари очиқланмайди.

Рамзий ташриф

Президент Мирзиёевнинг Хитойга ташрифи 2005 йил майидаги Андижон воқеаларининг навбатдаги санасига тўғри келган.

Инсон ҳақлари ташкилотлари бундан 12 йил муқаддам Андижонда юзлаб намойишчиларнинг ўққа тутилишини 1989 йилда Пекиннинг Тянанмен майдонида юз берган қирғиндан кейинги "иккинчи йирик оммавий қатл" деб таърифлашган.

Пайшанба куни Бирлашган Миллатларнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн 2005 йил майидаги Андижон воқеалари қурбонларини унутмаслик ва бу воқеаларга холис баҳо беришга чақирган.

Ўзбекистонга илк бор сафар қилган БМТ Олий комиссари 10 май куни Президент Мирзиёев билан ўтган учрашув чоғида "муштарак жиҳатларни топишгани ва бир қатор аниқ қадамлар борасида келишувга эришганликлари"ни айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02