Бокс: Ўзбекистон Кубага қарши

Самарқанд Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бугун қадим Самарқандда "Uzbek Tigers" амалдаги чемпион - "Cuba Domadores" жамоасига қарши рингга кўтарилади.

Икки рақиб жамоа ўртасидаги Бутунжаҳон Бокс серияси (WSB) доирасидаги чорак финал босқичининг дастлабки учрашуви "Мўъжиза" амфитеатрида бўлиб ўтиши айтилмоқда.

Видеони YouTube каналимизда томоша қилинг.

Ўзбекистонни Самарқандда AIBA таснифида жаҳоннинг амалдаги энг кучли боксчиси, Рио Олимпиадаси олтин медали совриндори ва икки карра Осиё чемпиони Ҳасанбой Дўсматов дохил халқаро рингнинг "таъмини яхши татиган" беш нафар тажрибали боксчиси намоён этади.

Хабарларга кўра, Куба ҳам Ўзбекистонга ўзининг энг кучли ҳаваскор боксчиларидан иборат асосий таркибини юборган.

Уларнинг орасида ҳам Рио Олимпиадаси, жаҳон чемпионати ва Панамерика Ўйинлари ғолиби ва совриндорлари бор.

Аммо, таъкидлаш жоиз, Самарқанддаги жанг ҳаваскор бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 9 та олтин медали олиб, ўзига хос рекорд ўрнатган бу йилги Осиё чемпионатидан саноқли кунлар ўтиб бўлиб ўтади.

"Cuba Domadores" жамоасига қарши рингга тушажак беш ўзбекистонлик боксчидан тўрт нафари ана шу биринчилик ғолиблари ҳам саналишади.

'Бу - тарихий бир учрашув бўлади, десак ҳам адашмаймиз', - дейди терма жамоаси аъзоси, Рио Олимпиадаси совриндори, Осиё чемпиони Шаҳрам Гиясов.

'Боксчиларимиз жангга ниҳоятда тайёр. Жанглар жуда ҳам зўр бўлади. Томошабинларга ёқадиган жанглар бўлади. 'Негаки, у ерда кучсиз рақиб бўлмайди. Иккита жамоа ҳам жудаям кучли', - дейди Шаҳрам.

Ярим финалга йўлланма учун дастлабки чорак финал жангги қуйидаги жуфтликда кечади:

49 кг: Ҳасанбой Дўсматов - Хоанес Архилагос

56 кг: Муроджон Аҳмадалиев - Хавер Ибаньес

64 кг: Иқболжон Холдоров - Энди Круз

75 кг: Исроил Мадримов - Арлен Лопес

91 кг: Санжар Турсунов - Эрисланди Савонга қарши рингга тушади.

Бу ҳар икки рақиб жамоанинг Бутунжаҳон Бокс серияси (WSB) доирасидаги баҳсларда иккинчи бор бир-бирлари билан тўқнаш келишлари бўлади.

Икковлон бундан аввал ўтган йилги ярим финал беллашувларида илк бор куч синашишган.

"Uzbek Tigers" учун дебьют бўлган бу баҳсларда кубаликларнинг қўли баланд келган ва улар алал-оқибат йилни турнир ғолиби сифатида якунлашганди.

Аммо, энг сўнггида таъкидлаш жоиз, 2016 йилги Рио Ёзги Олимпиадасида ҳам бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси ўзига хос тарихий натижа қайд этган, ўйинларнинг 3 та олтини дохил жаъми 7 та медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида манаман, деган Кубани ҳам ортда қолдириб кетишганди.

Бу икки рақиб жамоа ўртасида жавоб чорак финал учрашуви эса, 20 май куни Кубанинг Гавана шаҳрида бўлиб ўтади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар