Ўзбекистонда газ билан юрувчи тракторлар ишлаб чиқарилади

Газ билан юрувчи тракторлар ўтган йили тақдим қилинган Фото муаллифлик ҳуқуқи newholland.com
Image caption Газ билан юрувчи тракторлар ўтган йили тақдим қилинган

Ўзбекистон келгуси йилдан бошлаб метан гази билан юрувчи тракторлар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи. Шу вақтгача Ўзбекистонда кўплаб енгил автомобиллар, автобус ва юк машиналари нисбатан арзон ёнилғи бўлмиш метан газига мослаштирилган эди. Энди ушбу тажриба қишлоқ хўжалиги воситаси бўлмиш тракторларда ҳам кенг қўлланиладиган кўринади.

Бу ҳақда podrobno.uz нашри "Ўзагротехсаноатхолдинг" акциядорлик жамияти раиси Нодир Отажановга таяниб хабар бермоқда. Тракторларни Case New Holland ширкати ишлаб чиқариши айтилмоқда.

"Давлат раҳбарининг топшириғи билан дунёда газли двигателлар ишлаб чиқаришда етакчи бўлган Case New Holland иштирокида лойиҳа амалга оширилмоқда. Ушбу тракторларнинг Италияда дала шароитида ишлатиш жараёнини биз ҳам кузатдик", - деган у.

Сиқилган газ ёки метан Ўзбекистонда юк машиналари ва автобусларда ишлатилиб бошланганига анча бўлди. Бу каби ёнилғи турини ишлатишда ягона муаммо ёнилғи баки сиғими эканлиги айтилади. Яъни машинани ҳаракатлантириш учун бензиндан фарқли равишда катта ҳажмда ва оғир газ баллонлар талаб қилинади.

Нодир Отажоновнинг айтишича, Case New Holland ширкати ушбу муаммога ўзига хос ечим топган. Газ баллонлари трактордан ажралиб кўриниб турмайди ва у синов вақтида яхши самара кўрсатган.

"Менимяа бу каби тракторлар Ўзбекистонда яхши қабул қилинади. Газ билан юрувчи техникаларни янаги йилдан бозорга олиб чиқишимиз мумкин. Биз 80 дан 110 от кучигача эга тракторларни газга ўтказишга жиддий киришганмиз", - деган холдинг раҳбари.

Айни дамда Ўзбекистонда 40 минг трактор ишлатилаётгани айтилади. Заводда ўрнатилган газ баллонлар билан юрувчи тракторлар шу вақтгача йўқ.

Case New Holland нинг газ билан юрувчи тракторлари ўтган йили намойиш қилинган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар