Ўзбек ИИБсининг қонунбузарлар "рейтинги"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Guvd.uz
Image caption Ички ишлар бош бошқармаси сайтидаги мақола норасмий, ҳазиломуз русумда битилган.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ўзининг guvd.uz сайтида ўтган бир ҳафта давомида пойтахтда йўл ҳаракати қоидаларини бузган машиналар рейтингини эълон қилди.

Пойтахт учун нисбатан янги бўлган назорат камераларига тушиб қолган машиналарнинг илк бешталигига Тошкентдаги корхоналарга тегишли тўртта машина ва пойтахт ҳокимиятининг битта машинаси кирди.

Ички ишлар бош бошқармаси сайтидаги мақола норасмий, ҳазиломуз русумда битилган.

"Рейтинг"да пойтахтимизнинг Чилонзор туманида жойлашган «Gold Air Travel» масъулияти чекланган жамиятига қарашли « Малибу» русумли, давлат рақам белгиси 01 216 WDA бўлган транспорт воситаси ҳайдовчиси «ҒОЛИБ» деб топилди. У ўз бошқарувидаги автомашинада кўп эмас, оз эмас - жами 17 маротаба йўл ҳаракати қоидаларини бузишга «жазм» этди", - деб ёзади ИИБ.

"Табиийки, қоидабузарликлар учун жарималар миқдори ҳам «салмоқли» бўлди - 8 миллион 87 минг 850 сўм!" - дея қўшимча қилади бошқарма.

Иккинчи ўринни Юнусобод туманидаги «Bilol Myagkaya krovlya» корхонасига тегишли «Ласетти» русумли машина эгаллаган. Унинг қоидабузарлиги 13 марта назорат камераларига тушган.

"Манзилга жудаям ошиққан, шекилли, 11 марта тезликни белгиланган меъёрдан оширган, 2 марта светофорнинг тақиқловчи ишорасига бўйсунишни «хоҳламаган». Умумий жарима миқдори эса 2 миллион 845 минг 725 сўмни ташкил этган", - деб ёзади ИИБ.

"Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Маъмурий бинолардан фойдаланиш дирекциясига тегишли «Эпика» русумли автоулов ҳайдовчисига ҳам совринли ўрин «насиб» этди," - дейди бошқарма.

Ҳокимият машинасига, ўз навбатида 2,845,725 сўм жарима солинган.

Тўртинчи ўринда - «Orange taxi» масъулияти чекланган жамиятига қарашли «Нексия», бешинчи ўринда эса Сергели туманида жойлашган масъулияти чекланган жамият шаклидаги «Global Building Machinery» корхонасининг «Малибу» русумли машинаси.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар