Ўзбекистонда газ таъминоти хусусий ширкатларга ўтади

Маҳаллий журналистлар газ муаммоси ҳақида тез-тез ёзиб туришади Фото муаллифлик ҳуқуқи rtoshpulat.blogspot.co.uk
Image caption Маҳаллий журналистлар газ муаммоси ҳақида тез-тез ёзиб туришади

Ўзбекистонда аҳолини табиий ва сиқилган газ билан таъминлаш ишлари хусусий операторлар қўлига ўтади. Ушбу лойиҳа тажриба тариқасида июн ойида 14 туманда синаб кўрила бошланади. Бу борада 20 апрель куни Президент қарори чиққан.

"Газ таъминоти тизимига бозор механизмларини киритиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорда айтилишича, июн ойидан бошлаб хусусий опреторларга танлов асосида маълум туманларни газ билан таъминлаш ваколати берилади.

Натижада хусусий ширкатлар газ тақсимоти тармоқлари ва табиий газ сотиш вазифаларини бажаради. Шу вақтгача бу иш билан давлат ташкилотлари шуғулланиб келган.

Тажриба сифатида Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва 12 вилоятдан биттадан 14 туман танлаб олинган.

Газ таъминоти билан шуғулланишни истовчи хусусий операторлар ишчилари сонидан қатъий назар ягона солиқ тўловини тўлаши шарт. Табиий ва сиқилган газ сотишдан келган пуллар тўғридан тўғри "Ўзтрансгаз" ширкати ҳисоб рақамига тушади. Хусусий операторлар фақат газ сотиш билан шуғулланади ва уларда газни ишлатиш ҳуқуқи бўлмайди.

1 июндан бошлаб қарздорлик сабаб газ тармоғидан узиб қўйилган мижозлар уни қайта улатиш учун энг кам иш ҳаққининг 2 баробари (қарийб 300 минг сўм) миқдорида жарима тўлашига тўғри келади.

1 октябрдан бошлаб эса, газ ҳисоблагичи бўлмаган истеъмолчи табиий газ учун икки карра қиммат нархда пул тўлайди.

Ўзбекистонда газ таъминоти сўнгги йилларда катта муаммога айланган.

Қарздорликка барҳам бериладими?

Ўзбек мулозимлари аҳолига газ ва электр етиб бормаслиги муаммосини қарздорлик билан изоҳлаб келишади.

Биргина Самарқанд вилоятида 1 январгача аҳолининг газдан қарздорлиги 601 миллиард сўмга (Марказий Банк курси бўйича 176 ярим миллион доллар) етгани айтилади.

Мутасаддилар қарздорликка барҳам бериш учун йиллар давомида турли услубларни қўллаб курашиб келади.

Бунга жавобгар шахслар ишдан олиниб, турли муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

Кўплаб пул йиғувчиларнинг жавобгарликка тортилиши ортидан бу соҳада кадрлар етишмаслиги муаммоси пайдо бўлганлиги айтилади.

Газ ва электр ўлчовини аниқлаш учун замонавий ҳисоблагичлар ўрнатилган ва улар маълум муддатда текширишдан ўтказилиб турилади.

Лекин ушбу чора-тадбирлар ва жавобгарликка тортишларга қарамасдан қарздорлик борасида муаммо ечимини топмасдан келмоқда.

Кузатувчилар газ ва электрдан аҳолининг катта миқдорда қарздорлигини камбағаллик, коррупция ва монополияга боғлашади.

Ижтимоий тармоқларда газ ва электр тақчиллиги муаммоси мунтазам равишда қайта-қайта муҳокама мавзусига айланган.

Ёзаётганларнинг айтишича, компанияларнинг аҳолидан пулни ололмаслиги касрига пулни ўз вақтида тўлайдиган қатлам ҳам қолаяпти. Пул йиғувчилар эса бойишда давом этмоқда.

"Свет ва газни пулини йиғишни хусусий қўлга бериш керак. Ана, тўғримдаги домда газчи: шишиб кетганидан 4-мошинаси - Ласеттига сиғмаяпти уже. Кимдир нуқта қўйиши керак".

Фикр билдирувчиларга кўра, давлат қарздорларнинг қарзидан тўлиқ кечиши ва бундан кейинги пул йиғишларни хусусий қўлларга топшириши вазиятни ўзгартириши мумкин.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ